Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Азиз ва қадрли ҳамюртлар!
Жонажон Ўзбекистонимиз тараққиётининг навбатдаги босқичида яна бир байрамни эзгу ниятлар ва улкан режалар билан кутиб олмоқдамиз.
Барчангизни юртимизга қутлуғ қадамлар билан кириб келаётган Янги — 2019 йил билан самимий муборакбод этаман!
2018 йил билан хайрлашар эканмиз, қалбимизни амалга оширилган оламшумул янгиланишлар ифтихори, ўтган умримиздан миннатдорлик туйғулари эгаллаб турибди. Бунёдкор ва меҳнаткаш халқимиз билан бирга қўлга киритган юксак марра ва ютуқларни шукроналик билан кўз ўнгимиздан ўтказиб, кўзлаган мақсадларимизга эришдик, 2018 йил ҳар бир жабҳада юксалиш, ривожланиш йили, барчамиз учун самарали ва хосиятли йил бўлди, деб айтишга ҳақлимиз!
Куни кеча Муҳтарам Президентимизнинг мамлакат парламентига Мурожаатномасини тинглаб, вилоятимиз аҳли қалбида шукроналик ҳисси янада ошди, юртимиз тараққиётига дахлдорлик туйғуси янада жўш урди, дея ишонч билан айта оламан.
Айниқса, 2019 йилнинг «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилиниши 2018 йилда барча соҳаларда амалга оширган ишларимизни келгуси йилда янада юксалтиришга имкон бериши, шубҳасиз.
Зеро, юртбошимизнинг таъбири билан айтганда, «инвестисия — бу иқтисодиёт драйвери, ўзбекча айтганда, иқтисодиётнинг юраги, десак, муболаға бўлмайди».
Мурожаатномада жумладан, 2019 йилда очиқ иқтисодиёт, соғлом рақобат, ишбилармонлик муҳитини тараққий эттириш, инвестициявий ҳамкорлик ва туризмни янада ривожлантириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш каби йўналишларда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, ушбу дастуриламал ҳужжат давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилиш ва маҳаллий бошқарув органлари фаолиятини эркинлаштириш, конституциявий тизим, чегаралар дахлсизлиги ва ташқи сиёсатни янада такомиллиштириш борасида 2019 йилда бажарилиши керак бўлган муҳим ишларни ҳам ўзида мужассам этган.
Дарҳақиқат, халқимизнинг ўз умридан, тақдиридан миннатдор бўлиши учун ислоҳотларнинг янги босқичига қадам қўйдик. Президентимизнинг «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» ғояси юртимиз қишлоқ ва маҳаллалари қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди. Кўнгилларга кўчган ободлик халқимиз онгу тафаккурини юксалтирди. Шаҳарга тенглашаётган кўркам ва гўзал қишлоқлар, замонавий технологиялар билан жиҳозланган янги корхоналар, янги йўллар бунёд этилди. Замондошларимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун фойдаланишга топширилган юзлаб янги турар жой бинолари минглаб оилалар қувончига қувонч қўшди, қалбига ёруғлик бахш этди.
Шунингдек, «Ёшлар — келажагимиз», «Ҳар бир оила — тадбиркор» Давлат дастурлари доирасида ҳамда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари эвазига юзлаб лойиҳалар амалга оширилди ва бундан ёшлар, аҳолимизнинг турли қатлами вакиллари баҳраманд бўлди. Бу йўналишдаги ишларимиз яна давом этади, албатта.
Энг муҳими, Муҳтарам Юртбошимиз «Янги Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшиш — Яратганнинг ўзи бизга берган тарихий имконият» эканини алоҳида таъкидлади.
Азиз юртдошлар!
Муҳтарам Президентимизнинг барчамизни илҳомлантирган, янги марралар сари садоқат ва ҳалоллик билан хизмат қилишга чорлаган Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни меҳнаткаш ва бунёдкор, мард ва олижаноб халқимиз билан биргаликда бажариш ҳам қарз, ҳам фарздир.
Шу ўринда, ўтаётган йилни бизга елкадош бўлиб, ёруғ юз билан якунлаётган, табиатнинг барча инжиқликлари, ҳаётнинг синовларидан мардонавор ўтган матонатли деҳқону чорвадорларга, машаққатли касб соҳиби бўлган олтинтопар кончиларга, эл дастурхонини улуғ неъмат — нонга тўлдирган заҳматкаш ғаллакорларимизга, улкан бунёдкорлик ишларини амалга ошираётган қўли гул қурувчиларга, шу азиз Ватанга садоқатли, билимли ёшларни тарбиялаётган қадрли устоз ва мураббийларга, инсон саломатлиги йўлида тунларни бедор ўтказаётган шифокорларга, илм ва фан жонкуярлари — зиёлиларга, тинчлигимизни кипригида асраётган мард ва жасур ўғлонларимизга, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга ҳисса қўшаётган қайноққалб ёшлар ва барча-барчага муносиб хизматлари учун чин юракдан ташаккур айтаман.
Она Ватанга чексиз муҳаббатимиз, садоқатимиз, юртимизнинг эртанги кунига ишонч, дўстлик ва ҳамжиҳатлик кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшишига, янги марраларни забт этишимизда мададкор бўлишига, яхши ният билан бошлаган ҳар бир хайрли ишимиз ўнгидан келишига аминман!
Қадрли юртдошлар! Азиз навоийликлар!
Янги йил кириб келишига саноқли дақиқалар қолди. Ана шу ҳаяжонли ва қутлуғ лаҳзаларда 2019 йил барчангизга омад ва бахт олиб келишини, Янги йилда ҳар бир оилага фаровонлик, ҳар бир инсон ҳаётида яхши ўзгаришлар, соғлик, омонлик бўлишини истайман. Буюк Ўзбекистонимизда тинчлик ва осойишталик барқарор бўлсин! Бир-биримизни қадрлаш, меҳр ва эътиборга муҳтожларга ғамхўрлик қилиш Янги йилда ҳам бизни тарк этмасин. Хайрли ва масъулиятли 2019 йил фаровонлигимизнинг юксалиш йили бўлиши аниқ. Яратганнинг ўзи ёруғ манзилларга етишда бизга ҳамиша мададкор бўлсин!
Янги йилда хонадонларингизда тинчлик, хурсандчилик, кўнгилларга хотиржамлик, дастурхонларингизга тўкин-сочинлик, юртимиз янада обод бўлиб, равнақ топишини, барча эзгу ниятларимиз рўёбга чиқишини тилайман.
Янги йил барчамизга муборак бўлсин, азизлар!

Кўрилганлар сони: 4245