Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Сайлов ва ёшлар

24.11.2014 10:26:25


Шу кунларда республикамизнинг турли ҳудудларида, ҳаттоки чекка туман ва қишлоқларда ўт­казилаётган тадбирларда, ёшлар вакилларининг оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларида шу жиҳат кўринмоқдаки, ёш авлод сайловларни кутмоқда ва унга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Бу бежиз эмас. Биринчидан, ёшлар сайловларда иштирок этиш орқали давлат ва жамият бошқарувида бевосита қатнашадилар, бошқача қилиб айтганда, давлат ва жамият билан мулоқотга киришадилар. Сайловлар ёшларнинг юрт тақдирига дахлдор эканлигини англашига, масъулиятни ҳис қиладиган мустақил шахс сифатида шаклланишига ёрдам беради. 
Бу йил илк марта сайловда қатнашадиган миллионлаб ёш замондошларимиз ҳам мустақил қарор қабул қилиб, Ватанимизнинг эртанги тараққиёти учун овоз берадилар. 
Иккинчидан, сайловлар воситасида ёшларнинг хоҳиш-иродаси, ижтимоий кайфияти на­моён бўлади. Овоз бериш бюллетенига белги қўйиш орқали ёшлар ўз эҳтиёжлари ва манфаатларини давлатга, жамиятга билдирадилар ҳамда амалдаги ҳукумат танлаган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар курсига ўз муносабатини намоён этадилар. Бу давлат ва жамиятнинг эртанги тараққиёти учун жуда муҳим.
Учинчидан, сайловларда ёшларнинг фаол иштирок этиши ва муайян сиёсий кучларни астойдил қўллаб-қувватлашлари орқали уларнинг манфаатларини парламент ва ҳукумат даражасига олиб чиқиш имкониятлари янада кенгаяди. 
Хорижий тажрибадан маълумки, сайловлар якунида ҳокимиятга келган ҳар бир сиёсий куч ўз фаолиятида уни фаол қўллаб-қувватлаган ижтимоий гуруҳнинг манфаатлари ва иродасини рўёбга чиқаришга интилади. 
Шундай экан, ёшлар сайловда бирон-бир сиёсий партия номзодларини фаол қўллаб-қувватлаш билан ўз манфаатларини рўёбга чиқариш ва юқори бошқарув органларида илгари суриш учун интиладилар. Аксинча, сайловларда ёшларнинг фаолсизлиги ва бефарқлиги оқибатида уларнинг манфаатлари ва муаммолари ўзлари билан бирга, тор доирада қолиб кетаверади. 
Тўртинчидан, ёш сайловчилар сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари учун янги ғоялар ва ташаббуслар манбаи ҳисобланади. Ҳар бир йигит-қиз – бу аввало, янги ғоя. Чунки ёшлар жамиятга янги ва илғор ғояларни та­шувчи ижтимоий гуруҳдир. Партиялар ва номзодлар сайловолди ташвиқоти даврида ёшлар билан яқин мулоқот ўрнатиш, уларнинг ишончини қозониш орқали ўз ғояларининг ҳаётбахш ва яшовчан эканлигини аниқлаш ҳамда ўз мафкуравий позициясини янги ғоялар ҳисобига мус­таҳкамлаш имкониятига эга бўладилар. 
Бугуннинг ёшлари фаол, зийрак ва интилувчан. Уларнинг мамлакатимиздаги ҳар бир сиёсий партияга ўз баҳоси бор. Ёшларимизни шунчаки бирон бир партиявий ғояга ишонтириш ва ўз ортидан эргаштириш осон кечмайди. Бунинг учун сиёсий партиялар ёшлар орасига чуқурроқ кириб боришлари, уларнинг манфаатларини англаб ва ўз номзодлари воситасида сайловолди ташвиқоти даврида ишонарли тарзда илгари суришлари зарур. Шундагина улар сайловларда ҳал қилувчи куч бўлган ёш сайловчиларнинг овозини қўлга кирита оладилар.

Кўрилганлар сони: 8184