Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

18 декабрда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси билан "Бошланғич ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш ва жиноятчи­ликка қарши курашиш" шиори остида ёшлар ҳафталиги ўз ишини бошлади.

  Вилоят ҳокимлиги, ўрта махсус касб-ҳунар ва халқ таълими бошқармалари ҳамкор­ли­гида ташкил этилган ҳафталик "Энг намунали бошланғич ташкилот" кўрик-танлови билан очилди.

  Унда барча туман ва шаҳарлардаги умум­таълим мактаблари ўртасида илғор кўрсат­кич­ларга эришган 10 нафар ёшлар етакчиси 3 та шарт бўйича ўзаро беллашди. Улар ўз чиқишларида таълим муассасаси­даги тўга­раклар фаолияти, ўқувчиларнинг муаммола­ри ва таклифларини ўрганиш, фаол бўлма­ган ёшлар ва носоғлом оила фар­зандлари билан ишлаш жараёнларини слайдлар ор­қали намойиш этдилар.

  Танлов натижасига кўра, ёшлар етакчиси М. Икромова бўлган Навоий шаҳридаги 10-умумтаълим мактаби 1-ўринга муносиб деб топилди.

  Ҳафталик доирасида 19 декабрь куни На­воий шаҳридаги "Ёшлар маркази"да ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда На­воий шаҳри, Кармана, Қизилтепа, Навбаҳор туманларида фаолият олиб борувчи жами 82 та корхона ва ташки­лот йигит-қизларга 439 та бўш иш ўринла­рини таклиф этди. Тадбирда 1000 нафарга яқин маҳаллий аҳоли ва ёшлар қатнашди. Шундан 6 нафари Пре­зидентимиз томонидан афв этилган, 15 на­фари жазони ижро этиш муассасасидан қайтган, 12 нафари муддат­ли ҳарбий хиз­мат­ни ўтаган йигитлар ва 397 нафари уюш­маган ёшлардир.

  Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида 38 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси таш­кил этилган. 1715 та корхона ва таш­килот томонидан тақдим этилган иш ўрин­ларига 1443 нафар фуқаро қабул қилин­ган. Мазкур ярмаркада ҳам 67 нафар ёш доимий иш ўрнига эга бўлди.

  Навоий давлат кончилик институтини ту­гат­ган Искандар Дониёров ўз мутахассис­лиги бўйича иш топа олмай юрганди. Мазкур ярмаркада у "Навоий нефть маҳсулотлари" унитар корхонасига ишга жойлашиш учун йўлланма олди.

  — Таклиф этилаётган бўш иш ўринларини танлашда шошиб қолдим, — дейди у. — Давлатимиз томонидан ёшларнинг ўқиб, билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун барча шароит яратилган. Бу эса бизни бор куч-ғайратимиз билан Ватан равнақига ҳисса қўшиб яшашга ундайди.

  Навоий шаҳридан ака-ука Шерзод ва Дил­шод Содиқовлар вилоятимиздаги сунъий толадан калава ип йигириш цехига ишга жой­лашиш учун йўлланма олганидан хурсанд. Турмуш ўртоғи ҳарбий бўлганлиги учун Бухо­ро вилоятидан кўчиб келган Сарвиноз Ади­зова ҳам ярмаркада қат­на­шиб, "Севара текстиль" масъулияти чеклан­ган жамиятига ишга йўлланма олди.

  Куннинг иккинчи ярмида олий таълим муас­­­сасалари ўртасидаги "Талабалар театр студияси" кўрик-танловининг республика бос­қичида фахрли иккинчи ўринни қўлга ки­рит­ган Навоий давлат педагогика институти жа­моа­си томонидан "Ёшлар терроризмга қар­ши" мавзусига бағишланган спектакль на­мойиш этил­ди. Унда Навоий шаҳри ва Карма­на тумани­да­ги кам таъминланган оилалар фарзанд­лари, ички иш­лар бўлимида про­филак­тик ҳисобда турган вояга етмаганлар ва "Меҳри­бонлик уйи" тар­бия­ланувчиларидан иборат 410 нафар томо­шабин иштирок этди.

  — Спектакль менга жуда ҳам ёқди, — дей­ди Навоий шаҳридаги "Меҳрибонлик уйи"­нинг "Алпомиш" гуруҳи тарбияланув­чи­си М. Жубарёв. — Томоша биз ёшларни янада фаол, шу юрт учун фидойи фарзанд бўлишга даъват этади. Мен кела­жакда ҳар­бий бўлмоқчиман. Бунинг учун барча шароит­лар етарли. Ҳозирда вилоят ички ишлар бош­қармаси ҳузуридаги бокс тўгараги­га қат­нашяпман ва бу ўз самараси­ни бера­ди, деб ишонаман.

  Вилоят халқ таълими бошқар­маси та­сар­руфидаги мактаблар дирек­тор­лари, ёш­лар етакчилари ва сардорлар ишти­рокида ўтка­зилган "Иттифоқнинг энг яхши ҳамкор таъ­лим муассасаси" белла­шуви баҳс-муно­за­раларга бой бўлди.

  Шунингдек, 21 декабрь куни ўрта мах­сус, касб-ҳунар таълими тизимидаги ёшлар етакчилари учун қонунбузарлик­ларнинг ол­ди­­ни олиш ва ҳуқуқий савод­хонликни оши­риш, ёшлар туризмини ривожлантириш каби мав­зу­ларда ўқув-семинари ҳам ташкил қилинди. Унга 51 на­фар бошланғич ташкилот етакчилари қатнашди.

Ёшлар ҳафталиги 23 декабргача давом этади.

Кўрилганлар сони: 5231