Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Жорий йилнинг 13 феврал куни Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари эллигинчи сессияси бўлиб ўтди. Уни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Қ. Турсунов олиб борди.
Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Э. Баситханова қатнашди.
Депутатлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳолати, унинг сифат ва самарадорлигини ошириш бўйича истиқболдаги вазифалар тўғрисида, жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлар томонидан 2018 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси ҳамда 2019 йил май ойида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисидаги ва бошқа масалаларни муҳокама қилдилар.
Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан республика ишчи гуруҳи раҳбари Э. Баситханованинг ахбороти тингланди. Гуруҳ томонидан вилоятда тизимда олиб борилаётган ишлар ўрганилганда давлатимиз раҳбари, ҳукуматимизнинг бирламчи тиббий-санитария, шошилинч ва тез ҳамда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни янада такомиллаштиришга қаратилган қарорлари ижроси бўйича ўтган йилда қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Жумладан, 17 та объектда 49,7 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Эндокринология диспансери қошида 75 қатновли поликлиника, 85 ўринли даволаш ва ёрдамчи хўжалик бинолари, шунингдек, Хатирчи туманида 40 ўринли юқумли касалликлар бўлими янгидан қурилиб, фаолият кўрсатмоқда. Хатирчи тумани тиббиёт бирлашмасининг 80 ўринли терапия бўлими реконструкция қилинди. Кармана тумани тиббиёт бирлашмасининг 25 ўринли шошилинч тиббий ёрдам, 30 ўринли жарроҳлик ҳамда травматология бўлимлари янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Навоий шаҳрида 250 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника, Кармана ва Навбаҳор туманларида 100 қатновли замонавий қишлоқ оилавий поликлиникалари қурилиб, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда. Конимех ва Нурота туманларида 2 та қишлоқ оилавий поликлиникасида реконструкция, Томди туманида 2 та, Конимех ва Учқудуқ туманларида биттадан қишлоқ врачлик пункти мукаммал таъмирловдан чиқарилди. 2018 йилда «Обод қишлоқ» давлат дастури асосида 12 та муассасада 10,9 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Даволаш-профилактика муассасалари 6,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Шунингдек, 2013 2017 йиллар давомида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази Германия КФВ банки томонидан 794 минг евро, вилоят онкология диспансери Ислом тараққиёт банки томонидан 350 минг доллар, вилоят перинатал маркази Хитой гранти асосида 108 минг доллар миқдоридаги шундай ускуналар билан таъминланди.

Шу билан бирга, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш ва самарадорлигини ошириш борасида ҳали қатор ишларни бажариш зарур. Бундан ташқари, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг кадрлар таъминотини яхшилаш, санитария-епидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва овқатланиш маданиятини тарғиб қилишни жадаллаштириш лозим.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ф.Ғаффоров ҳамда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари тизимда амалга оширилаётган ишлар ва режалар хусусида ҳисобот беришди. Шундан сўнг Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш борасида фикр билдирди. Жумладан, кўп йиллик тажрибага эга малакали, пенциядаги ходимларнинг билими ва тажрибасидан фойдаланиш, уларнинг ўз уйида, атрофидаги муҳтож аҳолига биринчи тиббий ёрдам кўрсатишини йўлга қўйиш мақсадида зарур тиббий ускуналар билан таъминлашни, шаффофликка эришиш учун шифохоналарда мавжуд дори-дармонлар рўйхати билан беморларни яқиндан таништириш йўлларини таклиф қилди. Буни, намуна сифатида, Хатирчи туманида татбиқ этиш таклиф қилинди. Бундай имконият ҳар бир муассасада мавжуд, фақат ҳар бир ходимдан интилиш, фидойилик талаб этилади, холос. Шунингдек, Спикер замон талабидан келиб чиқиб, айрим тиббий асбобларни синовдан ўтказиш муддатларини қайта кўриб чиқиш хусусида ҳам сўз юритди, чунки бу борадаги ҳужжатлар айримлари фақат идоравий манфаатлар кўзланиб ишлаб чиқилгани бугун аён бўлаётгани ҳақида тўхталди.
Асосий кўрсаткичлар ибратли бўлсада, айрим ижтимоий касалликлар сонининг ортгани соҳада имкониятлардан янада самарали фойдаланишга ундамоқда. Бунинг учун соҳа ходимлари билан бирга, депутатлар ҳам фаол бўлишлари лозимлиги таъкидланди.
Юқоридаги масалалар, шунингдек, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда тиббий хизматлар сифатини ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқиш, аҳоли, биринчи навбатда фертил ёшидаги аёллар, ҳомиладор аёллар, болалар, ўзгалар ёрдами ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз кексалар, ногиронлар, сурункали касалликларга чалинган беморлар орасида патронаж ишларини янада кучайтириш, соғлом авлодни тарбиялашга, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга, туғма патология ва ирсий касалликларни камайтиришга йўналтирилган профилактика тадбирларини ташкил этиш, профилактика эмлашларини ўтказиш йўли билан инфекцияларни бартараф этиш, юқумли бўлмаган касалликларга чалиниш хавфининг омилларини барвақт аниқлаш механизмларини жорий этиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини кучайтириш, малакали кадрлар ва зарур дори-дармон билан таъминланиш даражасини яхшилаш юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди ҳамда чора-тадбирлар режаси қабул қилинди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала юзасидан вилоят жиноят, фуқаролик ишлари бўйича судлари, иқтисодий ҳамда маъмурий судлар раисларининг ҳисоботи тингланди. Сир эмас, мазкур соҳада ҳам баъзи масалалар, вазиятлар учраб турадики, оқибатда оддий ҳолатларда ҳам аҳоли ўз муаммосини ҳал этолмай, судма-суд, идорама-идора сарсон бўлаётган ҳолатлар учрамоқда. Сессиядан бундай камчиликларни бартараф этиш бўйича юқори қонунчилик органларига таклифлар киритиш, шу билан бирга судяларни раҳбар судялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия бериш борасида олиб борилаётган ишларни янада жонлантириш, суд қарорларининг ўз вақтида ижро этилишини қатъий назоратга олиш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш борасидаги вазифалар хусусида сўз юритилди. Шунингдек, жойларда мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида «Менинг маҳаллам — менинг судям» ғояси асосида тасдиқланган чора-тадбирлар режалари ҳамда дастурларга асосан ҳар бир судя аҳоли билан ҳар ойда учрашувлар, очиқ мулоқотлар ва сайёр қабулларни янада кўпроқ ташкил этишини таъминлаш, ҳуқуқбузарликка оид ишларни маҳалла, корхона ва ташкилотларда сайёр суд мажлисларида кўриш кўламини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси ҳамда 2019 йил май ойида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши бошқаруви раиси Н.Исоқов ахборот берди.
Маълумки, ушбу фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунчилик ҳужжатларига қатор ўзгартиришлар киритилди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида, шунингдек, вилоят, туман ва шаҳарлар марказларида «Маҳалла маркази» мажмуалари биноларини қуриш ва зарур мебел жамланмаси, компютер техникаси билан таъминлаш, алоқа воситалари ва интернет тармоғига улаш, ижара асосида фаолият кўрсатаётган фуқаролар йиғинларини ўрганиш ҳамда уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароит яратиш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди. Айни пайтда, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатиш учун вилоят, туман ва шаҳарлар ҳудудида комиссиялар, ишчи гуруҳлари тузиш, уларга яқиндан кўмаклашиш бўйича раҳбар ходим ва масъуллар зиммасига тегишли вазифалар юкланди. Номзодларни танлаш ва жорий йилнинг май ойида ўтадиган ушбу сайловни ўрнатилган тартибда, очиқ, ҳаққоний, шаффоф бўлишини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.
Сессияда биргаликдаги шаффоф, ҳалол ва изчил фаолият барча соҳаларда муваффақиятга эришишнинг асосий омили эканига алоҳида урғу берилди ҳамда муҳокама қилинган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Олим ЖАЛИЛОВ,
«Дўстлик байроғи» мухбири.

Кўрилганлар сони: 4246