Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Инсон шаъни юксалган ва меҳнати қадр топган юртимизда кексаларни эъзозлаш, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатиш асрлар оша давом этиб келаётган ҳамда қон-қонимизга сингиб кетган муқаддас қадрият ҳисобланади.

 Хотира ва қадрлаш куни ҳам том маънода халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгу шуурида ўтганларни ёд этиш, тирикларни қадрлаш, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишдек инсоний фазилатларни қарор топтиришга хизмат қилиб келмоқда.

Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 4 апрелдаги “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони асосида 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 72 йиллиги муносабати билан ик­кин­чи жаҳон уруши қатнашчилари, ногиронлари, фронт ортида жасорат кўрсатган пиру бадавлат кексалар ва меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга алоҳида эҳтиром кўратилмоқда.

Айниқса, давлат ва жамоатчилик вакиллари томонидан 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийларини рағбатлантириш мақсадида “GM O`zbekiston” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларнинг навбатсиз шартномавий буюртма бериш орқали харид қилиш бўйича имтиёзли сертификатларнинг топширилаётгани улар қувончига янада қувонч қўшмоқда.

Бугун Навоий вилоятида иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари 64 нафарни ташкил этаяпти. Куни кеча вилоят ҳокими, вилоят ҳокими ўринбосарлари, туман, шаҳар ҳокимлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ҳар бир иккинчи жаҳон урушида мардларча қаҳрамонлик кўрсатган фахрийларга ушбу сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Навоий шаҳридаги “Ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилиб келаётган 95 ёшни қарши олган Ибрагим бобо Исмоиловнинг ҳам айни ёшлик даври суронли иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. Иккинчи жаҳон урушида мардларча қаҳрамонлик кўрсатган Ибрагим бобо шундай дориламон кунларга етказганига минг бора шукрона келтиради.  9 нафар фарзанд, 35 нафар невара, 5 нафар эваралар ардоғида тинч ва осойишта, бахтли ҳаёт кечираётган Ибрагим бобо Исмоиловнинг бугун кўнгли янада кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг яна бир эътибори - мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллардан навбатсиз имтиёзли олиш сертификатини қўлга киритди.

— Эътибор ва рағбатдан янада руҳланиб, беихтиёр кўз ўнгимда ўша мудҳиш кунлар, 1941-1945 йилларнинг оғир синовлари гавдаланди. Биз шундай суронли, мудҳиш урушни кўрдик. Шукрки, мустақилликка эришиб озод ва обод юртда, фаровонликда яшаяпмиз.  Инсон қадр-қиммати ва шаъни улуғланган давлатимизда кексаларимизнинг ҳамиша эъзоздалиги, улар муносиб қўллаб-қувватланаётгани бизни доимо руҳлантириб келади, — дейди Ибрагим бобо Исмоилов. — Бугун халқимиз ҳеч кимдан кам эмас. Мустақил юртимизда амалга оширилаётган ишлар, ўзгаришлар ва бунёдкорликларни кўриб қалбим ғурур ва ифтихорга тўлади. Бугун дунё тан олаётган, тенглар ичра тенг бўлган юртимизга кўз тегмасин, ёмон кўзлардан ўзи асрасин, деб ҳамиша дуога қўл очамиз.

Оғир уруш даврини бошидан кечирган, ҳаёт қийинчиликларини жасорат билан егиб ўтган Навоий шаҳрининг “Бинокор” маҳалласида умргузаронлик қилиб келаётган, айни пайтда 87 ёшни қаршилаган Раиса Петухова ҳам бугунги тинч кунларга етказганидан, шундай бетакрор, бағрикенг заминда фаровон ҳаёт кечираётганидан, ҳамиша эъзоздалигидан бахтиёр.

Кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, ёшлар ҳар доим Раиса момонинг ҳолидан хабар олиб туришади. Бу эътибор эса унинг кучига куч, қувватига-қувват қўшади. “GM O`zbekiston” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларнинг навбатсиз шартномавий буюртма бериш орқали харид қилиш бўйича имтиёзли сертификатни қўлига олар экан, шундай бағрикенг ва меҳр-оқибатли мамлакатда яшаётганидан, миллатлараро тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юртнинг ҳар бир тонгги қувончларга, янгиликларга ҳамоҳанг эканлигидан янада ғурурланади.

— Юртимизда биз, фахрийларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва эъзоздан кўнглим тоғдек кўтарилади. Ёшларга иккинчи жаҳон уруши, ўтмиш хотираларидан сўзлаб, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш, давлатимиз томонидан яратилаётган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланишни насиҳат қиламиз. Тинч ва осуда ҳаёт гашти нақадар тотли. Бу кунларни қадрига етиш, асраб-авайлаш бугунги авлоднинг асосий вазифаси бўлиши керак. Болаларимизнинг бугуни, келажаги учун қайғураётган юртнинг истиқболи порлоқ, албатта, — дейди Раиса Петухова.

Нурота тумани “Ғазғон” ҚФЙда фарзандлар, набира-абиралар қуршовида бахтли ҳаёт кечираётган Турсунқул бобо Эргашевнинг хонадонида ҳам бугун байрам. Чунки, унинг хонадонига давлат ва жамоат вакиллари ташриф буюришди. Турсунқул бобо ҳам бошқа сафдошлари қатори мустақил юртимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автомашиналардан имтиёзли олиш ҳуқуқини берувчи сертификатни қўлига олди.

— Биз учун қайғураётган, ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимиздан чексиз миннатдормиз. Халқимиз ҳеч қачон уруш нималигини кўрмасин. Бугунги дориламон кунларимизга асло кўз тегмасин. Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч бўлишини тилаб ҳамиша дуодамиз, — дейди Турсунқул бобо Эргашев.

Отабек АСЛОНОВ.

Кўрилганлар сони: 5516