Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Кармана туманидаги Ҳунармандлар марказида “Жамоа билан ишлаш технологияси ҳамда инсон ресурсларини бошқаришнинг инновацион усуллари ва тамойиллари: Меритократия, Карьера модели ҳамда KPI” мавзусида етакчи ёшлар учун мастер класс ташкил этилди.

 

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Навоий вилоят филали ходимлари, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Вилоят халқ таълими бошқармаси, Юксалиш умуммиллий ҳаракати вилоят бўлими, Ҳунарманд уюшмаси масъул ходимлари, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда таълим муассасаларининг ёшлар етакчилари, ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

Очиқ руҳда ўтган мулоқот давомида ёшларни давлат фуқаролик хизматига жалб этиш, иқтидорли ва истеъдодли ёшлар орасидан истиқболли ёш кадрлар захирасини шакллантириш, уларда жамоа билан ишлаш етакчилик кўникмаларини шакллантириш масалалари эътибор марказида бўлди.

 

Шунингдек, тадбир давомида агентлик томонидан давлат фуқаролик хизматида “KPI” энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими, “HR metrica”, меритократия тамойилини амалиётга жорий этиш, бу борада агентлик томонидан “Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали” https://vacancy.argos.uz/ нинг ишга туширилгани ва ушбу портал орқали айни вақтда кўплаб вакант лавозимларга танлов эълон қилингани таъкидланиб, танловларга ёшларни ҳам иштирок этишлари таклиф этилди.

Шундан сўнг мастер класс иштирокчилар ўртасида очиқ мулоқот кўринишида давом этди. Кейинги босқичда тренер томонидан жисмоний, ақлий ва мантиқий машқларга бой бўлган тренинг ўйинлари ўтказилди.

Тренинг давомида иштирокчилар жамоаларга бўлинган ҳолда тренер томонидан ташкиллаштирилган турли хил тўсиқлардан ўтишди. Ҳар бир тўсиқдан сўнг ходимларнинг жамоавий ҳаракатлари жипслашиб борди.

Тренинглар давомида жамоага раҳбарлик қилиш бу масъулиятни бўйинга ола билиш эканлигига алоҳида эътибор қаратилиб, қийин вазиятларда, дейлик, рақобат кучли муҳитда бошқарув, ташкилотчилик ва ўзаро муносабатларни қуришнинг нозик жиҳатлари таҳлил этилди.

Мақсадга эришиш учун муваффақиятга ўзини ва атрофидагиларни ишонтира билиш ҳам бир маҳорат бўлиб, бунда ижодий фикрлашни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, жамоага раҳбарлик қилишда инсоннинг оптимист бўлиши, ўз ҳиссиётларини жиловлай билиши ҳам муҳимдир. Раҳбар атрофдагиларни тинглаши, уларга руҳий таъсир кўрсата олиши зарур, шунингдек у ўз қўли остидаги ходимларга баъзи ваколатларни бериши ва назорат қилиши лозим.

“Муаммоларни ечишда ижодий (креатив) ёндашув маҳорати” тренинги иш жараёнида ижодий фикрлаш кўникмасини қўллаш, уни ривожлантиришга бағишланди. Интерфаол ўйинлар, махсус машқлар орқали иштирокчиларнинг ижодий имкониятларини очиш, уларни намоён этишга ҳаракат қилинди.

 

Тренинг якунида иштирокчилар жамоавий ишлаш билим кўникмаларини (жумладан: умумий мақсад, жамоанинг иш натижасига нисбатан жавобгарлик ҳисси, вазиятли лидерлик яъни муайян вазиятларда жавобгарликни бўйнига олиш, ижобий ва конструктив ўзаро муносабатлар, умумий ягона жамоавий қарор қабул қила олиш), жамоавий руҳиятни (жумладан: бирдамлик ҳиссини мустаҳкамлаш яъни мендан бизга ўтиш, ўзаро ишончни ривожлантириш, ўзаро тушуниш ва индивидуалликларни қабул қилиш, умумий фаолиятга нисбатан мотивация ҳосил қилиш, раҳбариятга ва ташкилотга нисбатан норасмий ҳурматни шакллантириш, иш самарадорлигини оширишга нисбатан ташаббускорлик қила олиш) ўзларида шакллантирган ҳолда жамоа бўлиб ҳаракатланишнинг афзалликлари тўғрисида зарур билим ва кўникмаларга эга бўлишди.

 

Дастур якунида тренингда иштирок этган ҳар бир иштирокчининг кўзида янги бир учқун, ўзига бўлган мустаҳкам ишонч пайдо бўлганини, ташкилот ягона мақсадига эришиш йўлида жамоавий ҳаракат қилган ҳолда ўз ҳиссасини қўшиш истаги ортганини кўриш мумкин.

Кўрилганлар сони: 3037