Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Отамнинг ўгитлари

23.09.2014 10:14:35


Ўқитувчилик — машаққатли касб. Отам Жўрақул Ҳасанов эллик йилдан ортиқ таълим тизимида меҳнат қилган, ана шу қийин, аммо шарафли касбнинг фидойи, жонкуяр эгаси эди.

Нуротадаги 6-умумий ўрта таълим мактабида ҳам раҳматли дадамни тиниб-тинчимас устоз, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари сифатида ҳамон ҳурмат билан тилга олишади. Отам математика фанидан ўқувчиларга дарс берар, бу фаннинг бор чексиз оламини ўқувчиларга очиб беришга интиларди. Бугун дадамнинг шогирдлари турли соҳа­лар­да ишлаётганини кўриб, ич-ичимдан қувонаман. Аниқ фанлар соҳасининг билимдони бўлган шогирд­лари фанга муҳаббат уйғотишда дадамнинг маҳоратларини фахр билан гапириб қолишади. Опам Махфиратнинг ҳам ўқитувчилик касбини танлашида отамнинг ҳиссалари катта эди. "Халқ таълими аълочиси" унвони билан тақдирланган бўлсалар-да, камтарликни йўқотмаган отам бизга кўп насиҳатлар қилардилар. Ҳамон ёдимда, отамнинг тўқсон ёшда ҳам соғломликлари, кўзойнаксиз газета ўқишлари, қоматларини адл тутиб юришларига ҳайратланардим. Бир куни бунинг сабабини сўрадим. "Ҳаётим давомида солиҳ, иймони бутун, ҳалол, тоза инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлдим, — дегандилар ўшанда дадам. — Бу эса мени ҳаёт сўқмоқларида адашиб қолишдан асради. Шунингдек, халқ мунтазам ардоқлаб келган илм-зиё йўлини танлаб яна адашмадим. Ҳаёт дорилфунуни менга устоз, олийжаноб халқ намунаси муаллимлик қилган. Илмли одам кам бўлмас экан. Ҳеч вақт бировга ҳасад-ғараз қилманг, ғийбат қилманг. Бу иллатлар танангизни қуртдай кемириб адо қилади. Илмли, меҳнаткаш, оқил инсонларга ҳавас қилинг ва улардан ўрнак олинг. Ҳалол меҳнат инсонни улуғлайди. Ҳалолликни қўлдан берманг. Сабрли бўлинг. Ҳеч кимга кераксиз бўлиб турган катта ерни олиб, у ерда боғ яратганим сабримнинг меваси. Қийин кунда ҳам олдинга интилиб яшанг. Ор-номус ва шарм-ҳаё инсоннинг ўқ ўтмас совутидир. Бу совутни ҳеч вақт ечманг ва қалбингизни мудом покиза тутинг. Яхшилик ва ростгўйлик қалбни мунаввар, руҳни бақувват қилади. Ҳеч қачон ҳеч кимдан меҳрингизни дариғ тутманг. Шу оддий ҳақиқатларга риоя қилсангиз, ортиқча ғам-ташвиш ҳамда хасталик имкон қадар сизга яқин йўламайди".

Яратган боғлари олдида янги мак­таб қад ростлаганида отамнинг севинчи чексиз бўлганди. Ёш авлоднинг таълим олиши учун яратилган имконият, қулайликлардан фахрланардилар. Эндигина педагоглик фаолиятини бошлаган ёш ўқитувчиларга йўл-йўриқ кўрсатар, улардан маслаҳатларини аямасдилар. Бизга айт­ган ўгитларини маҳалланинг ёшларига ҳам сўзлар, уларнинг ютуғи, муваффақиятидан бошлари осмонга етарди. Билимли, зукко, ақлли йигит-қизларга меҳрлари бўлакча эди.

Ўқитувчиликдек шарафли касбнинг чин эгаси бўлолган отамнинг ҳаёт йўллари биз фарзандлари учун ҳа­миша ибрат мактаби бўлиб қолади.

Шафоат ЖЎРАҚУЛОВА,

Навоий шаҳри.

Кўрилганлар сони: 7205