Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Конституциямизнинг яратилиш тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Туркистонда ўтган йилларда жаҳон тажрибаларига мувофиқ тарзда бир нечта конституциялар ишлаб чиқилди. Лекин улар ўз мазмун-моҳиятига кўра бошқа давлатларнинг миллий республикалар шароитига мувофиқлаштириб тузилган, ҳақиқий ҳаётий кучга эга бўлмаган конституцияларнинг нусхаси эди. 
Ўзбекистоннинг янги Конституциясини яратиш ғояси 1990 йилда Мустақиллик декларациясининг қабул қилиниши билан бевосита боғлиқ. Мазкур Декларация қабул қилиниши баробарида давлатимизнинг янги конституцияси ишлаб чиқилиши лозим, деган хулосага келинди. Президентимиз Ислом Каримов раислигида Конституциявий комиссия тузилиб, бу борадаги жаҳон тажрибаси ўрганилиб, турли давлатларнинг Конституция лойиҳалари диққат билан кўриб чиқилди.
1991 йил бошларидаёқ конституциянинг ғоявий мағзи, яъни концепциясини тайёрлаш устида иш олиб борилди. Комиссия томонидан маъқулланган концепция асосида бўлажак Бош Қомусимизнинг лойиҳасини яратишга киришилди. Ўзбек халқининг тарихий, миллий ва маънавий хусусиятлари имкон қадар тўлароқ акс эттирилган лойиҳа пухта ишловлардан сўнг умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилинди. Муҳокама давомида жами 6 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилди ҳамда улар асосида лойиҳа матнининг деярли ярмига тузатишлар, бир неча янги моддалар киритилди. Шундай қилиб, 1992 йил 8 декабрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ХI сессияси 12-чақириғида республикамиз Конституцияси қабул қилинди ва бу мамлакатимиз тарихида оламшумул воқеа бўлиб қолди. 
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Асосий Қонунимиз жаҳондаги энг мукаммал конституциялардан бири эканлигини бутун дунё тан олди. У ҳар жиҳатдан ихчам ва кенг қамровлилиги, халқчиллиги билан алоҳида ажралиб туради. Унда, айниқса, умумжаҳоний тажрибалар, демократик тамойиллар, миллий давлатчилик мероси бўлган “Авесто”дан тортиб, “Темур тузуклари”гача бўлган анъанавий принципларнинг омухта қилинганлиги эътиборга моликдир.
2003 йил 24 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 11 апрелда ва 2011 йил 12 декабрда қабул қилинган қонунларига биноан Конституциянинг айрим моддаларига тузатишлар, 2011 йил 18 апрелда ва 2014 йил 16 апрелда қабул қилинган қонунларига биноан айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ҳа, фақат миллий истиқлол туфайли халқимизнинг тамомила янги, инсон манфаатларини, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилувчи чинакам демократик Конституциясини яратишдек улкан тарихий имконият вужудга келди. Биз эса ўз Конституциямизга мувофиқ яшаб, меҳнат қилаётганлигимиз, янги жамият қуриш йўлидан бораётганимиз баробарида Асосий Қонунимизни пухта ва мукаммал ўрганиб боришимиз лозим.

Р. АРЗИЕВ, халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашининг депутати.

Кўрилганлар сони: 7251