Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Бутун оламга ўз таровати, янгиланиш ва яшариш нафаси билан кириб келган баҳор фасли байрамларга бойлиги билан ҳам барчамизга қувонч ва хуш кайфият улашади. Айниқса, кўкламнинг илк кунларида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунининг нишонланиши гўзаллик ва яратувчанлик фаслининг аҳамиятини янада оширади.

Навоийда ушбу қутлуғ айёмга бағишланган тадбирлар вилоят ҳокимлигининг маросимлар уйидан бошланди.

Бу ерда вилоят ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари тизимида фаолият юритиб келаётган 60 нафардан зиёд хотин-қизлар тўпланди.

Йиғилганларни Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов гўзаллик ва нафосат байрами билан қутлаб, уларнинг масъулиятли меҳнатларини эътироф этди ҳамда келгуси ишларига ривож тилаб, гул ва совғаларни улашди.

Шундан сўнг асосий байрам тадбири Навоий шаҳридаги “Тинчлик” тантаналар уйида давом этди.

Бу ерга таълим, тиббиёт, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, қўйингки, барча соҳаларда фаолият юритиб келаётган 500 нафарга яқин хотин-қизлар, муваффақиятга эришган талабалар, фахрий онахонлар таклиф этилди.

Тадбирда вилояти раҳбари Нормат Турсунов барча йиғилганларни 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан қутлади.

Аёллар ҳаётимиз мазмуни, оиламиз саранжом-саришталиги, севги ва садоқатнинг тимсоли, меҳр ва муҳаббат, назокат ва латофат, ибо-ҳаё, андиша ва сабру қаноат каби юксак инсоний фазилатларнинг рамзи, десак янглишмаймиз.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамиятда аёллар, оналар ва опа-сингилларимизга юксак эҳтиром кўрсатилаётганлигини алоҳида эътироф этмоқ жоиз. Уларнинг ҳаётдаги ўрни ва нуфузини ошириш, манфаатларини ҳимоя қилиш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш, жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли, фаол аъзоси сифатида ўзини намоён этишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, олиб борилаётган сиёсат ва чора-тадбирлар дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳам тан олинаётганлиги фикримизнинг ёрқин исботидир.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Навоий вилоятида 2021 йилда аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида 4227 нафар хотин-қизларга 50 миллиард сўм кредит ва субсидиялар ажратилди, шунингдек, 8 минг нафардан зиёд хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди.

1,5 минг нафардан зиёд аёл касб-ҳунарга ўқитилди.

76 нафар хотин-қизга уй-жой тўловининг бошланғич бадалига маблағ ажратилди, 4 нафари уй-жой билан таъминланди.

97 нафар қиз алоҳида грант асосида олий таълимга қабул қилинди, 656 нафар хотин-қизларнинг шартнома тўловлари тўлаб берилди. Натижада, ўтган йили олий ўқув юртларига кирган талабаларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.

Умуман, 2020 йилдан бошлаб, “Аёллар дафтари” тизими йўлга қўйилиб, унга киритилган 28 мингга яқин хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак берилган.

Бугунги кунда вилоятимизда бошқарув органлари, корхона ва ташкилотларда 854 нафар аёл раҳбарлик лавозимларида, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларида 115 нафар аёл депутат сифатида вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиб келмоқда.

1991-2022 йилларда 208 нафар вилоятимизнинг хотин-қизларнинг давлат мукофотлари, сўнгги икки йилда 50 нафари эса “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Энг муҳими, воҳамиз аёлларининг давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбарияти томонидан эътирофи давом этмоқда.

2021 йилда йил вилоятимиздан 3 нафар иқтидорли қизларимиз Зулфия номидаги давлат мукофотига муносиб топилиб, уларнинг сафи янада кўпайганлиги барчамизга фахр бағишлайди.

Тадбир доирасида вилоятимизнинг ҳар жабҳада фаол бўлган бир гуруҳ хотин-қизларига байрам муносабати билан вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ҳамда ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ҳамда болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ҳамда истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган 33 нафар навоийлик хотин-қиз “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Байрам тантаналарида вилоятнинг бадиий жамоалари ва таниқли хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар ва дилбар рақслар йиғилганларга янада кўтаринки кайфият бахш этди.

8 март - Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбирлари, бадиий-мусиқий кечалар вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида, корхона, ташкилот ва муассасалар меҳнат жамоаларида қизғин давом этмоқда.

 

Кўрилганлар сони: 1650