вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш
Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат
Интерактив
давлат
хизматлари
24.12.2017 13:37:13
Инсон маънавиятини бойитиш, қалбларни эзгуликка ошно этишда театр санъатининг ўрни беқиёс. Ўзбекистон давлат "Сатира" театри ижодий жамоасининг вилоятимизга сафари ҳам айни шу мақсадга хизмат қилиб, томошабинларга хайрли ҳайратлар улашди.
Навоий темир йўл вокзалида Ўзбекистон халқ артисти, театр бадиий раҳбари Хайрулла Саъдиев бошчилигидаги ёш санъаткорлар кенг жамоатчилик томонидан кўтаринки кайфиятда кутиб олинди.
Театр жамоаси дастлаб вилоятимизнинг олис чўл ҳудуди — Учқудуқ туманида бўлди. Истеъдодли санъаткорлар билан учрашув чекка туман аҳлига бир олам қувонч бағишлади. Атоқли маърифатпарвар ёзувчи Маҳмудхўжа Беҳбудий қаламига мансуб "Падаркуш ёхуд ўқимағон боланинг ҳоли" миллий фожиавий спектакли томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Асар режиссёр Жўрабек Рўзметов томонидан саҳналаштирилган бўлиб, унда илм олишдан ор қилган арзанда ўғил Тошмурод ва фарзандини билимли бўлишга даъват этмаган бой отанинг аянчли тақдири кўрсатиб берилади. Вақтини кайфу сафо билан ўтказиб юрган эрка фарзанд асар охирида отасининг қотилига айланади. Энг ачинарлиси, бу фожиага ўғлини тантиқ қилиб ўстирган бойнинг ўзи ҳам бирдек айбдор бўлади.
Спектакль намойиши Зарафшон, Навоий шаҳарлари ҳамда бошқа туманларда илиқ кутиб олинди.
— Навоий мен учун қадрдон вилоятлардан бири, — дейди биз билан суҳбатда театр бадиий раҳбари Х. Саъдиев. — Ўтган йили ҳам ижодий сафар билан бу ерда бўлгандик. Вилоятдаги бунёдкорлик ишларини кўриб, шаҳарнинг йилдан-йилга кўркамлашиб бораётганидан бошим осмонга етди. Бу гал ҳам бизни томошабинлар кўтаринки руҳда қарши олишди. Намойиш учун мазкур асарни бежиз танламадик. Ўқиш, илмли бўлиш ҳамма замонда долзарб масалалардан бўлган. Айниқса, ҳозир ёшларимизнинг ўзини кўрсатиши учун ҳамма шароитлар яратилган. Фақат вақтни беҳуда сарфламай, фойдали амаллар билан банд бўлиш керак. Спектакль ёшлар билан бирга ота-оналар учун ҳам сабоқ бўларли жиҳатларга эга. Ўз навбатида ана шундай хайрли ишларни амалга оширишда бизга яқиндан кўмак берган вилоят ҳокимлиги ҳамда масъул ташкилотларга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Навоийга келгусида яна ижодий сафарлар билан келиш ниятидамиз.
— Спектакль ёшлар тарбиясига жиддий ёндашиш лозимлигига барчанинг эътиборини қаратади, — дейди томошабинлардан бири, Навоий шаҳри "Зарафшон" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Н. Қаҳҳорова. — Отанинг ўз ўғли томонидан ўлим топиши ва бунга маърифатсизлик сабаб бўлгани фарзандларимиз тақдирига, юриш-туришига бепарво бўлмасликка чорлайди. Бундай томошалар тарбиявий аҳамиятга эгалиги билан диққатга сазовордир.
Ўзбекистон давлат "Сатира" театрининг вилоятимиз бўйлаб ижодий сафари давом этмоқда.
Тендер савдолари
Тендерлар ва танловлар
Барча юридик ва жисмоний шахслар, чет эл инвесторлари диккатига!!!
Ижарага бериладиган объектлар
Навоий вилоят Ҳудудий танлов комиссияси танлов эълон қилади!
ҳокимлик билан Боғланиш
Тел.: 8 (436) 229-6206
info@navoi.uz
Ўзбекистон Республикаси,
Навоий вилояти, Навоий ш.,
Халқлар Дўстлиги кўчаси, 77а