Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

16 январь куни ижтимоий тармоқлар ҳамда электрон оммавий ахборот воситаларида Навоий шаҳридаги савдо комплексида юзага келган ёнғинхусусида хабарлар тарқалди.  

Ҳақиқатан, шу куни соат тахминан 21:19да Навоий шаҳридаги 3 қаватдан иборат (ертўла қисми билан 4 қават) бўлган “Навоий савдо комплекси”нинг энг юқори қаватида ёнғин келиб чиққан. Натижада 6 та кийим-кечак савдо дўконининг 82 метр квадрат қисми ёниб, яроқсиз ҳолга келган, 14 та савдо дўкони эса зарарланган. 

Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан маълум қилинишича, бошқарма навбатчилик қисмига келиб тушган маълумотга асосан соат 21:23 да воқеа жойига 7 та ёнғин ўчириш ва 1 та қутқарув автомашинаси етиб борган. Амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида соат 21:45 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган ҳамда мажмуанинг 208 та савдо дўкони жойлашган 6958 квадрат метр қисми ёнғиндан сақлаб қолинган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ва тан жароҳати олганлар йўқ. Дастлабки тахминларга кўра, ёнғин қисқа туташув натижасида келиб чиққан.

Мазкур ҳолат юзасидан Навоий шаҳар ҳокимлиги томонидан бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, шаҳар ҳокими М.Базаров 17 январь куни эрталаб тегишли раҳбарлар билан биргаликда ҳодиса жойини бирма-бир кўздан кечириб, зарар кўрган дўкон эгалари билан суҳбатлашди. Шунингдек, тадбиркорларга ёниб кетган дўконларни таъмирлаш бозор маъмурияти томонидан амалга оширилиши ва уларга фаолиятларини тиклагунга қадар зарур барча ёрдамлар берилиши маълум қилинди. 

Айни пайтда шаҳар ҳокимлигида ушбу масала юзасидан алоҳида ишчи гуруҳ тузилиб, тадбиркорларга кўмак бериш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. 

Кўрилганлар сони: 3517