Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Ҳурматли вилоятимиз фуқаролари!

Азиз ота-оналар!

Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш сифати оширилди, замонавий касалхоналар қад кўтарди ҳамда энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлар билан таъминланди.

Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларидан келган 45 нафар етук мутахассислар томонидан бирламчи бўғинда саралаб олинган 250 нафардан зиёд беморларда юқори технологик муолажалар ўтказилди ва 5080 нафардан ортиғига консультатив тиббий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, мураккаб операцияларга муҳтож 29 нафар боланинг рўйхати шакллантирилиб, уларни соғломлаштириш учун Болалар миллий тиббиёт марказига юборилиши таъминланди ва бу ишларни мунтазам давом эттириш бўйича барча чоралар кўрилди.

Режага мувофиқ, 3 йил давомида вилоятда 24 та Оилавий шифокорлик пункти ва 5 та оилавий поликлиника ташкил этилиши белгиланган. Бугунги кунда 8 та Оилавий шифокорлик пункти ва 1 та оилавий поликлиника фаолият бошлади.

Соғлиқни сақлаш соҳасига 2022 йилнинг ўтган 6 ойи давомида вилоят маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 9 миллиард 154 миллион сўм маблағ тиббиёт соҳасига йўналтирилди.

Республика онкология ва радиология маркази вилоят филиалида 20 ўринли нур терапия бўлими фаолияти йўлга қуйилди. Шунингдек, онкологик беморларга қўшимча дори воситалари учун 1,1 миллиард сўм ажратилди.

“Меҳрибон юрак” хайрия акцияси доирасида 92 нафар беморда юрак жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Шундан 56 нафар болада юрак туғма нуқсонларини бартараф этиш ҳамда 36 нафар беморда юрак тож томирларини шунтлаш амалиёти сунъий қон айланиш ускунаси ёрдамида муваффақиятли амалга оширилди.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази филиали ташкил этилиб, йирик бўғимларни эндопротезлаш, турли хил металлоконструкция ўрнатиш бўйича жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилди.

Маҳаллий бюджет маблағлари эвазига олинган артроскоп ускунасида йирик бўғимларни эндоскопик (артроскопик) даволаш йўлга қўйилди. 58 нафар беморда амалиётлар ўтказилди. Бугунги кунда травматологик ва ортопедик амалиётларга муҳтож беморларнинг барчаси марказнинг ўзида оператив даволанмоқда.

Бундан ташқари, бугунги кунда вилоятда 100 га яқин беморлар гемодиализ хизмати билан қамраб олинган.

Қизилтепа туманида 6 та, РШТЁИМ вилоят филиалида 2 та, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида11 та, Зарафшон шаҳрида 3 та гемодиализ аппаратлари мавжуд.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 март куни соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказган “очиқ мулоқот”ида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тиббиётни янада ривожлантиришга доир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 та фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан янги Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилиб, даво ўринлари сони 85 тадан 160 тага етказилди. Шунингдек, бемор болалар ота-оналари учун тегишли шарт-шароитлар яратилди.

Гематология хизмати йўналишида дори-дармонлар учун ажратилган маблағлар қарийб 60 бараварга оширилиб, 170 миллиард сўмга етказилди.

Ўзак ҳужайралари трансплантацияси сони йилига 4 тадан 14 тага оширилди.

Шу билан бир қаторда, Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида 40 нафар бемор болалар учун мўлжалланган “Меҳрли мактаб” ташкил қилиниб, ўқувчиларга 12 та фандан ва қўшимча тўгаракларда таълим бериш тизими жорий этилди. 2-7 ёшдаги бемор болалар учун “Илк қадам” боғчасида тарбияланиш имконияти яратилди.

Вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган кўп тармоқли марказий поликлиникаларда 35 ёшдан ошган 163 минг нафар аёллар ҳар йили скрининг текширувидан ўтказилиши ҳисобига, саратон касалликларини эрта аниқлаш имконияти 2021 йилга нисбатан 10 баробарга ортди.

Сўнгги олти йилда оналар ўлимининг интенсив кўрсаткичи 100 минг нафар аҳолига нисбатан 20,1 тадан 11 тага, гўдаклар ўлими 1000 нафар янги туғилган гўдакларга нисбатан 8,5 тадан 5,2 тага камайди.

Бундан ташқари, вилоят аҳолисининг қарийб 580 минг нафарини болалар ва туғиш ёшидаги аёллар ташкил этишини ҳисобга олиб, тиббиёт соҳасидаги туб ислоҳотларнинг муҳим йўналиши сифатида, оналик ва болалик муҳофазасига устувор эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий йил 1 майдан бошлаб барча туман ва шаҳарлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларда алоҳида болалар бўлими ташкил этилди, куну тун ишлайдиган шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи педиатрия постлари ва болалар анестезиология-реанимация бўлимлари қайта тикланди.

Ҳар бир туман ва шаҳарда туғруқ комплекси ва перинатал марказлар, аёллар маслаҳатхоналари томонидан йилига 23 минг нафар ҳомиладор аёлларга малакали тиббий хизматлар кўрсатилмоқда.

Жорий йилнинг 17 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолияти билан танишди.

Давлатимиз раҳбари томонидан марказда бемор болалар ва уларнинг ота-оналари учун алоҳида шарт-шароитлар яратилганлиги, чет эллик консультантлар жалб этилиб, даволаш ва диагностика стандартлари янгиланлиги ҳамда ўзак хужайралари трансплантацияси сони ошганлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, Давлатимиз Раҳбари томонидан касалликларни олдини олиш, беморларга муносиб шароитларни яратиш бўйича бир қатор топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Хусусан, жорий йилнинг август ойидан бошлаб туман (шаҳар)лар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида ҳамда вилоят кўп тармоқли болалар марказларида болаларни оммавий скрининг ва селектив скрининг усулида онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича қон таҳлилларини бюджет маблағлари ҳисобидан ўтказиш тизимини жорий этилади.

Ҳокимлар томонидан онкогематологик касалликларга чалинган бемор болалар даволанаётган шифохоналарга ташриф буюриб, уларнинг оилаларини тиббий-ижтимоий қўллаб-қувватлашга тадбирлар амалга оширилади.

Вилоят болалар кўп тармоқли ва катталар кўп тармоқли марказларидаги онкогематологик бўлимлар билан Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ўртасида телемедицина йўлга қўйилади.

2022-2023 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт техникумлари ва коллежларида таҳсил олаётган битирувчи курс талабалари орасидан иқтидорли ва салоҳиятли, онкогематология йўналишида фаолиятини давом эттиришга иштиёқи бўлган талабаларни саралаб олиш ва ишга жалб этиш тизимини жорий этилади.

Шунингдек, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш мақсадида:

жорий йил якунига қадар вилоятимизда 3 та туманлараро перинатал марказларни таъмирлаш, марказий ичимлик суви, иссиқлик, канализация, кислород, узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш белгиланган.

жорий йил июль ойидан бошлаб вояга етмаган қизларни эрта турмушга беришга тўлиқ барҳам бериш, исталмаган ҳомиладорликларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини кучайтирилади.

жорий йил якунига қадар туғруқхоналарда чақалоқларнинг эшитиш қобилиятини текширишни йўлга қўйиш мақсадида 227 та скрининг аудиометр ва 15 та стационар аудиометр хариди учун 2022-2023 йилларда Давлат бюджетидан 24,5 млрд. сўм маблағ ажратилади.

2022-2023 йилларда босқичма-босқич барча туғруқхоналарда чақалоқлар аудиоскрининг текширувини йўлга қўйилади.

жорий йил якунига қадар барча туғиш ёшидаги аёлларнинг ягона электрон базасини яратиб, уларнинг саломатлик кўрсаткичларини ва ҳомиладорлик даврини доимий назорат қилиш тизими йўлга қўйилиши бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Ва энг асосийси, Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар бир беморнинг соғайиши, шунингдек оналик ва болалик Давлат ғамхўрлиги ва муҳофазасида бўлиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

 

Ҳурматли ота-оналар!

 

Бугунги кунда вилоятимизда 69 нафар бола онкология ва гематоонкология касаллиги билан даволаниб келмоқда. Уларнинг 25 нафари гемофилия, 16 нафари ирсий гемолитик анемия, 16 нафари ўткир лейкоз, 4 нафари апластик анемия, 8 нафари сурункали идиопатик тромбоцитопеник пурпура ташхисига кўра даволанмоқда.

Бугунги кунда Онкогематологик касалликлар ривожланиш хавфининг ошиши бир нечта омилларга боғлиқ эканлиги кайд этилган.

Жумладан, касалликнинг наслдан наслга ўтиши, болаларнинг тез-тез шамоллаши ва шифокор тавсиясисиз даволаниши, тавсиясиз кимёвий моддаларнинг қабул қилиниши каби омиллар шулар жумласидандир. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг даволаниши қийин ва узоқ вақт давом этиши кузатилади.

Шифокорлар тавсиясига амал қилмаслик, ўз вақтида даво курсларини олмаслик, бу турдаги беморларнинг иммун тизими пастлиги сабабли ҳар хил инфекцион касалликларга чалиниши ва айрим беморлар кимё-терапия муолажаларни кўтара олмаслик оқибатида ўлим ҳолатлари кузатилиши мумкин.

Шифокорлар томонидан Онкогематологик касаллигининг профилактикаси сифатида болаларнинг тамаки тутунларидан холи бўлишини таъминлаш, концероген моддалардан сақланиш, соғлом овқатланиш қоидаларига риоя қилиш, кўп миқдорда донли-дуккакли маҳсулотлар, сабзавот ва мевалар истеъмол қилишга ундаш, ёғли овқатлар, шакар истеъмолини чеклаш, қайта ишланган гўшт маҳсулотларидан тийилиш, спорт билан шуғулланиб оргнизмни чиниқтириш, қуёшда узоқ туриш айниқса болаларни қуёш нуридан ҳимоялаш ва болаларни ўз вақтида белгиланган дастурлар асосида эмлаш чораларини кўриш ҳисобланади.

 

Ҳурматли ота-оналар, қадрли дўстлар!

 

Бугун мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида, ҳар бир бемор давлатимиз ҳимояси ва ғамхўрлиги остида эканини таъкидламоқчиман.

Оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, келажак авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб ўсишлари учун барча имкониятлар сафарбар этилади.

Ҳаёт синовида жиддий касалликка чалинган 69 нафар болажонларимизнинг соғлиги тиклаши вилоятимизнинг барча мутасадди раҳбарлари томонидан доимий назоратга олиниб, зарур моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади.

Шунингдек, туғиш ёшидаги 285,9 минг нафар аёллар, 311 минг нафар болалар доимий тиббий кўрикдан ўтказилиб, саломатлиги алоҳида назоратга олинади.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни ўз соғлигингизни асрашга, аёллар ва болалар саломатлигига бефарқ бўлмасликка даъват этаман.

Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессансни, дунё мамлакатлари ҳавас қиладиган Янги Ўзбекистонни соғлом халқ, соғлом авлод билан барпо этамиз!

Кўрилганлар сони: 1323