Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Аёл жамият кўрки. Унинг нигоҳи билан олам мунаввардек гўё. Аёли бор хонадон файзли, баракали бўлади. Уни нафақат она, уй бекаси, балки жамиятда ўз ўрнига эга инсон сифатида ҳам қадрлаймиз...
Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, маънавий муҳитни соғломлаштириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя этиш мақсадида вилоят Хотин-қизлар қўмитаси томонидан салмоқли ишлар амалга оши­рилмоқда. Жумладан, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, она­лик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича қатор ташкилотлар билан ҳам­корлик йўлга қўйилган бўлиб, йил давомида ҳудудларда маънавий-маърифий тадбирлар, ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари, учрашув ҳамда спорт мусобақалари ўтказиб келинаяпти. Жорий йилнинг август ойида Навоий шаҳридаги “Ширин” маданият саройи­да, Зарафшон, Томди ва Учқудуқ туманларида вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Хотин-қизларнинг ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида учрашувлар ўтказилиб, 136 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга электр-маиший техника буюмлари тақдим этилди. 
Бундан ташқари, аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида Қизилтепа туман касб-ҳунар коллежларида “Бўлажак тадбиркор аёллар мактаби” лойиҳаси доирасида ўқув-семинарлари ташкил этилиб, битирувчи қизлар ҳамда 89 нафар ишсиз аёл жалб этилди. 
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 9 ойи давомида 1993 нафар тадбиркор аёлга жами 26 миллиард 599 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилиб, 2128 та янги иш ўринлари яратилди.
– Қизилтепа туманининг “Фурқат” маҳалласида яшовчи Гулчеҳра Хайруллаевага банкдан 200 миллион сўм кредит олишига кўмаклашдик, – дейди вилоят ҳокимлиги оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш котибияти мудири Гулноз Аслонова. – Натижада у тикувчилик, гўзаллик салони ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш фаолиятини ривожлантириш билан бирга 15 нафар қизни иш билан таъминлади. Шунингдек, ҳозирги кунда тикувчилик фаолиятини йўлга қўйган Навбаҳор иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Дилсўз Бобоқуловага ҳам 4 миллион сўм банк кредити ажратилишига эришилди. 
Жорий йилда “Энг намунали оила” кўрик-танловининг республика босқи­чида Қизилтепа туманидаги Норовлар оиласининг биринчи ўринни эгаллаганлиги вилоятда оила аталмиш буюк қўрғонни эъзозлайдиган инсонларнинг кўплигидан далолат беради. Бундан кўриниб турибдики, вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Қўмита ва “Оила” илмий-амалий маркази томонидан қизларнинг эрта турмушга чиқишининг олдини олиш, қариндошлар ўртасидаги никоҳларни бартараф этиш, никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти, соғлом онадан соғлом фарзанд туғилиши мавзулари бўйича мунтазам давра суҳбатлари ҳамда тушунтириш ишлари олиб борилганлиги айрим туманларда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этишда муҳим омил бўлди.
– Вилоятимизда хотин-қизларнинг, уй бекаларининг фаоллиги тобора ортиб бормоқда. – дейди Гулноз Аслонова сўзини давом эттириб. – Маҳаллаларда ўтказилаётган спорт мусобақаларида ҳам аёллар фаол иштирок этишаяпти. 
Вилоят бўйича эса спорт секцияларида жами 32529 нафар хотин-қиз спортнинг турли йўналишларида мунтазам шуғулланиб келишаётганлигининг ўзи ҳам уларнинг замон билан ҳамнафаслигидан далолатдир. Республика чемпионатларида иштирок этиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритган беш нафар спортчи қизлар – Шалола Мирзаева, Шаҳноза Мусаева, Камола Юсупова, Юлдуз Нормаматова ва Нафиса Умароваларнинг олий ўқув юртларига имтиёзли ўқишга кириш имкониятини қўлга киритишгани вилоятда спортсевар қизлар кўплигидан далолатдир. Дарҳақиқат, аёлларнинг ҳар жабҳада фаоллиги оилалар тинчлиги, жамият равнақи учун хизмат қилади.

Маърифат ШАРИПОВА

Кўрилганлар сони: 7643