Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Мустақиллик мамлакатимиз тарихида улкан ижобий ўзгаришлар даврини бошлаб берди.

  Ҳар бир соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилиб, аҳоли турмуш даражаси юксалишига замин яратилди. Хусусан, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, замонавий ишлаб чиқариш субъектлари фаолиятини йўлга қўйиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида олиб борилган ишлар самарасида ҳудудларда кўплаб янги корхоналар иш бошлади.

  Бундай ислоҳотларнинг бир кў­ри­ниши сифатида 2008 йилда рес­публикамизда илк бор ташкил этил­ган "Навоий" эркин иқтисо­дий зо­насида айни пайтда 20 дан ортиқ корхона фаолият олиб бо­раёт­ган бўлса, уларда минглаб му­тахас­сис­лар меҳнат қилмоқда.

Автомобилсозлик ютуқлари

  Эркин иқтисодий ҳудудда бугун­ги кунда замонавий ускуналарни ишлаб чиқаришга мўлжалланган кор­хоналар томонидан маи­ший тех­никалардан тортиб авто­мо­биль эҳтиёт қисмларига қадар зарур во­ситалар тайёрланмоқда.

  Улардан бири "UzMinda" хори­жий ин­вес­тициялар иштирокида­ги масъулияти чекланган жа­мияти 2010 йилда Ўзбе­кис­тон — Ҳин­дистон ҳамкорлигида ташкил этил­ган. Бугунги кунда бу ерда ав­то­мо­биллар учун йилига 250 минг дона 30 тур­даги эҳтиёт қисм­лар йиғилмоқда. 90 на­фар­дан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган жа­моада "GM Uzbekistan" авто­мобиль за­­водининг "Damas", "Matiz", "Nexia 3", "Gentra" русуми­даги уловлари учун спи­дометр, эшик тутқичлари ишлаб чиқари­лаётир.

  — Ишимиз эътиборли бўлишни тақозо этади, — дейди қуйиш цехи оператори Ж. Эргашев. — Бир кунда 540 дона "Nexia 3" ав­томобили эшиклари учун тутқич иш­лаб чиқарамиз. Бу ҳам масъ­улиятли, ҳам завқли жараён. Ҳар бир қисмнинг си­фат­ли бўлишига аҳа­мият қаратамиз.   

  Йиғиш цехида ишлаб чиқарил­ган қисм­лар жамланиб, уларнинг сифати назо­рат­дан ўтказилади. Бу ерда ишчиларнинг асосий қис­ми ёшлар бўлишига қарамай, улар ўз ишини пухта билиши ва масъ­улият билан ёнда­ши­ши­нинг гу­воҳи бўл­дик.

  Корхонанинг ўзида сифат лабо­ра­то­рия­си ташкил этил­ган бў­либ, қадоқ­ланган маҳ­су­лотлар авто­мо­биль за­вод­ларига жўна­тилишдан ол­дин назо­рат­чи ходимлар то­мо­нидан яна бир бор тек­ши­рилади.

  Таъкидлаш жоизки, иш­чилар учун тиббиёт хонаси, бепул ов­қат­ланиш, шунингдек, келиб-ке­тиш учун автобус қатнови ташкил этилган. Бу эса иш сифати оши­ши, унумдорликда муҳим омил бўлмоқда.

  — Йил охиригача "Laсetti" ва "Nexia 3" русумлари учун магни­тола, спидометр, тутқичлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз, — дейди МЧЖ бош ди­рек­тори ўринбосари Т. Ражабов. — Лойиҳа ишга тушиши билан яна ўн кишининг банд­лиги таъмин­ланади.

Бир сўз билан айтганда, замо­навий тех­нология асосида иш олиб бораётган бун­дай корхона­лар иқтисодиётимизни ри­вожлан­ти­ришга муносиб улуш қўшаётир. 

Сархил мева-сабзавотлар — дунё бозорига

  Эркин иқтисодий зона тарки­би­да фаолият юритаётган "Agro­fresh" қўшма корхонаси Бирлаш­ган Араб Амирликлари билан ҳам­корликда ташкил этилган. Айни пайтда бу ерда сиғими бўйича мам­лакати­миздаги энг йирик ҳажм­­даги муз­лат­кичлар мавжуд.

Италия технологияси асосида жиҳозланган 3000 тонна миқдори­да сиғимга мўлжалланган мазкур мажмуада республикамизнинг бар­ча вилоятларидаги фермер ва тадбиркорлар ўзлари етиштирган озиқ-овқат маҳсулотларини си­фат­ли сақлаши ҳамда дунё бозо­рига экспорт қилиши учун зарур ша­роит­­лар яратилган.

  — Фаолиятимизнинг асосини со­вит­кичларда сақланаётган мева-сабза­вот­ларни ички ва ташқи бо­зорга мақбул нарх­ларда етказиб бериш ташкил этади, — дейди кор­хона иш юритувчиси Ф. Қўчқоров. — Ўтган мавсумда Корея Республикасига 87 тонна гилос, Россияга 60 тонна сабзи, 23 тонна анор, Бирлашган Араб Амир­ликларига эса 100 тоннадан ортиқ анор, узум, қовун, тарвуз ка­би маҳ­сулотларни экспорт қил­дик. Бундан таш­қари, юртимизда етиштирилаётган ман­дарин, хурмо, олма, шафтоли, ўрик каби мева­ларга ҳам дунё бозорида эҳтиёж юқори.

  2014 йилда Туркия давлатидан ускуналар келтирилиб, корхонада гилосни қайта ишлаб, қадоқлаш йўлга қўйилди. Нати­жа­да ҳар мав­сумда 1000 тоннагача маҳсу­лотни қадоқлаш имконияти яратилди.

  Айни пайтда мажмуада 17 нафар ходим доимий иш билан таъмин­ланган. Шу­нинг­дек, мева ва саб­за­вот­ларнинг ҳосилини йи­ғиб олиш даврида мав­сумий ишчи­лар­нинг сони 200 дан ортади. Кор­хона Навбаҳор тумани "Қоро­вултепа" маҳалласи ҳуду­дидаги 5 гектар май­донда ташкил этилган ин­тенсив боғда етишти­ри­лаётган 100 тонна­га яқин олмани тўлиқ экспортга йўнал­ти­ради. Бундан таш­қари, Қи­зил­тепа тума­ни­даги "Али­шер Акбар ол­ма­лари", "Хўжа Ажванди бобо", Навбаҳор тума­ни­даги "Ас­лон бобо" фермер хўжа­лик­лари би­лан са­ма­рали ҳам­кор­лик йўл­га қў­йилган.  

  — Бу ердаги музлат­кич­лар­да сақланаётган маҳсу­лот­лар­нинг си­фати ва нархи биз­­га доим ман­зур бўлган, — дей­ди сур­хондарё­лик хари­дор М.Каримов. — Шу са­бабли уш­­­бу корхонадан маҳ­су­лот олиб, мамлакати­миз­нинг бар­ча ви­лоят­ла­­ридаги бо­зорларга тез­кор­лик билан ет­­ка­за­миз. Ҳозир ҳам Тош­кент шаҳ­рида жойлаш­ган савдо марказла­ри учун 7 тонна сабзи ха­рид қил­дик.

  Бундай юқори тех­но­логияга эга объект­нинг хиз­мат турлари за­мон талабига тў­лиқ жавоб бе­ра­ди. Кор­хона ёзнинг жа­зи­рама­сида — ҳаво ҳарорати 50 дара­жа­дан юқори бўлган чўл минтақасида жойлаш­ган бўлса-да, бу ердаги захира маҳ­сулотлар­нинг сифатига ҳеч қандай зарар етмайди. Шунинг учун ҳам йилнинг истал­ган вақтида бозор растала­рига сархил ва тотли мева-сабза­вотлар мунтазам етка­зиб бе­ри­лади.

  Бундай имкониятлар вилоя­тимиз экс­порт салоҳиятини оши­риш ба­ро­барида эл дастур­хо­нининг тў­кинлиги, турмуши­миз фа­ро­вон­ли­гини таъминлашга хиз­­­­мат қилади.

Кўрилганлар сони: 4656