Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Бундан анча йиллар олдин пойтахтлик бир танишим мени Навоий вилоятидан эканлигимни билиб, “сиз ўша томонда қандай яшайсиз” дея ачиниш билан қараган эди. Кейин суҳбат жараёнида билдимки, унинг якка ёлғиз ўғли йигитлик бурчини Учқудуқ туманидаги ҳарбий қисмда ўтаётганида бу ерларга ташриф буюрган экан. Умр бўйи пойтахтдан бошқа ерни кўрмаган онани Навоий шаҳридан чиқибоқ қарийб, 300 км.ли йўлни Қизилқум чўлларидан босиб, ўғли билан бийдай даштнинг қоқ ўртасидаги бир бино олдида кўришганидаги ҳолатини мен ўшанда тассаввур қилмаганман.
Ҳар гал бир икки кунини эмас балки йилларини ҳарбий қисмда ўтказаётган Рўзигулни кўрганимда доимо ўша аёлнинг саволи ёдимга тушаверади. Чунки мендан фарқли ўлароқ Рўзигул ватан ҳимояси учун бу чўлларда тунларини бедор ўтказади. Қишнинг қаҳратонида кўзларидан оққан ёшни совуқ музлатиб қўйишидан қўрқиб йиғламаган, боласи иситмалаб касал бўлса-да, оналикданда ортиқ қасамёди борлигини ёдда тутиб ишга шошилган, оилавий нишонланадиган байрамларни “наряд” олиб постда туриб ўғилларини қўшни аёлга ишонган ... аммо менга бирор марта нолимаган.
- Ҳарбийлик менинг нафақат орзуим балки энг катта армоним эди –дейди Мудофаа вазирлигининг шартнома асосидаги сержанти Рўзигул Қурбонова. – Отамни мен эслолмайман. Улар вафот этганида мен тўрт ойлик чақалоқ бўлганман. Лекин улардан қолган иккита ҳарбий либос уйимиз тўридаги михда доим осиғлик турарди. Мен улар билан худди дадам билан гаплашгандек суҳбатлашиб катта бўлдим. Орзуим ҳам ҳарбий бўлиш, отам давом эттиролмаган қасамёдини фарзанд бўлиб охирига етказиш эди. Ўқидим, изландим отамни кўрмаган бўлсам-да, отамнинг изидан юрдим. Мен бугун энг бахтли аёлман, энг бахтли фарзандман, энг бахтли онаман... Шу учун ҳам мен Ватанимга хизмат қиламан!
Дарҳақиқат шундай ота изидан борган сержант Рўзигул Қурбонованинг турмуш ўртоғи ҳам ҳарбий. Подполковник Ғофур Ўрозбоев билан бирга Учқудуқ туманида жойлашган Мудофаа вазирлигига қарашли 99818 ҳарбий қўмондонликда фаолият юритади. Оилада, ишда камарбаста бу ҳарбийлар хонадонида яна 3 нафар фарзанд - юрт посбонлари тарбия топмоқда.

Лайло КАРИМОВА.

Кўрилганлар сони: 2869