Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини эркин амалга оширишни таъминловчи мустаҳкам қонуний асослар яратилди. Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилиги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоида ва принципларига мос равишда шаклланиб, такомиллашиб бормоқда.

Сайловлар — кучли фуқаролик жамиятига эга бўлган демок­ра­тик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқ хоҳиш-ирода­сининг эркин ифодаланиши, фуқароларнинг жамият ва давлат иш­ларини бошқаришда иштирок этишининг асосий шаклидир. Де­мократик сайлов тизими орқали фуқаролар ўзи муносиб бил­ган шахсларни ҳокимият органларига сайлайди, уларга нисбатан ўз муносабатини билдиради ҳамда давлат бошқарувини амалга оширишда қатнашади.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда участка сайлов ко­миссияларининг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Қонунчилигимизга кўра, участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томо­ни­дан сайловга камида қирқ кун қолганида 5 — 19 нафар аъзодан, шу жумладан, раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат тар­киб­да тузилади.

Шунингдек, участка сайлов комиссияси участка бўйича сай­ловчилар рўйхатини тузади, сайловчиларни рўйхат билан таниш­тиради, сайлов ўтказиладиган кун ва овоз бериладиган жой ҳа­қида аҳолини хабардор қилади, бинони овоз бериш учун тайёр­лаб қўяди, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда қатнашиш имконияти бўлмаган сайловчиларнинг муддатидан ол­дин овоз беришини ташкил этади. Шу билан бирга, участка сай­лов комиссияси овозларни санаб чиқади, участка сайлов комис­сияси сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда овоз беришни уюш­тириш масалаларига доир ариза ва шикоятларни кўриб чиқиб, улар юзасидан қарорлар қабул қилади.

Қизилтепа туманидаги 3-болалар мусиқа ва санъат мактабида жойлашган 103-сайлов участкаси намунали тарзда ташкил этил­ган. Бино фойесида сайловга неча кун қолгани, участка сайлов ко­­миссияси аъзолари таркиби ва улар томонидан амалга оши­рилаётган ишлар ҳақидаги маълумотлар ҳамда Ўзбекистон Рес­публикасининг сайловга оид қонунларидан кўчирмалар, шу­нингдек, сайлов участкаси қамраб олган ҳудуд харитаси билан та­нишиш мумкин. "Она ва бола" ҳамда тиббиёт хоналари ҳам талаб даражасида ташкил этилган.

— Комиссиямиз таркиби 11 кишидан иборат, — дейди участка сай­­лов комиссияси раиси Насриддин Турдиев. — Уларнинг ак­сарияти, жумладан, ўзим ҳам ўтган сайловда участка сайлов ко­миссияси аъзоси бўлганмиз. Шу боис, ҳозирда ишларни ташкил этишда қийналмаяпмиз. Қолаверса, Марказий сайлов комис­сия­си томонидан ажратилган ҳуқуқий адабиёт ва қўлланмалар, ин­тер­­нет­даги "elections.uz" веб-сайти орқали сайловга оид би­лим­ла­ри­мизни ошириб, бўлажак муҳим сиёсий жараённи қонун доирасида, очиқлик ва ошкоралик, тенглик тамойиллари асосида ўт­­казамиз, албатта. Сайлов участкамизда ҳудуддаги 9 та кўчада истиқомат қилаётган сайловчилар овоз берадилар. Марказий сай­лов комиссияси қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Рес­пуб­ликаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар Дастурига мувофиқ жорий йилнинг 19 ноябрига қадар участка сайлов комиссиялари сай­ловчилар рўйхатини тузиб, ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим эти­ши лозим. Айни пайтда биз сайловчилар рўйхатини шакллан­тириш устида иш олиб бораяпмиз. Бунда ҳозирда чет элларда бўлган, бошқа ҳудудларда рўйхатда туриб, аслида бизнинг ҳу­дудда яшаётган ёки аксинча, бизда рўйхатда бўлиб, ўзи бу ерда яшамайдиган фуқароларга, шунингдек, юртимиздаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларга алоҳида эътибор қа­ратаяпмиз.    

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар Дас­турида истисно тариқасида сайловчилар рўйхатини 2 декабр­гача тузиш мумкинлиги қайд этилган. Бунда айнан юқорида суҳ­батдошимиз таъкидлаган ҳолатлар назарда тутилган бўлиб, маса­лан, айни пайтда чет давлатларда ишлаётган айрим юртдош­ла­римиз сайловга қадар уйга қайтиши мумкин.Ўзбекистон Рес­публикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғига асо­­сан эса олий ўқув юртлари талабаларининг вақтинчалик рўйхатда турган жойида эмас, доимий яшайдиган манзилида сай­ловда иштирок этиши учун уларга қўшимча таътил берилиши кўзда тутилган.

Н. Турдиевнинг айтишича, 103-сайлов участкаси қамраб олган ҳу­дуддан ҳозир 117 киши турли сабаблар билан хорижда, 30 на­фар йигит-қиз Навоий, Тошкент, Самарқанд ва бошқа шаҳар­лардаги олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. 24 нафар сайлов­чи беморлиги ва кексалиги туфайли овоз бериш жойига келол­мас­лиги мумкин. Сайлов участкасида бундай фуқаролар учун ало­ҳида бюллетенлар қутиси мавжуд бўлиб, сайлов куни ко­мис­­­сия аъзолари уларнинг уйларида овоз беришларини таъ­мин­лайдилар. 35 нафар биринчи марта овоз бераётган сайловчи учун эса участка сайлов комиссияси томонидан эсдалик сов­ға­лари тайёрлаб қўйилган.

Кармана туманидаги "Уйрот" маҳалла фуқаролар йиғинида жой­­лашган 69-сайлов участкасида сайловчиларнинг овоз бериши учун барча шароитлар муҳайё. Айни пайтда участка сайлов ко­миссияси аъзолари сайловчилар рўйхатини шакллантириш ас­носида ноқонуний тарзда чет элга кетган 41 нафар фуқарони им­кон қадар сайловгача юртга қайтариш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида иш олиб бормоқда.

— 5 нафар сайловчимиз оғир хасталиги ва кексалиги туфайли сай­лов участкасига келолмайди, биз уларнинг ўз уйида овоз бе­ришини ташкил қиламиз, — дейди участка сайлов комиссияси раи­си Р. Кувиев. — Мамлакатимизнинг ҳамма қонунлари халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳисобга олиш билан бирга, миллий қадрият­ларимиз ва халқимиз иродасидан келиб чиқиб яратилган. Сайлов куни ҳам биз менталитетимизга риоя қилган, ўзбек халқининг бағ­рикенглик ва саховатпешалик фазилатларини намоён қилган ҳолда ана шу сайловчиларнинг уйига ҳомийлар ҳисобидан олинган совғалар билан бормоқчимиз.

Кармана озиқ-овқат ва меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар кол­лежида жойлашган 73-сайлов участкасида ҳам овоз бериш ка­биналари, бюллетен қутилари, "Она ва бола" ҳамда тиббиёт хо­налари аллақачон шай қилиб қўйилган. Сайловчиларнинг сай­ловга оид қонунлар ҳамда участка сайлов комиссияси фаолия­тидан бохабар бўлиши учун маълумотлар бурчаги ҳам талаб да­ра­жасида ташкил этилган.

— Ўтган сайловда халқаро кузатувчилар айнан бизнинг участкага келишганди, — дейди участка сайлов комиссияси раиси Муҳайё Нор­қулова. — Ўшанда ҳуқуқий билимдонлигимиз бир карра си­новдан ўтганди ва шукрки, юзимиз ёруғ бўлганди. Бу йилги сай­ловни ҳам қонун доирасида ўтказишга, ишларимизни намунали ташкил этишга ҳаракат қилаяпмиз. Айни пайтда ҳудудимиздан четга кетганларни қайтариш ҳаракатидамиз. Бироқ сайлов куни ай­нан узоқ муддат бегона юртларда яшаб келган фуқароларга алоҳида эътибор қаратишимиз, бир сўз билан айтганда, жуда ҳуш­ёр туришимиз, огоҳ бўлишимиз лозим.

4 декабрь куни халқимиз ўз хоҳиш-иродасининг ифодаси си­фатида сайловда юртимиз келажаги учун овоз беради. Фаровон келажакни эса тинчлик-осойишталик таъминлайди.

Холбиби САФАРОВА.

Кўрилганлар сони: 6580