Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш, ҳаёт тарзини ўзгартириш, дарду ташвиши ва муаммоларини ўрганиб, ўз вақтида ҳал этиш ҳамда бу борада янгича тизимни яратиш юртимизда энг устувор масалалардан бирига айланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 августда эълон қилинган «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида айнан шунга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳужжат доирасида аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашнинг самарали механизми йўлга қўйилди. Президентимизнинг жорий йил 8 январда имзоланган «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эса халқ билан манзилли мулоқотнинг йўлга қўйилиши ва секторлар фаолиятидаги қатор камчиликларни бартараф этишга имкон яратди. Унда сектор раҳбарларининг зарур ташкилий ва молиявий ваколатлари, шунингдек, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиши белгиланди. Бу эса секторлар кесимида ишларни ташкил этиш сифатини ошириб, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтирмоқда.
Хусусан, вилоятимиз туман ва шаҳарларида ҳам янги тизим асосида ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ бошқармаси ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилигидаги тўртта сектор фаолият кўрсатмоқда.
Кармана тумани ҳокимлигига ҳудуддаги «Тошработ», «Паҳлавон», «Деггарон», «Малик», «Сардоба», «Дўстлик», «Азамат», «Дўрман», «Қаҳрамон», «Кумушкон» маҳаллалари бириктирилган бўлиб, уларда 28 минг 521 киши истиқомат қилади. 18 та кам таъминланган ва 326 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оила мавжуд.
— Одамларнинг оддий ҳаётий эҳтиёжлари, муаммоларидан вақтида хабардор бўлиш, мақбул ечим топиш, халқ ташвиши билан яшаш ҳар биримизнинг қатъий қоидамизга айланди, — дейди туман ҳокими, 1 сектор раҳбари Ф. Умаров. — Ишларимизни амалда намоён бўладиган даражада ташкил этишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Пировардида, муаммоларнинг асосий қисми жойида ҳал қилиниб, норозиликлар ва сарсонгарчиликларнинг олди олиняпти.
Ўтган йил давомида сектор бўйича жами 546 нафар кам таъминланган, ногиронлиги мавжуд шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага амалий ёрдам кўрсатилди. Сектор ҳудудида истиқомат қилувчи 632 нафар фуқаро иш билан таъминланди. Эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлиги бор фуқароларга эса турли реабилитация маҳсулотлари берилди.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида 102 нафар хотин-қизга имтиёзли кредит асосида замонавий тикув машинкалари олиб берилди.
Бундан ташқари, секторда янги иш ўринлари яратиш мақсадида 749 миллиард 200 миллион сўмлик 31 та лойиҳадан иборат манзилли дастур ишлаб чиқилган. Уларни жорий йилнинг сўнгигача амалга ошириш кўзда тутиляпти. Натижада 1 минг 544 та янги иш ўрни яратилиб, бюджетга 105 миллиард сўмлик қўшимча солиқ туширилади.
Тумандаги «Янгиобод», «Уйрот», «Айрончи», «Хончарбоғ», «Арабхона», «Шибзон», «Нурафшон», «Аллон», «Юқорибуғ» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида туман прокурори раҳбарлик қилаётган 2 сектор фаолият олиб боради. Сектор фаолиятида аниқланган муаммоларни манзилли бартараф этиш бўйича 2019 йилга мўлжалланган йўл хариталари ишлаб чиқилиб, ижроси юзасидан ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ҳар доим эътиборда.
Ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида «Аллон» МФЙдаги «Жавоҳир Жавлон Кармана» оилавий корхонасига иссиқхона қурилиши учун 180 миллион сўм миқдорида банк кредити ажратилиши таъминланди. «Хончарбоғ» МФЙда яшовчи Н. Сафарова, Н. Шокирова, У. Илясоваларга тикувчилик фаолияти билан шуғулланиш учун имтиёзли кредит ажратилишига кўмаклашилди.
Шу ўринда айтиш зарур, «Нурафшон» маҳалласи аҳолисини тоза ичимлик суви йўқлиги қийнаб келаётганди. Сектор мазкур муаммонинг бартараф этилишида ташаббус кўрсатди. Қувурлардаги барча носозликлар бартараф этилиб, 80 дан ортиқ хонадон узлуксиз ичимлик суви билан таъминланди. Бундан ташқари, «Уйрот», «Арабхона», «Шибзон» маҳаллалари аҳолиси ҳам тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлишаётганидан бахтиёр.
— Илгари сувни қўшни қишлоқдан ташиб келтирардик, — дейди «Нурафшон» МФЙда яшовчи З. Эшмуродова. — Ёш болали ёки қаровчиси йўқ кексалар учун бу қийинчилик туғдирарди. Ўтган йилнинг охирида бундай сарсонгарчиликдан батамом қутулдик. Ҳудудимизга ҳам ичимлик суви келди. Ҳозирда унинг ҳар томчисидан оқилона фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз.
3 секторга қарашли ҳудудларда айни кунда 2 та мактабгача таълим муассасаси ва 5 та умумтаълим мактаби фаолият кўрсатяпти.
Сектор томонидан ҳудудни ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти.
— Ўтган йил давомида 154 та мурожаат қабул қилинди, — дейди сектор ишчи гуруҳ котибаси М. Собирова. — Уларнинг асосий қисмини тиббий ёрдам, ижтимоий ва ҳуқуқий масалалар ташкил этади. Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахслар билан 35 маротаба сайёр қабул ўтказилди. Аризалар тегишли мутасаддилар иштирокида ўрганилиб, аксарияти жойида ҳал этилди. Айрим мурожаат эгаларига керакли тавсия ва маслаҳатлар бердик.
Ўтган даврда 3 минг 754 метр ички йўл таъмирланди. 11 умумтаълим мактабига бориладиган пиёдалар йўлакчаси янгидан қурилиб, ўқувчиларнинг хавфсизлиги таъминланди.
«Пахтаобод» маҳалласида яшовчи А. Баҳронов фуқаролик паспорти йўқолганлиги сабабли кўп муаммоларга дуч келаётганди. Никоҳ гувоҳномаси, фарзандининг туғилганлиги ҳақидаги ҳужжати ҳам йўқ эди. Сектор унинг бу муаммосини ўрганиб, тезда ҳал этди ва керакли барча ҳужжатлар олинишида кўмаклашди. А. Баҳронов оворагарчиликларга барҳам берилганидан хурсанд.
Шу ҳудудда истиқомат қилаётган З. Жумаева эса оиласидаги етишмовчилик сабаб ногиронлиги бор фарзандига махсус кроват ололмай юрган эди. Сектор ёрдами билан унинг муаммоси ўз ечимини топди. Янги буюм боласини парваришлашга ёрдам бераётганидан онанинг кўнгли шод.
«Камолот» маҳалласида яшайдиган М. Жабборова узоқ йилдан буён оёқ оғриғидан азият чекади. Яқинлари, қўни-қўшниси унинг ҳолидан тез-тез хабар олишади. Аммо оилавий шароити туфайли кўп дори-дармонга ва қаровга муҳтожлик сезарди. Бу масалада сектор раҳбарига мурожаат қилди. Муаммо эътиборсиз қолмади. Майсара опага керакли дори-дармон олиб берилиб, алоҳида ҳамшира ҳам бириктирилди.
4 сектор штаби Кармана туманидаги 2 сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида жойлашган. Унинг зарур жиҳозлар ва ахборот коммуникация технологиялари билан таъминлангани мурожаат эгаларига қулайлик яратяпти.
Сектор ҳудудида 13 та маҳалладаги 8 минг 612 та хонадонда 44 минг 375 киши яшайди. Ҳудудда жойлашган давлат муассасалари, тадбиркорлик субъектларидан фойдаланган ҳолда ўтган йилда 978 та янги иш ўрни яратилди.
Ўтган йил давомида ҳудудда қатор курилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жумладан, 5 та умумтаълим мактаби таъмирдан чиқарилди. 2 та хусусий мактабгача таълим муасасаси янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, хусусий клиника қурилиб, 35 та янги иш ўрни яратилди. Бундан ташкари, сектор ҳудудида жойлашган Қосим шайх, Хўжа Хисрав ва Мирсаид Баҳром мақбаралари тўлиқ таъмирдан чиқарилди.
Секторда ҳар пайшанба тадбиркорлар куни сифатида белгиланган. Шу куни ишбилармон соҳа вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, уларга кўмаклашиш, мавжуд муаммоларини бартараф этиш мақсадида тегишли корхона ва ташкилотларга топшириқлар берилмоқда. Бундан ташқари, аҳоли билан учрашувларда ҳар бир оилада тадбиркорлик муҳитини яратиш тавсия қилиняпти. Имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши учун 459 та мурожаат эгасига тавсиянома берилди.
— Вақтинча ишсизлигим сабаб иқтисодий жиҳатдан кўп қийналдим, — дейди «Арғун» маҳалласида яшовчи М. Ярмуҳаммедова. — Маҳалла тавсияси ва сектор ёрдами билан имтиёзли кредит олиб, тадбиркор сифатида фаолият бошладим. «Ширин диёр» оилавий корхонасини ташкил этганман. 10 нафар ишчи билан 20 турдаги ширинлик ишлаб чиқарамиз. Фаолиятимни янада кенгайтириш ниятим бор.
Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, халқ учун хизмат қилса, бугунимиз гўзал, эртамиз янада фаровон бўлаверади. Халқ ишончи, унинг розилиги сиёсатнинг бош мезонига айлангани эса тараққиётимизнинг муҳим кафолатидир.

Зебо ҚУТЛИЕВА,
«Дўстлик байроғи» мухбири.

Кўрилганлар сони: 3899