Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

   Ҳуқуқбузарлик ёки жиноятчиликнинг асл илдизи қаерда. Қандай омиллар бу иллатларни юзага келтиради. Ёшларни жиноят кўчасига киришига нима мажбур қилаяпти, хотин-қизларничи? Саволлар кўп, аммо бу оғриқли саволларга жавоб битта – у ҳам бўлса оиладаги муҳит, тарбия, эътиборсизлик, лоқайдлик, охирини ўйламай қўйилган қадам.

    Бугун тинч ва тотув жамиятда бахтиёр умр кечираётган нуронийлар билан суҳбатлашиб, шундай кунларга етказганига шукрона келтирасан. Айниқса, оғир синов дамларини бошидан кечирган, мудҳиш тарихнинг гувоҳи бўлган отахону онахонларнинг ўтмиш хотиралари ҳар биримизни бугунги куннинг қадрига етишга, сабр-қаноатга ўргатади. Бардош, меҳнат ва ҳаракат инсонга барака келтиради. Ишламай, боқибеғамликни ўзига касб қилган айрим инсонлар борига шукр қилмайди, натижада мўмай даромад илинжида жиноят кўчасига кириб қолганини сезмай ҳам қолади. Бугун содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг туб моҳиятида ҳам аслида шу жиҳатлар ётади. Яна бир томони жиноят содир этилмаслиги ҳам мумкин эдику, деган савол бизни қийнай бошлайди. Албатта, тарғибот, уйма-уй юриш, жиноятга мойиллиги бор инсонлар билан суҳбатлашиш, энг асосийси профилактика ишларини кучайтирш жиноятга қарши қўйилган дадил қадамдир.

   Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам бу мудҳиш иллатларга қарши курашиш, унда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларга атрофлича тўхталиб ўтилиб, мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

  Куни кеча ўтказилган Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари ўттиз учинчи сессиясида мазкур маърузада белгилаб берилган муҳим вазифаларни сўзсиз амалга ошириш ҳамда вилоятда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликни барвақт олдини олишда сектор раҳбарлари ва бошқа давлат, нодавлат ташкилотлари томонидан олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама этилди.

  Ҳудудлардан сайланган сенаторлар, депутатлар, вилоят, туман ва шаҳар сектор раҳбарлари, ёшлар масалалари бўйича ҳоким ва ички ишлар идоралари раҳбарларининг ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмитаси раислари, сиёсий партиялар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган сессияда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар хусусида вилоят сектор раҳбарлари, хусусан вилоят ҳокими, вилоят прокурори, ички ишлар ҳамда давлат солиқ бошқармаси бошлиқларининг ҳисоботлари тингланди.

  Сессияда таъкидландики, Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган йиғилишда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида нималарга эътибор қаратиш ва ҳамкорликда нима ишлар қилиш кераклигини аниқ ва равшан мисоллар билан кўрсатиб берилди.

  Мазкур вазифалардан келиб чиққан ҳолда қисқа муддатда вилоятда  ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар дастури тасдиқланди ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

  — Президентимиз таъкидлаганларидек, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришимиз, бу борада ҳеч биримиз бефарқ, лоқайд бўлмаслигимиз, маҳаллаларда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашимиз керак. Бунинг учун ҳар бир фуқаро онгида “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак”, деган туйғуни шакллантириш энг муҳим вазифамиздир, — дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Дилмурод Холов.

  Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида вилоятдаги мавжуд 303 та маҳалланинг 52 тасида бирорта жиноят содир этилмади. Амалга оширилган тезкор-қидирув ва профилактик чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 10 ойи давомида умумий жиноятлар 57 тага ёки 2,1 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 70 тага ёки 5 фоизга, ўта оғир турдаги жиноятлар 12 тага ёки 10,4 фоизга камайишига эришилди.

  Шу билан бирга, оғир турдаги жиноятлар, босқинчилик, талончилик, автотранспорт воситаларини олиб қочиш, фирибгарлик, ёшлар ва аёллар томонидан содир этилган жиноятларда эса ўтган йилга нисбатан ошиш ҳолати кузатилди.

  Сессияда сўзга чиққанлар томонидан, содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш омиллари атрофлича таҳлил қилиниб,  уларнинг олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган галдаги вазифалар бўйича аниқ режалар белгилаб олинди.

  Жиноят ўз-ўзидан содир бўлиб қолмайди. Албатта, унга кимдир ёки нимадир сабаб бўлади. Таъкидланганидек, уларнинг олдини олиш, қарши курашиш фақатгина ҳуқуқ-тартибот органларининг иши эмас, балки барчанинг муқаддас вазифасидир. Жиноят йўқ жойда хотиржамлик барқарор бўлади.

 

Отабек АСЛОНОВ.

Кўрилганлар сони: 2194