Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Ёшлар ва кино

19.09.2014 10:01:03


Мустақиллик шарофати билан миллий санъатимиз, ўзбек киноси ривожланиб тараққий этди. Ўзбекона ҳаётимиз, ўтмиш ва келажакдан ҳикоя этувчи фильмларнинг юқори савияси, мазмун-моҳияти нафақат юртимиздаги, балки хорижлик кўплаб томошабинларнинг ҳам кўнглидан жой олган.

Кино санъатининг инсон онги ва тафаккури, жамият ҳаётига таъсири беқиёс эканини ҳисобга олган ҳолда, истиқлол йилларида миллий кинематографияни ҳар томонлама ривожлантириш, бу борада зарур моддий ва маънавий шарт-шароитларни яратиш бўйича кенг кў­ламли чора-тадбирлар амал­га оширилди. Натижада ўзбек киноси учун янги давр бошланди. Ҳозирда кўплаб янги фильмлар суратга олинмоқда. Улар орқали тарихимиз ва бугунги ҳаётимиз билан боғлиқ турли мавзулар ёритилаяпти. Фильмларимиз нуфузли халқаро фестивалларда совринли ўринларга сазовор бўлаётгани, албатта, қувонарлидир.

Мазмунан пишиқ, таъсирчан, ўзида миллийликни мужассам этган, тарбиявий аҳа­миятга эга "Ўтов", "Сув ёқа­лаб" сингари ўнлаб кино картиналар охирги йилларда жаҳон кинофестивалларида юқо­ри баҳоланди. 

Кинога бўлган меҳр, қизиқиш юрт­дошларимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Негаки, кино санъати ўзига хос тарбия ўчоғи, анъаналаримизни, миллий ҳаётимизни ўзида акс эттирган жабҳадир. Албатта, воқеалар таъсирчанлигини оширишда актёрларнинг истеъдоди, хизмати беқиёс.

11-12 сентябрь кунлари вилоятимиз бўйлаб "Ўзбек миллий кино санъати кунлари" бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон халқ артисти Ражаб Адашев, Миллий академик драма теа­т­ри актрисаси Лола Элтоева, таниқли режиссёр Зуҳриддин Режеметов, актёр Улуғбек Юнусов бошчилигидаги бир гуруҳ ижодкорлар ташрифи навоийликлар учун унутилмас лаҳзаларни тақдим этди.

Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйган меҳмонлар шаҳардаги янги архитектура мўъжизаларини томоша қилдилар.

Киноактёрлар иштирокида "Ёшлар маркази", "Ўзбекистон", "Нурафшон" кинотеатр­ларида ёшлар билан ижодий учрашувлар бўлиб ўтди. Ўзбек киносининг бугунги мавқеи, эришилган ютуқлар, экран ортидаги меҳнат билан боғлиқ савол-жавоблар ўртага ташланди.

— 2012 йилда режиссёр Жаҳонгир Ҳошимовнинг "Сув ёқалаб" фильми Америка кино усталари томонидан юқори баҳоланди ва "Энг яхши эркак роли" номина­ция­си бўйича мукофотга сазовор бўлди, — дейди Ўзбе­кис­тон халқ артисти Ражаб Адашев. — "Паризод", "Ўтов" кинокартиналари Туркия, Қозоғистонда бўлиб ўтган кинофестивалларда эътироф этилди. Бу фильмлар орқали биз ўзимизнинг миллий маданиятимиз, ота-боболаримиздан қолган бой маънавий-маданий меросни тарғиб этдик. Мустақиллик барча соҳалар сингари ки­но санъатида ҳам бизга дунёнинг эшикларини кенг очиб берди. Кино соҳасига қизиққан ёшларни қўллаб-қувватлаш, истеъдодини намоён этишига кенг имкониятлар яратилган. Навоийда ўтаётган учрашувларда ана шундай иқтидор эгаларининг чиқишларини кузатдик. 

Ижодкорлар Нурота туманида бўлиб, у ердаги ўқувчи ёшлар, аҳоли билан ҳам учрашувлар ўтказдилар. Тадбирда улар иштирокидаги фильм намойиш этилди.

Ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувларда Ватанни улуғлаган, унга садоқат кўрсатишғояларини тарғиб қилган куй-қўшиқлар, шеърлар ижро этилди. Ўз келажагини кино санъати билан боғламоқчи бўлган ёшларга йўл-йўриқ, тавсиялар берилди.

Бир сўз билан айтганда, "Ўзбек миллий кино санъати кунлари" олам-олам таассуротларга бой, қизиқарли кечди.

"Соғлом бола йили" давлат дастурида белгиланган ушбу тадбир вилоят ҳокимлиги, "Ўзбеккино" Миллий агентлиги вилоят бўлими ва вилоят Маънавият тар­ғибот бўлими томонидан намунавий ташкил этилди.

 ТААССУРОТ

Лола ЭЛТОЕВА, актриса:

— Навоий шаҳрининг бугунги фусункор кўриниши кечагисидан кескин фарқ қилади. "Амфитеатр" биноси, "Ёшлар" маркази, мусиқа мактаблари, спорт мажмуала­рининг янгича дизайндаги ҳашаматли кўринишидан кўз қувнайди. Қолаверса, "Сардоба", "Работи Малик", "Чашма" зиёратгоҳларининг обод бўлганини кўриб, тасаннолар айтгинг келади. Қишлоқлар шаҳарларга тенглашган. Вилоят ҳар куни янгиланиб, замонавий тус олаётгани, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилаётганининг гувоҳи бўлдик.  Бу неъматлар, шарт-шароитлар ёшлари­мизнинг порлоқ келажаги, нурафшон эртаси учун солинган кўприкдир. 

ИНТЕРВЬЮ

Улуғбек ЮНУСОВ, актёр:

— Бизнинг адабиётимиз, санъат ва маданиятимиз қайсидир маънода ҳазрат Навоийдан бошланади. Дунё тан олган, буюк бобокалонимиз номига қўйилган ви­лоятда адабиёт ва санъатга бўлган эътибор жуда юксак даражада бўлиши табиий. Бугунги ижодий учрашув­ларда навоийлик ёшларнинг қизиқишлари, салоҳияти, дунёқараши, орзу ва мақсадлари билан ўртоқлашдик. Кино санъатига қизиққанларига йўл-йўриқ, тавсиялар бердик. Муҳими, ёшларимиз онгида маънавий бўшлиқ юзага келмаслиги керак. Уларни турли ёт иллатлардан асраш учун ҳам санъатни севишга, адабиётни қадр­лашга, илму фанга қизиқтиришга барчамиз масъулмиз.

Ҳилола ИСМАТОВА.

Сурат муаллифи Жумамурот МИРЗАЕВ.

Кўрилганлар сони: 7294