Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Азиз юртдошлар!

Ҳурматли тадбиркорлар!

 Буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг барчамизга яхши маълум бўлган: “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир” деган пурмаъно сўзлари асрлардан буён  ўз қадрини йўқотгани йўқ.

Бинобарин, Муҳтарам Президентимиз томонидан куни кеча тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш вазифаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида тадбиркорлик равнақи мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, аҳоли бандлиги – давлатимиз қудратининг кенг ва мустаҳкам таянчи сифатида эътироф этиб, барча кучларни тадбиркорликни ривожлантиришга сафарбар қилишга даъват этганлари ҳар биримизга ўзгача куч, ғайрат, ишонч ва масъулият берди, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан

Дарҳақиқат, бугунги шиддатли ва глобаллашув даврида ҳар қандай мамлакат тараққиётини биринчи галда жамиятнинг илғорлари қаторида бўлган кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари белгилаб беради, десак муболаға бўлмайди.   

Зеро, юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади"

Шундай экан, бугундан бошлаб, вилоят ҳокими бошчилигида барча бўғиндаги раҳбарлар “Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” ғояси асосида сиз тадбиркорлар билан яқиндан туриб, сизлар билан биргаликда янги Ўзбекистонни бунёд этишда, юртимизнинг янада равнақ топишида муносиб ҳисса қўшадилар, деб ишонаман.

 

Азиз дўстлар!

Тадбиркорликни ривожлантириш – мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган. Кейинги йилларда бизнес муҳитини яхшилаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича Муҳтарам Президентимиз томонидан охирги 3 йилда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришга оид 55 дан ортиқ Фармон ва қарорлари қабул қилиниб, зарурий шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Хусусан:

-Хорижий валютанинг конвертацияси очилди, мамлакатда валюта эркинлиги либераллаштирилди, нақт пул муаммоси бартараф этилди;

-Давлат хизматлари агентлиги ва унинг вилоят, шаҳар ва туманлардаги марказлари ташкил этилиб фаолияти йўлга қўйилди.

-Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) лавозими жорий этилди.

-Тадбиркорларнинг мурожаатлари билан манзилли ишлаш бўйича жойларда Бош вазир қабулхоналари фаолиятини бошлади.

- Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

-Солиқ ислоҳотлари орқали тадбиркорларга солиқ юки камайтирилди, адолатли рақобат муҳити шакллантирилди.

Бунда, тадбиркорлик ва ишбилармонликни янада ривожлантириш, мамлакатимизда хуфёна иқтисодиётни қисқартириш ҳамда тадбиркорларнинг шаффоф ва очиқ фаолият олиб боришлари учун бир қатор солиқ имтиёзлари берилди.

(масалан, фойда солиғи ставкаси 14 %дан 12 %га, мол-мулк солиғи ставкаси 5 %дан 2 %га, ягона солиқ тўлови ставкаси 5 %дан 4 %га ва ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 %га, қўшилган қиймат солиғи 20 %дан 15 %га тушурилди. Шунингдек, қатий белгиланган солиқ ставкаси 30 %га камайтирилди)

-Тадбиркорларнинг ҳисоб-рақамларига солиқ органлари томонидан тақиқ қуйиш амалиёти бекор қилинди.

- Вилоятда инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқарувчи тадбиркорларимиз учун бутун Навоий вилояти эркин иқтисодий зона деб эълон қилдилар ва уларга бир қатор (ер, мулк, даромад ва ягона солиқ тўловларидан) имтиёзлар берилди.

-Тадбиркорлик соҳасида таваккалчилиги нисбатан юқори бўлган соҳаларни ривожлантириш учун алоҳида қарор ва фармонлари билан бир қатор имтиёзлар берилди (балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, паррандачилик, хунармандчилик, боғдорчилик ва ҳ.к).

Юқоридагиларнинг барчаси тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш ва уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилишда янги тизим яратилганлигидан далолатдир.

Натижада биргина жорий йилнинг ўзида янги ташкил этилган кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари сони ўтган йилга нисбатан 4 бараварга кўпаяётгани бунинг тасдиғидир.

Шунга қарамай, тадбиркорларнинг мурожаатларини самарали тарзда кўриб чиқишда оқсоқликлар, жойларда бюрократия, таъмагирлик ва тадбиркор фаолиятига тўсқинлик қилиш каби салбий ҳолатлар мавжуд эди. Таъбир жоиз бўлса, айрим тадбиркорларимиз нотўғри қонунчиликни ёки нотўғри ҳуқуқни қўллаш амалиётининг қурбони бўлиб қолаётган эдилар.

Муҳтарам президентимиз ташаббуслари билан ана шундай тўсиқларни олиб ташлаш, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш, уларга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва энг асосийси, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилувчи қонунчиликдаги зиддиятларни бартараф этиб боришнинг мақбул механизмини яратиш мақсадида Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилди.

Мисол учун, биргина жорий йилнинг ўтган икки ярим ойи давомида вилоятимиздаги тадбиркорлардан 1000 дан ортиқ мурожаат келиб тушди ва уларнинг 986 таси ижобий ҳал этилиб, тадбиркорларимизга амалий кўмак берилди. Мурожаатларнинг 14 таси эса айни пайтда тегишли мутасаддилар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Келиб тушган мурожаатларнинг таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг асосий қисмини ер ажратиш, газ, электр ва сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, кредитлаш ва солиққа тортиш масалалари ташкил этмоқда.

Бу нима дегани, демак ҳали ҳам жойларда айрим мутасаддилар томонидан сунъий тўсиқлар пайдо қилинмоқда ёки тадбиркорларимизда ҳуқуқий билим ва кўникма етарли эмас ёки мавжуд қонунчиликда белгиланган тартиб-қоидаларни тўғри етказиб бериш механизми ишламаяпти, деган хулосага келамиз.

Мурожатларнинг ҳар учтадан биттаси (37 фоизи) банк кредит соҳасида бўлишига қарамасдан жорий йил давомида барча молиялаштириш манбаалари ҳисобидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига жами 1 трлн. 606 млрд. сўмдан ортиқ маблағ миқдорида кредитлар ажратилди ёки ажратилган кредитлар 2018 йилнинг шу  даврига нисбатан 418 млрд. сўмга (ёки 135 фоизга) ошди.

Бунинг натижасида эса тадбиркорлик субъектлари сони 5808 тага кўпайиб (2018 йилда 1810 та) улар томонидан бюджетга тўланадиган тўловлари ўтган йилга нисбатан икки баробарга ошди.

Масалан, ўтган йилнинг шу даврида вилоятда кичик бизнес субъектлари сони 8,1 минг тани ташкил этиб, улар томонидан бюджетга 266,2 млрд.сўм тўланган бўлса, жорий йилнинг шу даврида уларнинг сони 14 мингдан ошиб, бюджетга тўланган тушумлари 508,8 млрд. сўмга ёки ўтган йилга нисбатан икки баробарга (242,6 млрд.сўмга) кўпайди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини яна ривожлантириш ва такомиллаштириш мақсадида кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос иқлим ва табиий  хусусияти, салоҳиятидан келиб чиқиб аниқ бир соҳаларга ихтисослаштирилиши муҳим қадамлардан бири бўлади.

Бугунги кунда Навоий вилояти бир қатор кўрсатгичлар бўйича мамлакатимиз миқёсида, хусусан, аҳоли жон бошига нисбатан саноат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги, капитал қуйилмалар бўйича биринчи,  пудрат ишлари, чакана савдо, хизматлар ҳажмлари бўйича иккинчи, экспорт бўйича 3-ўринларни эгаллаб келмоқда.

Бундан ташқари юртимизнинг олтин сандиғи дея таърифланадиган вилоятимизда ер ости ва ер усти бойликлари етарли даражада татқиқ этилмаган. Ҳолбуки, бизнинг заминимизда Менделеев даврий жадвалидаги барча элементлар мужассам.

Юқоридагиларни инобатга олиб, бир қанча амалий ишлар олиб борилаётган бўлсада, кичик бизнес ва тадбиркорлик йўналишида амалга оширилаётган ишларимизни етарли деб бўлмайди.

Хусусан, вилоятимизнинг асосий даромадлари вилоятдаги йирик солиқ тўловчилар ҳиссасига (қарйиб 90 фоиз) тўғри келади. Бугунги кунда вилоятда кичик бизнес соҳасида банд бўлганлар сони 255,7 минг нафар аҳолини ташкил этиб, умумий банд бўлганларнинг 61,7%,  ҳар 1000 кишига кичик бизнес субъектлари сони 14,1 кишига, кичик бизнеснинг бюджет тушумларимиздаги улуши (6%) тўғри келмоқда. Бу эса етарли эмас.  

Бундан ташқари, Буюк ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган, йилнинг тўрт фасли мукаммал бўладиган, барча соҳаларда етарли ресурсларга – ишчи кучи, ер, коммуникация тармоқлари, зарурий хом-ашё, табиий бойликлар ва бошқа тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун қулай имкониятлар мавжуд вилоятимизда ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши (31,3 фоиз, 7,8 трлн. сўм)республика кўрсатгичидан (57,2%,) анча пастлигича қолмоқда

Бу эса вилоятимизда энг долзарб масалалардан бири бўлган ишсизлик даражасининг пасайтирилишига ўзининг муносиб ҳиссасини талаб даражасида қўшмаяпти.

Вилоятда тадбиркорликни янада ривожлантиришда олдимизга қуйган мақсадимиз қайсидир кўрсатгичларни яхшилаш ёки рақамлар ортидан қувиш эмас, балки, аҳолимизнинг муносиб ва доимий иш ўринлари билан таъминлаш, бюджет тушум тушумларини кўпайтириш, вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш, товар ва хизматларнинг хилма-хиллиги ва кўламини кўпайтириш орқали вилоятимизнинг ижтимоий–иқтисодий барқарорлигини янада оширишдан иборат.

Шунга кўра, биз келаси 2020 йилда ҳар бир ҳудудни жадал ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича бир қанча устувор вазифалар белгилаб олганмиз. Ушбу вазифаларни амалга оширишдаги энг устувор йўналишимиз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришдир.

Хусусан, бугунги кунда вилоятда ўз бизнеси билан иқтисодиётга муносиб улуш қўшиб келаётган салоҳиятли фаол тадбиркорларнинг  бой тажрибаларидан унумли фойдаланиш, улар билан ҳамкорликда жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадга мувофиқ.

Хусусан, мамлакатмизда биринчилардин бўлиб пахта кластери ташкил этган “Бахттекститль”, “Навбаҳор текстил” корхоналари, кўп тармоқли “Зарафшон Голден Гроуп” компанияси, "Экспорт фиш продукт" МЧЖ, “Жозибали қурилиш маскани” МЧЖ, “Шарқ қурилиш-сервис” МЧЖ, “Бенкам” бренди остида фаолият олиб бораётган қўшма корхона, "Кармана Голден Еггс" МЧЖ, “Муҳаббат боғи” ХК, “Тинчлик”, сингари тадбиркорларимиздан ўрнак олиш ва уларнинг тажрибаларидан фойдаланишимиз ҳамда ҳамкорликда янгидан-янги лойиҳаларни амалга ошириш ва ёш тадбиркорларга амалий кўмак бериш зарур.   

Сўнгги йилларда вилоятимиз ҳудудларида ўнлаб хорижий бизнес ҳамкорлар ўз фаолиятларини олиб бормоқда. Жумладан, Туркия давлатидан келган оддий бир деҳқон Хатирчи туманининг унумдорлиги паст ерларида энг юқори ҳосил олиб ўз бизнесини ривожлантириб даромад кўрмоқдалар.

Бундан ташқари, Конимех, Кармана ва бошқа шаҳар ҳамда туманларимизда чет давлатлардан келиб ўз бизнесини ривожлантираётган ўнлаб тадбиркорлар самарали фаолият олиб бормоқдалар.

Аммо нима учун барча шароитлар бўла туриб, бизнинг тадбиркорларимиз янгиликка, инновацияга интилмайди?

Вилоятимиз аҳолисининг аксарият қисми қишлоқ жойларида истиқомат қилади. Ҳудудларга бориб кузатсангиз мактаб ёки қишлоқ врачлик пунки, маҳалладан бошқа бюджет ташкилоти бўлмаса одамлар ишсизликдан нолийди. Нима учун ҳар бир ҳудудда тадбиркорликнинг қайсидир йўналишини ташкил этиб, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишни ўйламаймиз!

Азалдан меҳнатсевар, меҳмондўст, халқимиз тадбиркорликка кирувчи касб-ҳунар, дўкондорлик, зироат ва тижорат каби касблар билан шуғулланиб, ҳалол йўллар орқали оиласини боққан, рўзғорини тебратган.

Улар ўзларига “Қўлинг ишда бўлсин, қалбинг Оллоҳда!” деган шиорини дастурул амал қилиб, астойдил меҳнат қилганлар.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти мамлакат иқтисодиётини барқарор ва жадал ривожлантириш эвазига аҳолининг турмуш даражасини ошириш, уларга муносиб ҳаёт даражасини яратишга қаратилган экан, бор имконият ва шарт-шароитлардан самарали фойдаланиш йўлларини нафақат тадбиркорлик субъектларига, ҳар бир фуқарога тўғри етказишда биринчи навбатда биз раҳбарлар масъулмиз.

Ҳурматли тадбиркорлар, азиз юртдошлар!

Бугун тадбиркорликни ривожлантириш аҳолининг асосий қатламини тадбиркорлика жалб этиш учун нима қилишимиз зарур деган савол кўндаланг турибди. Мамлакатимиз раҳбари томонидан куни кеча ўтказилган видеосектор йиғилишида мазкур масалага атрофлича тўхталар экан, биринчи навбатда, ҳар бир раҳбар тадбиркорнинг энг яқин кўмакчиси, ёрдамчиси бўлиши лозимлигини таъкидладилар.

Дарҳақиқиқат сўнгги икки йилда муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан бирор бир ривожланган давлатларда кузатилмаган прогрессив ўзгаришлар содир бўлмоқдаки, бундан четда туриш, буни кўрмаслик мумкин эмас. Айниқса, сиз тадбиркорларга яратилаётган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланиш бугунги куннинг талабидир.

Шундай экан, жамиятимизнинг илғор кишилари бўлган  тадбиркорларимизга биз доим елкадош, ҳар бир амалларида кўмакдош бўлишга доим тайёрмиз

Қачонки, тадбиркор ортиқча сунъий тўсиқларга дуч келмаса, ўз фаолиятини хотиржам амалга оширсагина, ишида унум ва барака бўлади. Шундагина элимизнинг дастурхони тўкин, оиласи хотиржам бўлади.

Мен вилоят ҳокими сифатида барча тадбиркорларни, қолаверса, ўз бизнесини бошлаш ниятида бўлган юртдошларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман:

Муҳтарам Президентимизнинг Навоий вилоятига, шу заминда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаросига бўлган самимий меҳри ва ишончини оқлайлик.

Имкониятлар вилояти бўлган, буюк бобокалонимиз Алишер Навоий номи билан аталадиган шу муқаддас юрт фаровонлиги йўлида бирлашиб, барча имкониятларимизни ишга солайлик. Содда қилиб айтганда “тадбиркорлар вилояти” дея мақом берилган вилоятимизнинг ҳар бир ҳудудида яшаётган ватанпарвар, фидойи ишбилармонларимизни қўллаб-қувватлаймиз.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Сизнинг ташаббусларингизни қўллаб-қувватлаган ҳолда ҳар бир лойиҳангиз шахсий назоратимиз остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқишдан то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш бизнинг биринчи галдаги вазифамиздир.

Барчамиз бир нарсани англашимиз керакки,  сизларнинг ҳар бир лойиҳа ва хайрли ишларингиз вилоятимиз, туманимиз, қишлоқ ва маҳаллаларимизнинг эртанги келажаги, аҳоли фаравонлигининг кафолатидир.

Сизлар туфайли юртимизда ишсизлик қисқаради, даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб, ўз юртида ҳаловат топади.

Шундай экан азиз юртдошлар, қадрли тадбиркорлар, бугун Муҳтарам юртбошимиз бошчилигида янги Ўзбекистонни, янги Навоийни биргаликда қурайлик!

 

 

Кўрилганлар сони: 3379