Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Дунёга келган инсон борки, яхши яшашга интилади, фаровон ҳаёт кечиришни истайди. Мустақил Ўзбекистонда ана шу интилишу истакни амалга ошириш учун ҳар томонлама шароит яратилган, десак, муболаға эмас. Зотан, бугун кўплаб юртдошларимиз ҳалол меҳнати, тадбиркорлигию яратувчанлиги билан нафақат ўзи ва оиласи, балки халқимиз турмуш тарзини яхшилашга, бозорларимиз сероб, дастурхонларимиз тўкин бўлишига ҳисса қўшмоқда.

Навбаҳор туманидаги "Оқ олтин" маҳал­ла­сида яшовчи Норқул ака Саноқулов ана шундай инсонлардан. У бугун оиласи билан шахсий то­­­морқасида қўзиқорин етиштириб, ички бо­зорни тансиқ маҳсулот билан таъ­мин­ла­япти.

...Тақдир экан, Норқул ака бундан ўн олти йил аввал, туман алоқа бўлимида ишлаб, кўп қатори рўзғор тебратиб юрган вақтида тў­сат­дан умуртқа чурраси дардига чалинди. Муо­лажалардан сўнг хасталик чекиниш ўрнига яна­да зўрайди. Уч нафар фарзанди айни "еяр­­ман, ичарман" даврида оила бош­ли­ғи­нинг юрол­май қолиши ташвишланарли ҳол эди, албатта.

Дардини берган давосини ҳам беради. Фа­­қат бунинг учун беморга яхши парвариш, меҳр керак эди. Оила бекаси Дилором опа "ўқи­­ган­ман, ишлашим керак", деб ўтирмай, севган кас­би ўқитувчиликдан воз кечиб бўлса-да, умр йўл­дошига елкадош бўлди. Бу орада Дилором опанинг ота-онаси Мелис ота ва Зубайда ая­лар Тошкентдаги сиҳат­гоҳ­лар­дан бирига да­воланишга бориб, қибрайлик Абдуманноп исм­ли киши билан танишишди. Мелис ота куё­вининг оғир дардга чалинга­ни­ни, унга қа­раёт­гани боис қизи ҳам ишла­маёт­ганини, бу ша­роитда уч болани катта қи­лиш осон­мас­лигини куюниб гапирди. Шунда Абдуманноп ака бағрикенглик билан уй ша­рои­тида ҳам ях­шигина даромад олиш мум­кин­лигини, им­кони бўлса, си­ҳатгоҳдан қай­тишгач, Дилором опа Қибрайга бориши ло­зим­лигини айтди.

— Унгача ўзим помидор, бодринг етиш­ти­ришга киришгандим, Қибрайга бориб-келгач эса таваккал қилиб, қўзиқорин экишга ки­риш­дим, — дея эслайди Дилором  опа. — Шукрки, бу орада дадамиз ҳам оёққа турдилар, бола­ла­римиз улғайиб қолди, ҳаммамиз бир ёқа­дан бош чиқариб, иш бошладик. Хуллас, 2002 йил­дан буён "вешенка" навли қўзиқорин етиш­­ти­рамиз.

Суҳбат асносида қўзиқоринлар ёриб чиққан оқиш "ғўлачалар"га ҳайратланиб қараёт­га­ни­мизни сезган Норқул ака суҳбатимизга қў­шилади:

— Булар елим халталарга жойланган ше­луха. Уруғ қадашдан аввал шелухани қай­натамиз, буни "стериллаш", деб атаймиз. Ке­йин уни со­витиб, қўзиқорин уруғи ара­лаш­тириб, елим хал­таларга жойлаймиз. Қопча­нинг икки та­рафи ҳам очиқ бўлиши керак, ичи­даги тўки­либ кетмаслиги учун эса уруғ ара­лаштирилган ше­луха яхшилаб "пресс­ла­нади".

"Вешенка"нинг нозик жиҳати — у намликни та­лаб қилади. Шу боис, хонадон эгалари ҳовлида ер остидан сув тортувчи насос ўр­натишган. Қишда эса табиий газ босими паст­­­лиги боис ҳамма "ғўлачалар"ни битта иссиқ­хо­нага, бир-бирига яқин ҳолда устма-уст те­ри­шаркан. Ҳаво исигач, улар учта иссиқ­хонага тенг тақсимланади.

Жорий йилда миришкор оила "шампиньон" навли қўзиқорин етиштиришни синаб кўр­моқ­да. Ёғоч қутидаги маҳаллий ўғитга омихта тупроққа экилган "шампиньон" уруғи алла­чақон оппоқ қалпоқчалар кўринишида кўкариб чи­қиб, "майдон" юзини қоплаган.

— Вилоятимизда ҳали ҳеч ким "шампиньон" етиш­тирмаган, биз биринчимиз, — дейди Нор­қул ака. — Меҳнатидан чўчимасангиз, "ве­шен­ка"нинг ҳам даромади бор, шунинг ке­ти­дан уч фарзандимизни ўқитдик. Ҳозир қи­зи­миз Зарина Навоий шаҳридаги 1-мак­табда ўқи­­тувчи, катта ўғлимиз Азизжон За­раф­шонда, Навоий кон-металлургия ком­би­на­тига қа­раш­ли заводда ишлайди, Ботиржон ҳам Навоий дав­лат кончилик институтини та­момлади.

Ҳа, халқимиз "қаловини топсанг, қор ҳам ёна­ди" ёки "иш билганга минг танга" нақл­ларини бежизга айтмаган. Норқул ака ва Ди­ло­ром опа­лар қисматдан бахт яратишди, улар тақдирнинг оғир синовига дош бериб, иқ­болга эришди. Бугун "Оқ олтин" маҳалла­сида бу оилага ҳамма ҳавас қилади.

Қаҳрамонларимиз билан хайрлашар­кан­миз, улар вилоятимизда мева-сабзавот­лар­ни қай­та ишловчи ва консерваловчи корхона­лар кўпайишини орзу қилишларини айтиш­ди. Чун­­ки бугунги кунда шахсий томорқа­лар­да етиштирилиб, бозорга чиқарилаётган қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми ха­ридорларга учинчи шахслар, яъни олиб-со­тарлар томонидан етказиб берил­моқ­да. Бун­дан маҳсулот етиштирувчи ва хари­дорнинг чўн­тагига муайян зарар етмоқда, шубҳасиз.

Яна шуни айтиш жоизки, мамлакатимизда қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта иш­лаш бў­йича фаолият юритувчи тадбир­корлар учун имтиёзлар ҳам мавжуд. Жумла­дан, дав­латимиз раҳбарининг яқинда эълон қилинган "Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулот­ларини ха­рид қилиш ва улардан фойдаланиш тизи­­ми­ни такомиллаштириш чора-тадбир­лари тўғ­рисида"ги қарорига мувофиқ мева-саб­за­вот, картошка, полиз маҳ­сулотлари ва узум­ни қай­та ишлайдиган хусусий корхоналар 2019 йилнинг 1 янва­ригача замонавий ускуна ҳамда техноло­гиялар олиб киришда божхона тў­ло­видан ва бир қатор солиқлардан озод этилди. Бу Норқул ака ва Дилором опалар таъ­кидлаган орзунинг амалга ошишига замин бў­лади, албатта.

Холбиби САФАРОВА.

Манбаа: dustlikbayrogi.uz

Кўрилганлар сони: 6952