Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

“Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси мамлакатимиз саноатида улкан салоҳиятга эга. Корхона жамоаси шунинг баробарида турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ҳам пешқадамлардан саналади.
Бу борада комбинатнинг уй-жой коммунал бошқармасига қарашли 15 гектардан зиёд майдондан ҳам унумли фойдаланилмоқда. 
Унинг 75 сотиғи иссиқхонадан иборат бўлиб, бу ерда лимон, бодринг, булғор қалампири ҳамда турли фойдали ва шифобахш кўкатлар етиштирилади. 
– 480 туп лимон кўчатимиз бор, – дейди иссиқхона раҳбари Адиз Идиев. – Шундан 165 тупини ёшартириш мақсадида таналарини каллаклаб, қайта парваришлаяпмиз. Кўчатларнинг қолган қисмидан 1 тоннадан ортиқ ҳосил олишни мўлжаллаганмиз.
Фақат иссиқхона билангина чекланиб қолмаган кончилар 8 гектарга яқин ерда мевазор боғ барпо этишди. Унинг бир гектарида токлар, қолганида эса олма, ўрик, қароли дарахтлари парвариш қилинаяпти. Улардан олинаётган сархил мевалар билан бирга бу ерда тайёрланаётган қуритилган мевалар ҳам комбинат тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ва дам олиш сиҳатгоҳларига йил давомида етказиб берилаяпти.
– Боғда етиштирилаётган мевалар, шунингдек, ишчи-хизматчилар дастурхони тўкинлигига ҳам хизмат қилаяпти, – дейди бошқарманинг режа-иқтисод бўлими бошлиғи Дилдора Баҳромова. – Шу мақсадда помидор, бодринг, бақлажон, булғор қалампири каби турли сервитамин деҳқончилик маҳсулотларидан ҳам мўл ҳосил етиштирилмоқда.
Ҳар бир ишнинг кўзини биладиган фаровонлик ижодкорлари корхона тасарруфидаги “Дўстлик” агрофирмасига ем-хашак етказиб бериш мақсадида буғдой, маккажўхори ва бедадан яхшигина ҳосил олишмоқда.
Булар улкан саноат корхонасида деҳқончилик йўналишида олиб борилаётган хайрли ишларнинг “денгиздан бир томчиси” холос. Бу борадаги бунёдкорликлар хусусида келгусида ҳам кўп ва хўп ёзилаверади.

Маърифат ШАРИПОВА.

Манбаа: navoiypress.uz

Кўрилганлар сони: 6638