Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Қизилқум саҳросининг қоқ марказида жойлашган мўъжиза шаҳар — Зарафшонинг барпо этилганига эллик йилга яқинлашиб қолган бўлса-да, шаҳар атрофидаги Букантов, Уру дараларида аниқланган петроглифлар бу ҳудудда эрамиздан аввалги мингйилликларда ҳам одамлар яшаганини исботлайди. Қирбукан қудуғи ёнидаги қоятошга чизилган одам-қуш сурати дунёнинг бор-йўғи саноқли бурчида учраши ҳам жаҳон олимларида катта қизиқиш уйғотиб келаяпти.

50 йил. Айни пайтда қарийб 75 минг нафар аҳолисига эга 2,5 минг гектар майдонни эгаллаган шаҳар ўрнидаги тап-тақир ерни бир та­сав­вур қилиб кўринг. "Мурунтау" ко­­нининг кашф қилинишидан бош­лан­ган бунёдкорлик ишларининг кўламини бундан бошқача изоҳлаб бўлмаса керак. Бу, албатта, яйдоқ ернинг шаҳар кўринишини олиб, ҳудуднинг айни пайтга қадар бо­сиб ўтган тараққиёт йўлида меҳ­нати сингган минг-минглаб киши­ларнинг хизматини ҳам ифодалаб беради. Бугунги кунда Зарафшон саноат минтақаси сифатида мам­лакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Истиқлол йилларида ушбу ҳудуд инфратузилмасини яхшилашда ҳам, саноат корхона­ларини модернизация қилишда ҳам улкан ишлар амалга оширилди. Натижада эса НКМК Марказий кон бошқармаси тасарруфидаги бар­ча корхоналарнинг ишлаб чиқа­риш қувватлари ошди, меҳнат унумдорлиги ях­ши­­лан­ди.

Ушбу давр ичида 2-гид­рометаллургия заводининг асосий блоклари қайта ре­конс­трукция қилинди ва янги технологиялар билан таъмин­ланди. Айниқса, истиқлол йил­лари­да Қизилқум фос­форит ком­плексининг ишга туширили­ши кончиликда қўл­га кири­тил­­ган катта муваффа­қият бўлди. Эндиликда ҳар йили бу ерда бир миллион тон­надан зиёд фосфорит рудаси қазиб олин­моқда.

Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётимизнинг муҳим таянчига айланиб бораяпти. Зарафшонда сўнг­ги йилларда амалга оширилган ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, "Шаҳзод Зарафшон" хусусий корхонаси томонидан лойиҳа қиймати 150 миллион сўмлик, бир йилда икки юз тонна гўштни қайта ишловчи корхона фаолияти ишга туширилди. Катта қувватлардаги цехларни ишга туширган "Омад бизнес Зарафшон", "Зарафшон овози" МЧЖлари хусусида ҳам ана шундай фикрларни айтишимиз мумкин. Шаҳар аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотига бўлган талабини қондириш, ички бозорни арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш мақсадида паррандачилик корхоналари ва иссиқхоналар барпо этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. "Форум Зарафшон", "Саноат Зарафшон", "Шохруз Алмаз" ва "Шкода Транс Зарафшон" МЧЖлари томонидан бешта иссиқхона қурилиб, фойдаланишга топширилиши натижасида қиш фаслида ҳам аҳолини резавор сабзавотлар билан таъминлаш имконияти яратилди.

Жорий ярим йиллик иқтисодий юксалиш якунларида бу корхоналарда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми тўла акс этган. Хусусан, бу даврда 25 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари, 20,9 миллиард сўм­лик истеъмол то­варлари, 3,4 миллиард сўм­лик қишлоқ хў­жа­лиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Агар тармоқлар бўйича қа­рай­диган бўлсак, барча тоифадаги хўжаликларда тирик вазнда 425 тонна гўшт, 986 тонна сут, 1,580 минг дона тухум етиштирилди. Бундан таш­қари, аҳолига кўрсатилаётган пуллик хизматлар ҳажмининг ҳам ошиб бораётганини кўришимиз мумкин. Бу кўрсаткич 6 ой давомида 27,6 миллиард сўм­ни ташкил қилди.

Ўтган давр мобайнида шаҳарда ободонлаштириш борасида ҳам катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Хусусан, шаҳарда ўтган йилларда 10 гек­тардан зиёд янги боғларга асос солинди. Бунинг натижасида шаҳар яшил либосга бурканди. 

Биз мустақиллигимизнинг 23 йиллик тантаналари арафасида қўлга киритган ютуқларимизни фахр билан тилга оларканмиз, куни кеча мат­­буотда эълон қилинган Президентимизнинг фармонига биноан  Зарафшон саноат касб-ҳунар коллежининг ишлаб чиқариш таълими устаси Эркинжон Давлатов ҳам бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида "Шуҳрат" медали билан тақдирланганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.Қолаверса, бундай ютуқлар қаторида зарафшонлик ёшларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Зулфия но­мидаги давлат мукофоти соҳиби Моҳинур Қаҳрамонова, спортчиларимиз — Fафур Актамов, Анастасия Якуниналар ана шундай истеъдодли ёшларимизнинг ёрқин вакилларидир. Бу ютуқларимиз ёшларимизнинг порлоқ келажаги учун амалга оширилаётган ишларнинг самараси, десак муболаға бўл­майди.

"Соғ­лом бола йили"да бу борадаги ишлар янада кенг кўламда олиб борилаяпти. Шаҳримизда ушбу номдаги дастур доирасида 9,3 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оши­­ри­лиши белгиланган бў­либ, 4 миллиард сўмлик "Аквапарк" қурилиши бу борадаги тадбирларнинг энг йиригидир. Ҳо­зир­да бу ерда юзлаб қурувчилар томонидан жадал суръ­ат­ларда қурилиш ишлари амал­га оширилаяпти.

Мўъжизалар — ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. У кўпчиликнинг меҳнати, ақл-заковати эвазига яратилади. Истиқлол йилларида биз қўлга киритган улкан ютуқ — халқимиз бахти, эркинлик, шубҳасиз, ана шундай ишларнинг  энг юксагидир. Ҳа, бизга бебаҳо туҳфаларни ҳадя этган 23 йиллик тараққиёт йўлимиздан ортга боқиб, улкан муваффақиятларимиз билан қувонар эканмиз, кейинги ривожланиш одимларимизда бу куч-ғайрат бағишлайди.

Кўрилганлар сони: 7532