Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Санъат — сеҳрли олам. Бу сирли дунё кимнидир дилбар куй-наволар, яна кимнидир ажиб созлар оҳанги билан ўзига мафтун этади. Юракдан ижро этилган қўшиқларнинг инсонни гўзалликка бошлаши, қалб изтиробларига малҳам бўлиши бежиз эмас. Умуман олганда, санъатнинг қай тури бўлмасин, у эзгуликка хизмат қилмоғи лозим.

Шу жиҳатдан олганда, мам­ла­катимизда соҳани ривож­лантириш бўйича амалга оши­рилаётган ишлар диққатга сазовордир. Президентимиз­нинг жорий йилнинг май ойида қабул қилинган маданият ва санъат соҳасини янада ривож­ланти­риш ва такомиллаш­ти­ришга доир чора-тадбирларга ба­ғиш­ланган қарорида таъ­кидланганидек, муста­қиллик йилларида юр­ти­мизда мада­ният ва санъат соҳа­сини ри­вожлантириш, жаҳон миқёсидаги ил­ғор таж­рибалар асоси­да за­мо­навий мада­ният ва санъат муасса­салари барпо этиш, уларнинг моддий-тех­ник базаси­ни мустаҳ­камлаш, ижодкор зиё­лиларни ҳар томон­лама қўллаб-қувватлаш масала­ларига давлатимиз томонидан устувор аҳамият қаратиб келинмоқда.

Дарҳақиқат, ёшларда ватан­парварлик туйғусини кучайти­риш, асл истеъдод эгаларини аниқлаш ва рағбатлантиришда соҳада ўтказиб келинаётган турли кўрик-танловларнинг аҳамияти катта. Яқинда пой­тах­тимизда ана шундай тан­ловлардан бири бўлиб ўтди. Республика маданият, санъат ва мусиқа коллежлари ҳамда академик лицей ёш ижрочила­рининг танловида мамлака­тимиз бўйлаб 584 нафар ёш ижрочи қатнашди.

— Мазкур танловда ҳозирги кунгача қатнашган 12000 на­фарга яқин иштирокчининг 1272 нафари лауреат бўлган, — дейди биз билан суҳбатда вилоят маданият бошқармаси бош мутахассиси Суннат Бо­боқулов. — Уларнинг акса­рияти бугунги кунда давлати­мизнинг юқори даражадаги мукофотларига эга бўлишди. Танловда вилоятимиз вакил­лари ҳам қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритгани қувонарли. Беш юз нафардан ортиқ номзод орасидан сов­рин­дор бўлиш, бу истеъдод ва меҳнатнинг биргаликдаги са­ма­раси деб ҳисоблайман.   

Фортепиано, эстрада ижро­чи­лиги, халқ чолғулари, акаде­мик хонандалик, хореография, театр санъати, фольклор ижро­чилиги каби 12 та йўналишда Навоий маданият ва санъат коллежи ўқувчилари — қўғир­чоқ театри актёрлиги бўйича Умид­жон Қурбонов, анъанавий чолғу (танбур)дан Fайрат Аб­диев, эстрада хонандалиги бўйича Анатолий Назаровлар фахрли 3-ўринни қўлга кири­тишди.  

Саҳнадаги ҳаяжон ва завқ

Қўғирчоқ театри спектакл­ларини болалигимизда экран орқали маза қилиб томоша қилганмиз. Эртак қаҳрамон­ларидаги ижобий фазилатлар, камтарлик, хушмуомалалик, ширин сўзли бўлиш, бировга ҳасад қилмаслик кабиларга ҳавасимиз ортган. Уларга ўх­шашга интилганмиз. Қўғирчоқ театрлари тарбиявий аҳамия­тининг баландлиги шунда на­моён бўлади. Актёрларнинг ҳам бу борадаги беғуборлиги, болаларча соддалиги улар­нинг ютуғидир аслида. Навоий маданият ва санъат коллежи қўғирчоқ театри актёрлиги 2-курс ўқувчиси Умиджон Қурбо­нов билан бўлган суҳбатимиз, унинг орзу-ниятлари, танлов жараёнлари, келгусидаги мақ­садлари ҳақида бўлди.

— Санъатга оиламизда ало­ҳида қизиқиш, меҳр бор, — дейди биз билан суҳбатда республика танлови соврин­дори. — Шунинг учун ҳам ота-онам, яқинларим доим мени қўлла­шади. Икки ҳафта даво­ми­да Ўзбекистон давлат мада­ният ва санъат институтида бўлиб ўтган танлов ҳаётимда бутун­лай ўзгача из қолдирди. Авва­ло, халқ ардоғидаги ис­теъ­дод­ли санъаткорлар олди­да иқти­доримизни намоён этгани­мизнинг ўзи мен учун катта ҳаяжон бўлди. Қўғирчоқ театри актёрлиги йўналиши бўйича илк чиқишимиз этюд­лардан бошланди. Унда мен ҳайвонот олами, қушларнинг хатти-ҳа­ракатларини кўрсатиб бер­дим. Этюд — сас-садосиз, фа­қат пластика, мимикага асос­ланган бўлгани учун ҳам бу борада қийинчилик бўлиши табиий. Кузатув бунда актёр­нинг асосий шиорига айлана­ди. Агар, сиз кўрсатиб бермоқ­чи бўлган нарсангизни қанча­лик кўп кузатиб, ҳар бир кичик деталигача аҳамият қаратган бўлсангиз, унда муваффақият албатта, сиз томонда бўлади.

Кейинги босқичда қатнашчи­ларнинг овози, ижро маҳорати синовдан ўтди. У. Қурбонов­нинг драма актёрлигига ҳам ҳаваси баланд. Танловда у ги­тарада қўшиқ айтди, қушлар­нинг овозида "сайради". Ҳакам­лар томонидан одилона баҳоланиб борилган чиқишлар­да вилоятимиз вакили истеъ­доди эътироф этилди. Айниқ­са, Туркиянинг "Соялар" теат­ри услубида намойиш этилган бирмунча қийинчиликка эга "Дорбоз қиз" ижроси ҳеч бир вилоят қатнашчиси томонидан олиб чиқилмагани боис, ало­ҳида мақтовга лойиқ деб топил­ди. Шунингдек, Жўра Маҳмуд­нинг "Қичқир, хўрозим" спек­таклидан ижро этилган парча, қўғирчоқларнинг Хоразм лаз­ги­сига "рақсга тушиши" йиғил­ганларнинг олқишига сазо­вор бўлди. 

— "Чарли Чаплин-сартарош" мавзусида машҳур актёрга тақлид қилишга ҳаракат қил­дим, — дейди У. Қурбонов суҳбатимизни давом эттириб. — Коллеждаги устозим Ак­мал­жон Шодиевнинг маслаҳат­лари бўйича, аввало, бу актёр ҳаёти ва ижоди ҳақида кўплаб маълумотларни ўргандим. Яна "Чин дўст" этюдини завқ билан ижро этдим. Бир-бирига ўрга­ниб қолган чол ва итнинг садо­қати, вафодорлиги мени таъ­сирлантирди. Ва яна....санъат даргоҳининг гўзаллиги, унда талабалар учун яратилган ша­роитларни кўриб, албатта, бу олий ўқув юртида таълим олиш­ни, ижодимни давом эт­тиришни ният қилдим. Танлов даврида кўплаб дўстлар орт­тирдим. Орзуларим катталаш­ди. Мақсадим қатъийлашди. Тошкентдан бир олам таас­сурот билан қайтдик.   

"Бармоқлар юракдан куч олади"

Умиджон Қурбоновнинг ютуғида Навоий маданият ва санъат коллежи ўқитувчиси Акмал Шодиевнинг муносиб ҳиссаси бор. Устознинг бир неч­та ўқувчилари айни шу йўналиш бўйича институтда таълим олган. Баъзи бирлари­нинг ўзи ҳам ўқитувчи бугун.

— Қўғирчоқ театри иши чет­дан қараганда, оддий, содда, осондек кўринади, — дейди домла биз билан суҳбатда. — Аслида бу бошқа театрлардан бутунлай фарқ қилади ва ўз мураккаблигига эга. Тасаввур қилинг, сиз бор қувонч ва таш­вишни жонсиз қўғирчоқларда ифодалаб беришингиз керак. Бу жуда қийин. Қўғирчоқ теат­ри актёрининг ҳам овози, ҳам қўл пластикаси яхши бўлиши керак. Бу театр актёрларида бармоқлар юракдан куч олади. Сиз ипли қўғирчоқ билан иш­лайсизми, ёки симли, ёки "Соя­лар" театрида қўл пласти­каси моҳирлиги билан баро­барда юракдан образни ҳис қилиб туришингиз керак. Бола­дек кулиб, боладек йиғлолма­сангиз, бари бефойда. Шо­гирд­ларимга ҳам бу ҳақида кўп айтаман. Энг муҳими, ҳар бир этюд, ёки спектакль ўғил-қиз­ла­римиз учун тарбия манбаси бўлиб хизмат қилиши керак. Масалан, биз танлов учун тан­лаган "Қичқир, хўрозим" спек­такли парчасида хўроз­нинг адолатпарварлиги, рост­гўй­лиги, ҳақиқатпарварлиги акс этади. Болалардаги ижо­бий хислатлар шаклланишида қўғирчоқ театрларининг муно­сиб ҳиссаси борлиги ҳар бир чиқиш маънавий, тарбиявий жиҳатига жиддий ёндашиш кераклигини англатади. Ўзбе­кис­тонда хизмат кўрсатган артист, устозимиз Фатҳулла Ходжаевдан ҳалигача масла­ҳатлар олиб тураман. Шогирд­ларимга ҳам бор билимимни бе­рар­канман, устозлари­миз ўргатганларидек, қўғирчоқ театрида сохталикка йўл қўйиб бўлмаслигини таъкид­лашдан чарчамайман.   

Орзулар жонланганда...

Домланинг сўзларидан сўнг, биз болалик чоғимиз севиб томоша қилган "Оқшом эртак­лари" кўрсатувини ёдга ол­дим. Дарҳақи­қат, унда бола­лар­га ажойиб эртакларни ўзи­га хос маҳорат би­лан сўзлаб берадиган санъаткор Фатҳулла Ходжаевнинг болалар­ча қув­ноқ­лиги, ёнида­ги қўғирчоқлар билан худди боладек сами­мий, завқли суҳбатла­ри кўз олдимда гавдаланди. Чиндан, беғуборлик тарк этма­ган ни­гоҳлар билан болажон­лар қалбига йўл топиш мумкин экан. Чиндан, қўғирчоқ театри сохталикни қабул қилолмаскан. Шундай пайтларда дилимда яна ўша эски орзу жонланиб қолади. "Қанийди, бизда ҳам театр, ҳеч йўқса, қўғирчоқ теат­ри бўлсаю, унда болажонла­римиз мазза қилиб маънавий ҳордиқ олишса" деб ўйлайман. Президентимиз томонидан ма­даниятни, санъатни янада ри­вожлантиришга бўлган эъти­бор ҳақида юқорида келтирил­ганди. Демакки, бу орзумиз яқин йилларда амалга ошиши­га умид қилсак бўлади. Шунда Умиджон Қурбонов сингари юзлаб истеъдодли, иқтидорли ёшларимиз ўз вилоятимизда, ўз театр саҳналарида маъна­вият­ни бойитишга хизмат қи­лувчи спектакллари билан биз­га ҳам унутилмас таассу­ротларни ҳадя этишар эди. Шундай эмасми? Ахир, бунга аксариятимиз муштоқмиз.

Зулфия БОБОЕВА,

Сурат муаллифи Жумамурот МИРЗАЕВ.

Манбаа: dustlikbayrogi.uz

Кўрилганлар сони: 6139