Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Бугун Ўзбекистон барча соҳаларда, жумладан, физика-математика фанлари, био ва кимё технологиялари йўналиши, янги материаллар яратиш борасида салмоқли натижаларга эришмоқда. Мамлакатимиз илмий муассасалари фаолияти иқтисодиётимиз ва унинг реал секторларини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни ҳал этишга қаратилган. 

Мавжуд илмий салоҳиятдан фойдаланган ҳолда самарали инновацион тизим яратиш Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор вазифаларидандир. 

Дунё бозорида рақобат кучайиб бораётган бир шароитда мамлакатимизда иқтисодиётнинг замонавий, яъни инновацион шаклини яратиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан илм-фан ва ишлаб чиқаришни ўзаро боғлайдиган мустаҳкам механизм босқичма-босқич ишлаб чиқилмоқда. Бунда олимлар ўз тадқиқотларини иқтисодиёт ва жамиятнинг муайян эҳтиёжларига йўналтирса, иқтисодиёт тармоқлари уларнинг инновацион фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашдан манфаатдор бўлади. 

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 15 июлдаги «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси ушбу механизмнинг муҳим воситаси бўлиб, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси, маълумот алмашиш ва мамлакатимиз технологиялари трансферига хизмат қилаётир. 

Ўтказилган саккиз ярмарка доирасида 4 мингдан ортиқ ишланма тақдим этилиб, жами 3200 дан зиёд шартнома имзоланди. Шартномаларнинг амалга оширилиши самарасида 23 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариши йўлга қўйилди. Ишлаб чиқарилган янги товарлар умумий қиймати бир триллион сўмдан ошди. 

Инновацион технологиялар ишлаб чиқувчилар ва иқтисодиёт реал сектори корхоналари ўртасидаги кооперация алоқалари ҳам босқичма-босқич мустаҳкамланиб бормоқда. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институти томонидан Марказий Қизилқум фосфорити асосида азот-фосфор ўғити олиш бўйича ишлаб чиқилган дунёдаги илк технология «Навоийазот» акциядорлик жамиятида жорий этилди. Бунинг самарасида 2010 ва 2014 йилларда қиймати 8,1 миллиард сўмлик 40 минг тонна ва 54 миллиард сўмлик 180 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди. 

Тошкент кимё-технология институти томонидан маҳаллий хомашё асосида экстракцион фосфор кислотаси олиш бўйича ишлаб чиқилган янги технологиянинг «Аммофос-Максам» акциядорлик жамиятида жорий этилиши самарасида 2008-2014 йилларда қиймати қарийб 580 миллиард сўмлик 795 минг тонна фосфор ўғити ишлаб чиқарилди, 123,6 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. 

Чигитдан таркибида госсипол кам бўлган кунжара ва тез тозаланадиган ёғ олиш технологияси йўлга қўйилди ва бу чорвачилик эҳтиёжи учун кўп миқдорда кунжара ишлаб чиқариш имконини беради. Ушбу янги ишланма Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмасининг 18 корхонасида жорий этилиб, қиймати 145 миллиард сўмлик 530 минг тонна зарарсиз кунжара ишлаб чиқарилди. 

«Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни корхоналарида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси муассасалари томонидан яратилган ўттиздан ортиқ турдаги янги дори воситаларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди ва айни пайтда улар дорихоналар тармоғи орқали сотувга чиқарилган. 

Қишлоқ хўжалиги комплексида ғўзанинг юқори ишлаб чиқариш кўрсаткичларига эга самарали янги навлари, ўсимликларни баравж ривожлантирадиган стимуляторлар, зараркунандаларга қарши курашишнинг биотехнологик усуллари ва бошқа янгиликлар жорий этилаётир. 

Бундан ташқари, инновация ярмаркаларида имзоланган шартномалар доирасида 54 технология ва ишланма тажриба-саноат синовларидан ўтказилмоқда, мингдан ортиқ ташкилот, корхона ва фермер хўжаликларига илмий-техник хизматлар кўрсатилди. 

Жорий йилнинг 19-21 май кунлари ўтказилган VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликларининг юздан ортиқ илмий ва таълим муассасаси, тажриба-конструкторлик ташкилотлари, шунингдек, ихтирочилар ва хусусий корхоналар иштирок этиб, 604 амалий илмий-техник ишланмани намойиш қилди. 

Ярмаркада илмий-техник маҳсулотлар ишлаб чиқувчилар ва истеъмолчилар ўртасида янги товар ва технологиялар харид қилиш бўйича умумий қиймати 25,7 миллиард сўмлик 776 шартнома имзоланди. 

Энергия тежайдиган, қайта тикланадиган энергия манбаларидан унумли фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш, маҳаллий хомашё ресурсларини қайта ишлаш, ярим кристалл кремний ишлаб чиқаришнинг янги технологиясини қўллаш ва бошқа йўналишларга доир ишланма ҳамда инновацион ечимлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. 

Буларнинг барчаси мамлакатимиз иқтисодиётида илғор технология ва инновацион ишланмаларга талаб юқори эканидан далолат беради. Зеро, бозор иқтисодиёти шароитида замонавий хўжалик юритиш усулларини қўллаб, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқараётганлар реал даромад олиш ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш имконига эга бўлади. 

Инновацион фаолиятни ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган қатор чора-тадбирлар илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштиришни янада чуқурлаштириш, илмий-техник салоҳиятдан самарали фойдаланиш, мамлакатимиз илм-фанининг илғор ютуқлари ва истиқболли илмий технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, пировард натижада Ўзбекистонда иқтисодиёт ва тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади. 


Одилхўжа Парпиев, 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 
ҳузуридаги Фан ва технологияларни 
ривожлантиришни мувофиқлаштириш 
қўмитаси ижро аппарати раҳбари, 
Азиз Дилмуродов, 
Ўзбекистон Республикаси 
Иқтисодиёт вазирлиги бўлим бошлиғи.
 

Манбаа: uza.uz

Кўрилганлар сони: 6533