вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш
Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат
Интерактив
давлат
хизматлари
21.02.2020 14:59:16
Навоийда Республика Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Республика Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан вилоятдан сайланган сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, ҳарбийлар ва вилоят фаоллари ҳамда ёшлар иштирокида “Ёшларда ҳарбий ватанпарварлик руҳини шакллантириш: муаммолар, ечимлар ва вазифалар” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиб, мамлакатимиз сарҳадлари дахлсизлиги, халқимиз тинчлиги ва осойишталиги ҳимоя қилиш юртимизда ҳар бир йигит учун наинки бурч ва шараф, балки ғурур, ор-номус ишига айланиши давр талабидир. Зеро, бугунги геосиёсий вазиятнинг мураккаб таҳдидлари замонавий ҳарбий қурол-яроқ билан бирга юксак ҳарбий ватанпарварлик ҳисларига эга, иродаси мустаҳкам, ғоявий иммунитет ва фаол фуқаролик позицияси билан ҳар қандай тажовузга зарба бера оладиган авлод камолини ҳам талаб этади.
- Мазкур омиллар инобатга олинган мамлакатда армия қудратли, шахсий таркибнинг жанговар-сиёсий тайёргарлиги талаб даражасида бўлади, - дейди Республика Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Б. Сайфуллаев. – Шу пайтга қадар миллий армиямиздаги ислоҳотларнинг энг муҳим амалий натижасини ҳарбий хизматдаги аҳлоқий, руҳий, маънавий муҳитнинг бутунлай янгиланганида, жамиятимизда армияга ва ҳарбий хизматга нисбатан ёндашув ва қарашлар тамомила ўзгарганида кузатиш мумкин. Шарафли бурчни адо этиш чоғида аскар ва ҳарбий хизматчилар учун яратилган шароитлар, тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақиқий Ватан ҳимоячисини камол топтириш мақсади ёки уларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш етарли эмас.
Таъкидлаш жойизки юртимизда муддатли ҳарбий хизматга танлов асосида олиш бўйича самарали тизим яратилган. Бу Қуролли Кучларимиз сафини ҳар томонлама муносиб ёшлар билан тўлдириш имконини бермоқда. Миллий армиямиз изчил равишда такомиллашиб, ҳарбий хизматчиларнинг профессионал, жанговар ва интеллектуал даражаси юксалаётир. Шу боис бугун Ватан ҳимоячиси деган шарафли номга мушарраф бўлиш ҳар бир йигитдан истак баробарида алоҳида тайёргарлик, жисмонан, маънан баркамолликни талаб қилиб, уни болаликдан ёшлар онги-шуурига сингдирмоқ зарур. Мазкур талаб ва омилларнинг услубий дастурлари, психологик тестлари, назарий ва амалий лойиҳалари мавжудми? Ёшларда ҳарбий ватанпарварлик руҳи қачон ва қайси маскан ёки муассасада шакллантирилиши зарур. Муаммони мавсумий тадбирлар билан ечиш тамойилидан қачон воз кечилади ва бу борада қандай таклифлар мавжуд. Конференцияда ҳарбий ватанпарварлик тарғибот-ташвиқотининг шу каби бугунги долзарб вазифаларига эътибор қаратилди.
- Мазкур анжуманда ёшларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, уларнинг онги ва қалбини мафкуравий, маънавий ва ахборот таҳдидларидан ишончли ҳимоя қилиш, уларда ғоявий иммунитетни мустаҳкамлашнинг долзарб вазифалари билан бирга, том маънода ватанпарварликнинг барча жиҳатларига эътибор қаратилди, – дейди Ўзбекистон “VETERAN” жангчи фахрий ва ногиронлар бирлашмаси Навоий вилоят бўлими раиси Ўткир Турсунов. – Зотан, ватанпарварлик маълум бир ёшга қадар чегараланиб, қўлга қурол олишга шайлик билангина тугамайди. Ёки Ватан шаънига нисбатан бўҳтонга нафратнинг ўзигина ватанпарварлик учун кифоя эмас. Конференцияда мазкур омиллар юзасидан самарадор таклифлар билдирилди.
Ватанпарварлик самимий, айни пайтда ҳар доим ошкор этилавермайдиган туйғу. Конференцияда масаланинг тарғибот ва ташвиқот жиҳатлари муоҳакама этиларкан, самимиятдан йироқ қўшиқлар, бўрттирилган сценарийлар, миллий менталитет инобатга олинмаган видеороликлар самара ўрнига мақсаднинг натижадорлигига путур етказаётганлиги аниқ мисолларда таҳлил этилди.
- Чақирувга қадар ҳарбийларни кўриб, ҳавасим келарди, - дейди Навоий давлат Педагогика институти талабаси Равшан Олимов. – Аста-секин ҳарбий хизматда бўлиш истагим, интилишга айланди. Астойдил тайёргарлик кўрдим. Рўйхатга олиниб, ҳарбийга чақирилганимда бутун оиламиз, айниқса ота-онам ниҳоятда қувониб кетди. Шу билан бирга Ватан ҳимояси ниҳоятда масъулиятли вазифа эканлигини, бундаги барча қийинчиликларни мардона енгиш зарурлиги қайта-қайта уқдиришди.
Дарҳақиқат, ватанпарварлик ҳисси шаклланишида оиланинг ҳам ўз ўрни бор. Конференцияда мазкур масалага ҳам эътибор қаратилиб, фарзанд ёки ака-уканинг Ватан ҳимоясига чоғланиши, чорланиши оила ва маҳалла-кўйнинг ифтихорига айланишини таъминлаш бўйича амалий таклифлар билдирилди. Зеро, ҳарбий хизматдан мустахкам ҳаётий қарашларга эга бўлиб қайтган йигитлар турли тармоқ ва соҳаларида самарали меҳнати, тинч-тотув оиласи билан маҳалланинг пировардида жамиятнинг барқарор маънавий муҳити кафолати ҳамдир.
Конференцияда Республика Олий Мажлиси Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Б. Сайфуллаев, Навоий вилояти ҳокими К. Турсунов ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Шунингдек, Республика Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси иш режасига мувофиқ Сенатнинг иккинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалаларни маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар аъзолари билан муҳокама қилдилар.
Темур Эшбоев (“Халқ сўзи”).
Тендер савдолари
Тендерлар ва танловлар
Барча юридик ва жисмоний шахслар, чет эл инвесторлари диккатига!!!
Ижарага бериладиган объектлар
Навоий вилоят Ҳудудий танлов комиссияси танлов эълон қилади!
ҳокимлик билан Боғланиш
Тел.: 8 (436) 229-6206
info@navoi.uz
Ўзбекистон Республикаси,
Навоий вилояти, Навоий ш.,
Халқлар Дўстлиги кўчаси, 77а