Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Бугун Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитлари билан танишиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечими бўйича тадбирли чоралар қабул қилиш, ижтимоий объектларда куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарликнинг ҳозирги аҳволини кўздан кечириш мақсадида Хатирчи туманининг "Лангар" қўрғонида бўлди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, туман марказидан 50 километр олисда жойлашган ушбу қўрғон ХХ аср ўрталаридан бошлаб машҳурлаша бошлаган – бу ерда геолог олим Ҳабиб Абдуллаев вольфрам-молибден конини аниқлаган. Шундан сўнг шуҳрат қозонган “Лангар” турли миллат вакилларидан иборат ишчилар ва сўлим табиат шайдолари бўлган сайёҳларнинг севимли маконига айланган.

Бугунги кунда йилнинг тўрт фаслида ҳам манзараси гўзал ва иқлими ҳузурбахш бўлувчи “Лангар” маҳалласида 621 та хонадон мавжуд бўлиб, 2974 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бу маҳалла оғир ва ривожланиши паст ҳудуд ҳисобланади. Ушбу ҳудудни ривожлантиришнинг асосий ечими – аҳолини тадбиркорликка йўналтириш, мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланишни ташкил этиш эканлиги бугунги ташриф давомида вилоят раҳбари томонидан бот-бот такрорланди.

Н. Турсунов вилоят халқ қабулхонаси ва сектор раҳбарлари, турли вазирлик ва идораларнинг вилоят бўлинмалари масъуллари ҳамроҳлигида ҳудуддаги 58-умумтаълим мактабида бўлиб, таълим жараёнлари, педагоглар ва ўқувчиларга яратилган шароитлар, мусиқа ва спорт жиҳозларининг етарлилик даражаси ҳамда ўқув хоналарининг иситилиши ҳолатини ўрганди.

Ўқитувчи ва ўқувчилар билан самимий суҳбат қуриб, келгуси режаларга муваффақиятлар тилади. Суҳбат якунида мактаб спорт залига турли инвентарлар, мусиқа кабинети учун пианино, най, дутор, доира каби чолғу асбоблари олиб бериладиган бўлди.

Шунингдек, 15-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотидаги шароитлар билан ҳам танишди. Кичкинтойлар вилоят раҳбарига ўзлари ёдлаган шеърлардан намуналар ўқиб беришди. Н. Турсунов мазкур муассаса тарбияланувчилари учун тез кунларда ўйинчоқлар жамланмасини юборишга ваъда берди.

Н. Турсунов ҳудудда ташкил этилган “Навоий барака чеварлари” тикувчилик цехида бўлиб, ушбу корхонанинг фаолиятида юзага келган муаммоларни ўрганди. Корхона ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи хотин-қизларни иш билан таъминлашнинг асосий манбаларидан бири эканлигини таъкидлаб, масъулларга ва туман раҳбариятига зудлик билан муаммони тартараф этишга киришиш вазифасини топширди.

Ҳуддудаги оилавий шифокорлик пунктидаги шароитлар билан танишганидан сўнг вилоят раҳбари маҳалла аҳолиси билан учрашиб, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганди. Фуқароларнинг бандликни таъминлаш, транспорт, тунги ёритгичлар сонини ошириш каби мурожаатларини тинглаб, уларнинг ечимини тез кунда таъминлаш ва бажарилган ишлар бўйича вилоят ҳокимлигига ахборот киритиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.

Шунингдек, аҳолига тоза ичимлик сувини етказиб бериш мақсадида янги сув қудуғи қазилиб, янги тармоқ тортиш ишлари олиб бориладиган бўлди. Электр энергиясининг узлуксизлигини таъминлаш, суюлтирилган газ баллонларини етказиб бериш ва алмаштириш сифати оширилиши бўйича аниқ чоралар белгиланди.

Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида амалга оширилаётган ислоҳотлардан бош мақсад – инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириб, ҳаётидан рози бўлишига эришишдир, - деди вилоят раҳбари Н. Турсунов лангарликлар билан суҳбатда. – Бугунги ўрганишлар бўйича алоҳида қўшимча чора-тадбирлар белгилаб, ўзининг мафтункор табиати, пурвиқор тоғлари, шифобахш сувларию турфа наботот олами билан ҳар қандай кишининг эътиборини тортувчи Лангарга аввалги шуҳратини қайтарамиз.

 

Навоий вилояти ҳокимлиги

ахборот хизмати.

 

 

Кўрилганлар сони: 2771