Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Қонун ва қарорлар инсон шаъни, қадр-қиммати ва шахсини ҳимоя қилган тақдирдагина давлат ва жамият манфаатларини ўзида ифода этиб, халқнинг юксак ишончига сазовор бўлади. Негаки, ҳар бир фуқаро қайси давлатда яшаётганидан қатъи назар, ўзининг тинчлиги, осойишталиги ва хавфсизлигини қонунлар орқали ҳимоя қилади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан ҳуқуқий-демократик жамият қуриш, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралиб келинмоқда.

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Мазкур Фармон асосида жой­лар­да Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилиб, улар аҳолини қий­наб келаётган муаммоларни тез ва адолатли ҳал этаётган нурли ва ишончли масканлардан бирига айланди. Хўш, вилоятимизда Халқ қабулхонаси таш­кил этилганидан то бугунги кунгача аҳоли томонидан нечта мурожаат келиб тушган? Уларни бартараф этиш жараёни қандай кечмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилояти­миздаги Халқ қабулхонасида бўлганимизда одам гавжум эди. Ҳамманинг ўз дарди, қийнаётган муаммо­си билан нажот истаб келганлиги сезилиб турарди. Халқ қабулхонаси ходимлари навбатма-навбат кел­ганларни хушмуомалалик билан қабул қиларди. Кеч бўлганда Зарафшон шаҳридан келган, бир пайтлар кам таъминланган оила бўлганлиги учун ёш боласи билан вақтинча яшашга МФЙга қарашли бинодан жой ажратилганлиги, лекин маҳалла масъуллари бу ердан бошқа мақсадларда фойдаланишни рўкач қилиб, уни чиқармоқчи бўлишганлигидан арз қилди. Шу пайт­нинг ўзида қабулхона масъул ходими Зарафшон шаҳ­ридаги тегишли мутасадди билан телефон орқали боғла­ниб, кўмак сўраб келган аёлнинг муаммосини ту­шун­тирди. Қийналган оилага ёрдам бериш зарур­ли­гини уқтирди. Асосийси, муаммо дарҳол ҳал этилди.

— Фуқаро бекордан-бекорга давлат идораларига мурожаат қилмайди, — дейди Ўзбекистон Республи­каси Президентининг вилоятимиздаги Халқ қабулхо­наси мудири Раҳмат Маматов. — Одамлар қийнаёт­ган муаммоси катта-кичиклигидан қатъи назар, жойлардаги маҳаллий раҳбарлар ҳал этмагандан сўнг юқори ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Бу эса аҳолининг маҳаллий раҳбарлардан норозилигини келтириб чиқармоқда. Энг ачинарли­си, баъзи мутасаддиларимиз ҳанузгача муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаган "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", деган давлат сиёсатини англаб етмаяптилар.

Фаолият бошлаганимиздан шу кунга қадар вилоят бўйича жами 7860 та мурожаат қабул қилинган. Улар­нинг аксарияти иш билан таъминлаш, уй-жой, ер ажр­а­тиш, пенсия ва нафақаларни ўз вақтида олиш, суд-ҳуқуқ, банк-молия, коммунал соҳалардаги муам­молар хусуси­дадир. Мурожаатларни таҳлил қилгани­мизда, афсуски, уларда жойлардаги мутасаддилар­нинг ўз вазифасига боқибеғамлик ва масъулият­сизлик билан ёндашаётгани маълум бўлди. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, қайси ҳу­дудда мутасадди раҳбарларнинг қан­дай ишлаётганини келиб тушаётган му­рожаатлар сонидан ҳам билиш мумкин. Мисол учун, бугунги кунга қадар За­раф­шон шаҳридан 1275 та, Карманадан 703 та, Навбаҳордан 810 та, Хатирчидан 844 та мурожаат Халқ қабулхоналарига келиб тушган. Шу туманларда яшовчи аҳоли томонидан тўғридан-тўғри ви­лоят Халқ қабулхонасига ҳам муро­жаат­лар келиб тушаётганини эътиборга ол­сак, мутасаддилардан мурожаатларга янада жиддийроқ эътибор қаратишни та­лаб этади.

Навоийлик Қ. Аллаёров анча вақтдан бе­ри, суд қарори қабул қилинганига қа­ра­май, Кармана туман ободонлаш­ти­риш бошқармасида 5 миллион 562 минг 18 сўм иш ҳақи ва 620 минг сўм маъ­навий зарарни ундириб ололмасдан идо­рама-идора сарсон бўлиб юрган экан. 3-4 марта суд ижрочиларининг Кар­мана туман бўлимига мурожаат қил­ган. У ердаги масъуллар эса масалани ҳал қилиш ўрнига, орқага суриб ке­ла­верган. Шундан сўнг вилоят Халқ қа­бул­хонасига мурожаат қилишга мажбур бўлган.

— Мурожаатим тез кунда ҳал этил­ганидан хурсандман, — дейди Қ. Аллаё­ров. — Оиламдаги кўпгина муаммо­лар­ни маблағ ундирилгандан кейин ҳал эт­дим. Бу эса оила аъзоларим, қарин­дош­ларим, қўни-қўшниларим орасида муҳ­тарам Президентимиз олиб бораётган оқилона сиёсатига ишонч ва ихлоси­миз­ни, ҳурматимизни янада оширди. Инсон қадр-қимматини улуғлаётган, қонун ус­туворлигини таъминлаётган давлати­миз раҳбарига раҳмат!

Кармана тумани, "Кумушкон" маҳал­ла­сида яшовчи Зумрад Исоқова гижжа касалига чалинган 7 яшар ўғли Акбар Исо­қовни 1,5 йил давомида даволатиш учун елиб-югурди, дори-дармон олди. Лекин малакали мутахассис ташхис қўй­маганлиги учун олган дори-дар­мо­ни фойда бермади. Халқ қабулхонасига мурожаат қилгандан кейин малакали шифокор жалб қилиниб, уни даволашга киришилди. Орадан кўп ўтмай, фар­зан­ди батамом соғайиб кетди.

Ишбилармон ва тадбиркорликни ҳар то­монлама қўллаб-қувватлаш бугунги кун­да давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Ана шундай долзарб паллада айрим му­та­саддиларнинг тадбиркорлик субъект­лари­га тўсқинлик қилинаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Кармана тумани, "Зиёкор" маҳалла­сида яшовчи Мақсуд Облаев 2015 йил­да "Кўҳна қўрғон" МФЙ ҳудудида куш­хона ташкил этиб, тадбиркорлик фао­лиятини бошлади. Тез орада кўпчилик­нинг назарига тушди. Шарт-шароит­лар­ни, хизмат кўрсатиш сифатини яхши­лаш мақсадида банкдан 460 миллион сўм кредит олиб, замонавий ускуналар кел­тириб ўрнатди. Лекин...

— 30 йил мактабда ўқитувчилик қил­дим, ҳозир пенсиядаман, — дейди тад­биркорнинг онаси Рўзибиби Шерқу­лова. — Мақсуд ёшлигидан тадбиркор­лик­ка қизиқди. Давлатимиз яратиб бер­ган имкониятлардан унумли фойда­ланиб, тадбиркорлик билан шуғулла­ниб, кам бўлмадик. Бироқ вилоят ве­теринария бошқармаси 2017 йил 28 фев­раль куни ҳеч қандай ҳужжатсиз, оғзаки тартибда ўғлимга тегишли куш­хона фаолиятини тўхтатиб қўйди. Шундан кейин 2 ой давомида идорама-идора, ташкилотма-ташкилот кушхо­на­ни ишлатишга рухсат сўраб, бормаган жойимиз қолмади. Натижада 2 ой мо­байнида банкдан олинган кредит сум­масини тўлай олмай қолгандан кейин ўғлимнинг руҳи тушиб кетди. Шунча маб­лағни қандай тўлашни, хориждан олиб келинган замонавий ускунани қан­дай ишлатишни ўйлаб сиқилиб юрди. Ахийри, 2017 йил 29 апрель куни ви­лоятимиздаги Халқ қабулхонасида бўлиб, фарзандларимни қандай ўстир­га­нимни, бўлган воқеани ипидан иг­на­сигача тушунтириб бердим. Буни қа­рангки, ўғлимни 2 ойда битмаган иши 2 кунда ҳал бўлди. Мана, ўғлим яна тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммо­лари­ни ўз вақтида ҳал қилаётган Пре­зидентимизга, Халқ қабулхоналари масъ­улларига ёлғиз бир она сифатида миннатдорчилигимни билдираман.

Бу каби мисолларни кўплаб келти­риш мумкин. Халқ қабулхонасига кўпчи­лик номидан билдирилган мурожаатлар сайёр қабул кўринишида жойида ўр­ганиб чиқилаётгани — аҳолининг ор­тиқ­ча вақт ва маблағ сарфлашининг олди­ни олишга хизмат қилмоқда. Шундай сайёр қабуллар вилоятимизнинг чекка ҳу­дудларида ўтказилиб, тегиш­ли корхона ва ташкилот раҳбарлари жалб қилинган ҳолда муаммолар жойи­да ечимини топишига эришилмоқда. 

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоя­ти­миздаги Халқ қабулхонаси аҳоли муаммоларини қонуний ҳал этадиган, эл-юрт дардига малҳам бўлаётган ишончли масканга айлангани айни ҳақиқат.

Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ.

Манбаа: dustlikbayrogi.uz

Кўрилганлар сони: 6066