Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Шаҳарлар кун сайин ривож топиб, сайқалланган сари ўз бағрига минглаб одамларни чор­лайди. Йил сайин ўқишга, ишга, яшашга кўчиб келаётганлар ҳисобига Навоий шаҳри аҳолиси 134,8 минг нафарга етди. Қўшимча ерлар ўзлаштирилди, шаҳар ер майдони Кармана тумани Нарпай ҳудудига қараб кенгайди, янги очилган Торобий, Навоий кўчалари, "Ёшлик", "Умид" қўрғонида қад ростлаётган кўп қаватли уйлар, савдо шохобча­лари, сервис хизмати бундан ўн беш йил аввал тасаввурга ҳам сиғмасди.

Мустақиллик сабаб тур­муш тарзи юксалиб, яшаш шароити яхшиланган кишиларнинг ҳаётга қа­раши, онг ва тафаккури ошди. Тад­бир­­корлик, иш­би­лармонлик муҳити шакл­лан­ди. Бугунга келиб тадбиркор­лик билан шуғулланаётганлар сони эса 2406 нафарни ташкил этади. Иқти­содиётни ислоҳ этиш, кичик бизнес ривожи, ша­ҳарсозлик инфратузилма­си, ноқонуний қурилган қурилишлар, истеъмол бозо­рининг аҳволи каби мав­зулар бугун­нинг долзарб масала­лари сирасига киради.

Ушбу мавзулар юзасидан Навоий шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тад­биркорликни ривожлантириш масала­ла­ри бўйича биринчи ўринбосари Анвар Раджабов билан суҳбатлашдик.

— Навоий шаҳри йирик индустриал са­лоҳиятга эга, ишлаб чиқариш им­кониятлари кенг бўлган ҳудудлардан бири сифатида мамлакатимиз саноат тармоғида салмоқли ўринни эгаллаб келмоқда. Вилоят ва шаҳар корхонала­ри томонидан олтин, цемент, уран, воль­фрам, фосфорид, кимёвий ўғит­лар, сунъий тола, ип-калава каби саноат ва қурилиш маҳсулотлари иш­лаб чиқарилади.

Айниқса, хорижий ва маҳаллий ин­вестициялар оқимининг кун сайин ортиб бориши натижасида бу маҳсу­лотлар тури кенгайиб, таннархи ҳам арзонлашиб бораяпти. Биргина ўтган йилнинг ўзида инвестиция дастури асосида 48,6 млрд. сўмлик 230 та лойиҳа амалга оширилиб, 1739 та иш ўрни яратилди. Таҳлилларимизни кор­­хоналар мисолида давом эттира­диган бўлсак, "Ишонч Гилам" ҚКда йилига ўртача 1,5 млрд. сўмлик гилам маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бир­гина ўтган йилнинг ўзида 1,1 мил­лиард сўмлик маҳсулот ички бозор­ларимизга етказиб берилгани ҳолда бу кўрсаткич аввалги йилларга нис­батан 2 баробарга ошди. 2016 йил ин­вестиция дастурига асосан кор­хона томонидан 300 минг АҚШ долла­рига тенг модернизация ишла­ри амал­га оширилди. Натижада 15 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, жорий йилда саноат, хизмат кўрса­тиш, қиш­лоқ хўжалиги йўналишлари бўйича умумий қиймати 268,5 мил­лиард сўм бўлган 263 та лойиҳа ишга тушиши кўзда тутилган. Бунинг нати­жасида 2263 та ишчи ўрни яратилади. Бугун­ги кунга қадар ушбу лойиҳа­ларнинг 132 таси амалга оширилди. Булар саноат, озиқ-овқат, ноозиқ-ов­қат, қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотларини қай­та ишлаш ва кимё саноати корхона­лари­дир. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 26 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаш­тирилади. Бундан ташқари, 2017-2018 йилларда дастур асосида 17 та йирик ишлаб чиқариш корхоналари фойда­ла­нишга топширилиши режалашти­рилган. Ушбу лойиҳалар учун 436,4 миллиард сўм миқдорида капитал инвестиция йўналтирилади. Яқинда ЎзОмон Капитал инвестиция фонди ва Хитой давлатлари ишбилармон доира вакиллари билан инвестиция киритиш бўйича музокаралар ўтказ­дик. Кела­жакда бу борада режа­лаш­тирган иш­лари­миз улкан.

— Шаҳарда олиб борилаётган қурилиш иш­лари, тадбиркорлар барпо этаётган ин­шоот­­лар, дўкон ва супермаркетлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Тикланаётган бинолар шаҳарсозлик талабларига жавоб берадими?

— Ривожланиш бир жойда тўхтаб қол­май­ди, шиддат билан илгарилаётган тараққиёт, қурилиш соҳасида ҳам туб ўзгаришларни белгилаб берди.

Афсуски, ўтган йилларда айрим мутасад­диларнинг кўнгилчанлиги ёки бошқа сабаб­лар билан шаҳарсозлик талабларига зид равишда қурилган бинолар кўпайиб кетди, ҳар қадамда палапартиш тикланган кичик-кичик дўконлар сабаб шаҳарнинг кўркига путур етганини кўраяпмиз. Бундай қурилиш­лар шаҳарсозлик нормалари, архитектура талабларига жавоб бермайди! Қизиғи, айрим дўконларнинг лозим бўлган ҳужжат­лари етарли бўлмаса ҳам қурилишига рух­сат берилган. Айримларида ҳужжатда енгил конструкция асосида қурилиш олиб бориш кўрсатилгану амалда эса ғиштдан тикланган. Белгиланган қонунчиликка зид қурилган бун­дай бино ва иншоотлар ўрнига шаҳарсозлик меъёрларига жавоб берадиган замонавий биноларни барпо этсак мақсадга мувофиқ бўларди. Ўзбекистон Республикасининг Ер Кодексига асосан, ер вақтинчаликка ёки доимий фойдаланишга берилади. Фуқаро­ларга берилган ер майдонлари зарур эҳти­ёж­лар учун фойдаланилмай, ташландиқ ҳол­га келтирилган тақдирда улар эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши қонун билан кафолатланган.

Афсуски, ўн йил давомида ҳам қурилиш ишларини олиб бормаган тадбиркорлар­нинг боқи-беғамлиги сабаб ажратилган ер майдонларидан фойдаланилмай келинмоқ­да. Эндиликда бу ҳолатларга чек қўйиш вақ­ти етди. 66 та саноат йўналишида ажратил­ган ер-жойларни давлат заҳирасига олиш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда. Чунки совуққонлик, эътиборсизлик сабаб ша­ҳардаги 35 гектар ер самарасиз, фойда­ла­нилмай келинаётгани ҳисобига ишлаб чи­қа­риш, саноатни ривожлантириш, қўшимча иш ўринлари яратиш оқсаяпти. Ачинарлиси, бу ерларда ишлаб чиқариш корхонаси ёки иссиқхона қураман, каби ваъдалар билан шаҳарнинг олтинга тенг ери ҳужжатлаш­ти­рилган. Аммо қани ўша корхонаю заводлар, ўн йил бўлдиямки, қақроқ ерларга битта ғишт тикланмади-ку! Ачинарлиси, ўн йил да­вомида улардан, қани сен қурмоқчи бўлган фабрикаю завод, деб сўровчини ўзи бўлма­ган. Яна қўштирноқ ичидаги айрим "ишби­лармон"лар уч, тўрт гектар ернинг атрофини ўраб олади-да, чайла сифат бино­чани тиклаб, ернинг бир қисмини бошқа бировга пуллашга ҳаракат қилади. Мана шундай ерни бизнесга айлантириб олганлар хам бор. Ҳолбуки, Ер Кодексида, ер сотил­мас­лиги белгилаб қўйилган. Ҳуқуқий мада­нияти­мизни ошириш, қонунларга ҳурмат билан қараш фурсати етиб келди.

Шаҳар ҳудуди 5 153 гектарни ташкил эта­ди.  Бугун чин маънода тадбиркорлик қила­ман, четдан инвестиция киритаман, деган ташаббускор ишбилармонгагина чекланган ер ажратсак мақсадимизга эришамиз.

— Шаҳардаги деҳқон бозорларидаги анти­санитария ҳолатлар, тўғри келган ерда сав­до-сотиқни амалга ошириш бўйича жуда кўп бор танқидий гапирилди. Бозорларнинг бугунги аҳволи, муаммолар ечими ҳақида ҳам сўз юритсангиз?..

— Яқинда Навоий шаҳридаги қатор бозор­ларимиз раҳбарлари алмаштирилди. Янги тайинланган раҳбариятга янгича ишлаш тартибини жорий этиб, салбий ҳолатларга чек қўйиши бўйича тушунтирилди. Бугун тадбиркорлик соҳасига ёндошувни кескин ўзгартириш керак. Афсуски, тадбиркорла­римиз орасида ҳамон эскича фикрлайдиган­лари учрамоқда. Қонунан талаб қилганда, худди тадбиркорнинг ҳуқуқини чеклагандек бўлади, аммо қонунбузилиш ҳолатидан кўз юмиш хизмат вазифамизни суъистемол қилишга тенг, деб ўйлайман. Бозорларда бор савдо нуқталарига назорат касса маши­налари ва терминаллар ўрнатилган бўлиб, солиқ тўлаб ишлаяпти. Аммо дарвозани ёнида қўштирноқ ичидаги тадбиркор кўчма савдо билан шуғулланяпти, унда на терминал ва на касса аппарати қўйилган, нақд пулда муомала қилаяпти! Бу ҳолат, қонуний ишла­ёт­ган тадбиркорга нисбатан ноҳақлик эмас­ми? Аслини олганда кўчма савдо чет жойлар­да, дейлик чўл зоналари, олис тоғли ҳудуд­лар­да ташкил этилиши керак. Лекин бугун шаҳарда юзлаб кўчма савдо билан шуғулла­ниб келаётганлар бор. Бозор дўконларида ҳамма маҳсулот етарли бўлиб турганда кўчма савдога қандай эҳтиёж бор, деган ўрин­ли савол туғилади. Айрим ҳолларда но­қонуний савдога чек қўйиш талаб этилганда қўштирноқ ичидаги тадбиркорларимиз жан­жал кўтаришни ўзларига одат қилиб олиш­моқда. Гўё шу йўл билан нотўғри фаолия­тини ҳимоялаб келяпти. Савдо ходими, со­тув­чи этикаси, муомала маданиятини ўр­ганиш пайти келди. Замон илгарилаб кетяп­ти, истеъмолчининг талаби ошди. Бозор рақобат майдони. Бунда фақат сифатли маҳсулотгина ўз харидорини топади. Чангга беланиб ётган, нотоза ҳолдаги эмас балки, дўкондаги музлатгичда чиройли сақланган маҳсулот сотиб олинади. Шу ўринда, деҳқон бозорларининг аҳволини қаранг. Унинг нимаси деҳқон бозори, олиб сотар бозори десак, тўғри бўлар. Чунки бозор расталари­да ўтириб савдо қилаётганлар орасида биронта ҳам деҳқонни кўрмайсиз! Деҳқондан арзон-гаровга мева-чева, сабзавотларни сотиб олган олиб-сотар, бели оғриб етиш­тир­маган маҳсулотни қўли-қўлига тегмай сотяпти. Бу ҳолатларни ҳам тартибга олиш, бозор структурасини тубдан яхшилаш, бел­гиланган қонунчиликка риоя қилган ҳолда ишни ташкиллаштириш масалаларига эъти­бор қаратилмоқда.

Ҳилола ИСМАТОВА суҳбатлашди.

Манбаа: dustlikbayrogi.uz

Кўрилганлар сони: 2940