Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида ҳамиша гўзал ва бетакрор Нуротанинг Янгитурмуш қишлоғи Эргашевлар хонадони ўзгача байрам тусига кирди. Шу куни қутлуғ хонадоннинг табаррук соҳибасини юксак мукофот билан қутлагани барча яқин-йироқлари, меҳмонлар тўпланишди. Улар бир давра атрофида нафақат мақоламиз қаҳрамони гурунги ва босиб ўтган ибратли ҳаёт йўлидан, балки шукроналик руҳидаги хотиралари ҳамда узундан-узоқ дуоларидан баҳраманд бўлишди.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш керакки, Мустақиллик шарофати билан инсон қадри эъзоз топди. Буни доимий равишда давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва рағбатдан ҳам билса бўлади. Ҳар йили муҳим саналар арафасида бир гуруҳ соҳа илғорлари қаторида юз билан юзлашган пиру бадавлат кек­са­ларимиз ҳам турли мукофотлар билан тақдирланиб келинмоқда. Мустақиллигимизнинг қутлуғ йигир­ма беш йиллиги арафасида Нурота тумани, "Гум" ҚФЙда яшовчи 104 ёшли онахон Хурой момо Эргаше­ванинг "Шуҳрат" медали билан тақ­дирлангани фикримиз тасдиғидир.  

Хушхабарнинг қаноти бор, дейи­ша­ди. Чунки яхши гап ерда қолмай­ди, бир зумда тарқайди. Жумладан, муҳтарам Президентимиз Фармони­га кўра, Хурой момо давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдир­лан­гани ҳам эларо овоза бўлди. Бу янгилидан бутун янгитурмушликлар қалби чексиз ифтихорга тўлди. Ахир, қишлоқдан шундай қаҳрамон чиқса, фахрланмай бўладими?!

Шу ёшга етиш — олий бахт, ҳар бир инсон орзу-истаги, албатта. Негаки, бу та­бар­рук ёш ҳар кимга ҳам насиб эта­вермайди. Албатта, бунинг ўз сир-синоати бор. Аслида, узоқ умр кў­риш сири оддий. Ҳофизи олам куй­ла­гандек, соғлик қадрин бил, хаста бўлмасдан бурун. Дунёда инсоннинг соғлиги энг олий неъматдир. Қизи Нортожи опанинг ай­ти­шича, бир гапириб, ўн чандон куладиган онахонни турли касаллик­лар четлаб ўтган бўлса, доим ҳара­катда бўлгани учун онажоним             104 ёшда ҳам жуда тетик. 

Дарҳақиқат, турмуш ўртоғидан эрта ажралган онахон ўз умри давомида катта ҳаёт йўлини босиб ўт­ди. Барча ташвишларга чи­даб, бутун борлиғини фар­зандларига ба­ғиш­лади.

Кеча-ю кундуз хўжаликда меҳнат қилиб, рўзғор тебратди. Ўғил-қизларини бировдан кам қилмай, камолга етказди. Йиллар ўтиб, бу залворли кунлар ҳам ортда қолди. Момонинг ўғил-қизлари ўз ўрнини топди.

Хурой момонинг кайвонилик фа­зи­ла­ти қишлоқда эътибор қозонди. Халқ­нинг яхши-ёмон кунларида елкадош бўлиб, элга кўмакдош бўл­ди. Шу сабабли ҳам ҳамқишлоқ­лари уни Фармон биби даражаси­да улуғлашади. Доимий маслаҳа­тини олади. 

Дарҳақиқат, 3 нафар фарзанди, бир этак невара-ю чеваралари ар­доғида бугун бахтиёр умргуза­ронлик қилиб келаётган Хурой момо гурунгидан унга нисбатан ҳавас-у ҳайратимиз ортди. Не бахтки, шу ёшда ҳам ўзини олдирмай, аср билан юзлашган муҳтарама зотнинг ҳали-ҳамон жуда тетиклиги, равон тилдаги суҳбатлари, айниқса, шун­дай табаррук ёшда ҳам шарилла­тиб ўқиш-ёзиши ва оқ-қорани ажрата олишига қойил қолдик.

— Ризқу насибам бутун экан, шу ёшга етдим. Илоҳим, ҳаммага ме­нинг ёшимни берсин! Аслида, бу бахтнинг сири — Истиқлол туфайли. Негаки, давлатим тинч — жоним тинч, ҳаётимиз фаровон — кўнглим нурафшон. Бу тўла-тўкислик менинг эртанги кунимга, яшашимга қанот беради. Илоҳим, мени шундай му­ко­фотга лойиқ кўрган, аёл зотини ҳамиша бошида кўтарган ва хал­қим­ни ҳар қандай бало-қазолардан асраб келаётган Президентимга раҳмат!, — дейди фахр билан Хурой момо.

Ўтган якшанба куни Эргашевлар хонадони азиз меҳмонлар билан янада қўр олди. Табаррук инсонни юксак давлат мукофоти билан қут­лаш учун кенг жамоатчилик ҳозиру нозир бўлишди. Ушбу маросимда вилоят ҳокими Э.Турдимов томо­нидан 104 ёшли онахон Хурой Эргашевага "Шуҳрат" медали ва қимматбаҳо совға-саломлар танта­нали равишда топширилди.

Мароқли учрашувдан қалбимиз фахру ифтихорга тўлиб, ортимизга қайтдик….

Абдумажид ЖЎраев.

Кўрилганлар сони: 6454