Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Маълумотларга кўра, 1965 йилда Орол денгизида 160 га яқин балиқчилик кемалари сузиб юрган. Ҳозирги вақтга келиб, улардан ўнга яқинигина иш ҳолатида сақлаб қолинган. Қолганлари эса Мўйноқ шаҳридан шимолроқда жойлашган, аввал бандаргоҳ бўлган ҳудудда  мангу қўним топган. Денгиз эса 100 километрдан ортиқ масофага чекиниб кетган.

Кемалар қабристони... Бу жумланинг ўзиёқ Орол фожеасининг даҳшатли оқибатларини тасаввуримизда уйғотади. Албатта, Орол фожеаси – инсоният фожеаси. Айниқса, Оролбўйи ҳудудлар, у ерда яшовчи аҳоли учун денгизнинг чекиниши мисли кўрилмаган катта йўқотиш бўлганлигини англаш қийин эмас. Мўйноқликлар юрагида тўлқинлари соҳилга урилиб турган Орол денгиз билан боғлиқ қанчадан-қанча унутилмас хотиралар бор. Улар денгизнинг қайтишини кутиб яшашмоқда.

Яқин йилларгача эътибордан бироз четда қолган Мўйноқда бугун ҳаёт қизғин: қалби денгиз инсонлар бу ердаги бунёдкорлик ишларига оз бўлса ҳам ҳисса қўшиш мақсадида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан Мўйноққа ташриф буюришаяпти.  

Қишнинг сўнгги кунида Навоий вилоят ҳокимлиги ва вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан фуқаролик жамияти институти вакиллари, журналистлар ва маданият ходимлари Мўйноққа баҳорни “олиб боришди”. “Денгиз чекинса ҳам инсон чекинмайди” шиори остида ташкил этилган экотур иштирокчилари даставвал Мўйноқдаги замонавий “IT Park” ва кутубхона билан танишдилар.

— Мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган Мўйноқда бундай “IT Park” ва кутубхона ташкил этилиши ҳудуд ёшлари учун ҳақиқий мўъжиза эканлигига шубҳа йўқ, — дейди Навоий вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Шерзод Баҳронов. — Яхши ниятда ўтқазилган ниҳол униб-ўсиб, мева берганидек, компьютер технологияларини чуқур ўрганган, мутолаага қизиқиши юқори бўлган ёшлар келажакда илм-фанда юқори натижаларни қўлга киритиши, мўъжизлар ярата олиши аниқ.

 Навбатдаги манзил Мўйноқ экология музейи бўлди. 1980 йилда ташкил этилган музей 2019 йилда тўлиқ қайта реконструкция қилинган музейдаги 350 дан ортиқ экспонант Орол денгизи ва ҳудуд аҳолисининг маданий ҳаётидан “сўзлайди”. ХIХ асга оид сопол идишлар, кўзалар, балиқчилар фойдаланган анжомлар, ўша пайтда тайёрланган балиқ маҳсулотлари консерваларининг идишлари ҳамда рассомларнинг Орол денгизи билан боғлиқ санъат асарларини кузата туриб, тарихга саёҳат “қилиб қайтасиз”.

Музейга навоийлик рассомларнинг ижод намуналари ва “Жонли табиат” нодавлат-нотижорат ташкилоти раҳбари Эшмамат Тоғаев томонидан рамзий маънода кема совға қилинди.

— Бизнинг ота-боболаримизнинг ҳаёти денгиз билан боғлиқ бўлган. Биргина балиқчилик корхоналарида 2500 нафарга яқин балиқчи ишлаганининг ўзиёқ денгиз ҳудуд аҳолиси учун қанчалар аҳамиятли бўлганлигини англатади. Меҳмонларимиз томонидан “Қачондир денгиз қайтиб, ҳақиқий кемалар яна сузиб юрсин”, дея яхши ниятда совға қилинган рамзий кема навоийликларнинг Оролга бефарқ эмаслигидан далолат. Уларнинг эътибори кўнглимизни тоғдек юксалтирди, — дейди Мўйноқ экология музейи директори Зерхан Сайитбекова.

Экотур Мўйноқдаги “Навоий ташаббус боғи”да давом этди. Иштирокчилар эзгу ният билан вилоятимиздан олиб борилган манзарали дарахт кўчатларини ўтқазишди.

— Юракда туғилиб, борлиққа кўчган эзгулик самарали бўлмай қолмайди. Ўтқазилган кўчатлар ҳам келажакда албатта, азим дарахтларга айланиб, бизнинг табиатга бўлган меҳримиз ва муносабатимизни ифодалаб туради. Бундай эзгу ташаббусларимиз ҳали давом этади, Мўйноқдаги хайрли ишларга ҳар доим ўз ҳиссамизни қўшиб борамиз, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Ғофур Мусурманов. 

Шундан сўнг Мўйноқ болалар ва санъат мактабида навоийлик маданият ходимлари – хушовоз хонандалар томонидан ҳудуд аҳолиси учун бадиий қисм намойиш этилди.

Охирги манзил “Кемалар қабристони” бўлди. Бу ерда ҳам экотур иштирокчилари томонидан саксовул экилди ва ҳудуддаги биохилма-хилликни таъминлашга ҳисса қўшиш мақсадида 10 та каклик табиат қўйнига учириб юборилди.

Шу тариқа, навоийликлар қишнинг сўнгги кунида Мўйноққа баҳорни “олиб боришди”.

Руслан САБУРОВ.

     

 

Кўрилганлар сони: 3089