Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Навоий шаҳридаги «Ёшлар» спорт мажмуасида вилоятимизда 2019 2020 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари юқори савияда ўтишини таъминлашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Ф. Солиев иштирок этиб, тест синовларини адолатли ва шаффоф тарзда ўтказиш бўйича белгиланган вазифалар ҳақида тўхталди.
Айтиш жоизки, тест синовлари бўлиб ўтадиган спорт мажмуасида минг ўринга мўлжалланган иккита зал зарур жиҳозлар билан таъминланган. Шунингдек, видеокузатувлар орқали жамоатчилик, шу жумладан ота-оналарнинг кириш тест синовлари жараёнини онлайн тарзда кузатиб боришлари, абитуриентларни шахсни идентификасиялаш воситалари ҳамда қурилмалар орқали бинога тегишли ҳудудга киритиш ҳамда барча видео ёзувлар сақланиши учун керакли шароитлар яратилди. Синовлар 25 июлдан 20 августгача икки сменада ўтказилади ва унинг натижалари Давлат тест марказининг дтм.уз расмий сайтида бериб борилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрел куни эълон қилинган «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, тест синовини топшириш тартиби тубдан ўзгарди ва имтиҳон бўлиб ўтадиган биноларда жараённи тўлиқ назорат қилиш усуллари такомиллаштирилди.
Жорий йилда Навоий давлат кончилик институтининг бакалавриатига 13 та йўналиш бўйича 420 та қабул квотаси ажратилди, магистратурага эса 10 йўналиш учун 51 нафар ёш мутахассис қабул қилинади. Сиртқи бўлимларга ҳужжатларни рўйхатга олиш жараёни 15 июлгача давом этади. Ҳозиргача қабулда иштирок этган абитуриентлар сони кундузги бўлимга 1,5 мингдан ошган бўлса, сиртқи йўналишга топширилган ҳужжатлар 285 тага етди.
— Абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида қабул комиссияси ҳудудида «Cалл cэнтер» ҳуқуқий ахборот маркази ташкил этилган, — дейди институт қабул комиссияси котиби Ш. Бобоев. — Шунингдек, ёшлар ва уларнинг ота-оналари учун зарур шароитлар ҳозирланди. Бундан ташқари, бу ерда ҳужжат топширувчиларнинг ўзлари танлаётган касби ҳақида тасаввурга эга бўлиши учун кўргазмали хоналар ҳам мавжуд.
Навоий давлат педагогика институтида эса жорий йилда 1965 та квота ажратилган бўлиб, уларнинг 495 тасини давлат гранти ташкил қилади. Шунингдек, 11 та йўналиш бўйича сиртқи бўлимга қабул ўтказилмоқда. Бугунги кунгача институт қабулида рўйхатдан ўтганлар сони 3 минг нафарга етди. Шунингдек, абитуриентлар ҳужжат топшириш жараёнида мазкур таълим муассасасидан ташқари Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент давлат аграр университети, Жиззах давлат педагогика институти ва бир қатор олий ўқув юртлари номини ҳам белгилашган.
Жорий йилда илк маротаба ҳужжатларни рўйхатга олиш ишлари ниҳоясига етганидан сўнг тест синовларига кириш учун олинадиган рухсатномалар онлайн тарзда тарқатилиши йўлга қўйилди. Бунинг учун абитуриент ҳужжат топширган муассасасига келиши шарт эмас — Давлат тест марказининг расмий сайтига мурожаат қилиши кифоя бўлади. Абитуриент рухсатномасида унинг қайси куни, соат нечада имтиҳонга кириши билан боғлиқ барча маълумотлар қайд этилади. Белгиланган вақтда бормаганлар эса ўз имкониятини қўлдан бой берган деб ҳисобланади.
Кириш имтиҳонлари жараёнига жорий этилган ўзгартиришлар ва ёшлар учун яратилган бу каби қулайликлар пухта билим эгаларини юзага чиқариш ва келажакда малакали кадрларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Ўз мухбиримиз.

Кўрилганлар сони: 3397