Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Чўлни кезиб, йўл тополмай, толиқасиз. Кутилмаганда рўпарангиздан ўтов ва туялар чиқса, бунинг ҳайрати ва қувончи ўзгача эканини сезасиз. Инфо-тур иштирокчилари ҳам Синтоб қишлоғидан ортга қайтиб, Қизилқум саҳроси ўртасида жойлашган Конимех туманидаги йўлдан кетаётиб, ана шундай манзарага гувоҳ бўлдилар.
 
Гуруҳимиз билан транспорт воситасидан тушар эканмиз, чўл бағридаги ранг-баранг ўтовларни кўриб, чарчоқдан мудраган кўзларимиз чақнади. Ботаётган қуёшнинг сўнгги нурлари акс этган бу макон сеҳрли бир кўринишда бўлиб, ҳаяжони кучлилар “вой, туялар, бунча кўп ўтов” дея ҳайратини намоён ҳам этишга улгурди.
 
Ҳар биримиз атрофга разм солиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб изладик. Атроф билан бирма-бир танишдик.
 
Келган манзилимиз “Қизилқум сафари” сайёҳлик фирмасига тегишли бўлиб, ажратилган уч гектар ҳудудда 22 дона ўтов ўрнатилган экан. Уларнинг ҳар бири замонавий кондиционерлар билан таъминланган бўлиб, тўрт кишига мўлжалланган. Бухородан 270, Самарқанддан 380 километр масофада жойлашган бу манзилдаги қора уйларни безашда миллийликка алоҳида урғу берилган. 100 киши сиғадиган ёзги айвон, совуқ ва ёмғирли кунлар учун алоҳида қишки жой тайёрланган. Тоза сув 8 километр узоқда жойлашган қудуқдан тортиб келинган. Сув нисбатан шўр бўлгани учун таомларда ишлатилмайди. Овқатланиш шахобчасида фойдаланиш учун шаҳардан қадоқланган идишларда сув олиб келинар экан. 80 километрдан кейин Қозоғистон ҳудуди бошланар экан. Аҳоли яшайдиган энг яқин манзил эса 4 километр узоқда жойлашган бўлиб, Дўнгалак қишлоғи деб аталади.
 
–2003 йилда сайёҳлик маскани очилганда учта ўтов бор эди, икки йил электрсиз ўтирдик, туяларни узоқ изладик, иккита бўлса-да сайёҳ келармикан деб кутиб ўтирганмиз, –дейди “Қизилқум сафари” сайёҳлик фирмаси раҳбари Воҳид Пирматов. – Йилдан йилга сайёҳларга берилган имтиёз туфайли, шароитимиз яхшиланиб, қатор қулайликлар яратилди. Энди юзлаб меҳмонларни кутиб олмоқдамиз. Наврўздан бошлаб, ноябрнинг совуқ кунларига қадар меҳмонлар келиб туради. Уларга маҳаллий аҳоли яъни қозоқ овулларининг миллий таоми бешбармоқ, ўзбек миллий таомларидан ош жуда ёқади. Келгусида хорижлик меҳмонларни янада кўпроқ шу ерда ушлаб туриш учун кийгиз яъни чўл аҳолиси чорва жунидан тайёрлайдиган гиламлар яратилиши билан боғлиқ маҳорат дарслари ташкил қилмоқчимиз. Ҳозирда 12 туямиз сайёҳларга хизмат қилмоқда.
 
Ҳа, барча қулайликларга эга, сеҳрли манзилда гулхан атрофида дўстлар жамланиб ўтиришига нима етсин. Балки шу боис Навоий вилоятида сайёҳларга ўтовларда қолиш, фольклор мусиқадан баҳраманд бўлиш ва саҳрода юлдузли осмонни томоша қилиш имконияти тақдим этилар.
Ёнимизда дўмбира чертиб, қозоқ термаларидан ижро этаётган бахшининг қўшиқларини тинглаб, ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдик.
 
– 4-синфдан буён қўшиқ айтаман, устозим отам, – дейди Жумақул Мусаев.– Сайёҳларга қозоқ халқига хос бўлган миллий ўланларни куйлаб бераман. Роса қизиқиб эшитади. Дискини сўрайди. Ҳозирда ҳудудга хос ўланлардан 50дан ортиғини биламан. Ўзим шу атрофдаги Дўнгалак қишлоғида яшайман. Қишлоғимизда келинсаломлар ўланчилар иштирокисиз ўтмайди.
 
Гулхан атрофида ўтирган сайёҳлардан бири ўзини Жаноб Матеас деб таништирди. Турмуш ўртоғи билан Германиядан келган экан. У туя мингани ҳақида мароқ билан сўзлаб, Ўзбекистон ҳақидаги таассуротларини биз билан баҳам кўрди.
 
–Очиқ осмон остидаги ўтовда дам олиш, бунинг устига гулхан атрофида исиниб ўтириш – айнан мен орзу қилган юмушдан бири, –дейди хорижлик меҳмон. – Ҳозиргача, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Чимён тоғларига бордим. Кейин Қорақалпоғистон Республикасига бориб, 1960 йилларда катта порт бўлган, ҳозирда чўлга айланган Орол соҳилларини кўрдим. Хива ва Бухорода бўлдим. Ана шундай ҳайратлар билан 14 кун ўтиб кетибди. Навоий вилоятига келиб, Сармишсойдаги бронза асрига оид расмларни кўрдим. Табиати ҳам мафтункор. Ҳозир айтилган ўланни телефонимга ёзиб олдим. Ҳамкасбларимга эшиттириш учун. Эртага Қашқадарёга жўнаб кетмоқчимиз.
 
Албатта, барча турдаги сайёҳлар Ўзбекистонни бирдек севиб қолади дейиш нотўғри бўлар. Бироқ, кўпни кўрган киши учун Навоийда ҳам кўплаб қизиқарли масканлар мавжудлигига гувоҳ бўлдик.
Кўрилганлар сони: 3455