Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Мамлакатимизда инсон ҳаёти учун муҳим ва зарур соҳалардан бири бўлган – соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, уни жаҳон талаблари даражасига кўтариш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Айниқса, сўнгги бир йил давомида соҳага қаратилган эътибор ва кўрсатилган ғамхўрлик мазкур тармоқни янги босқичга кўтариш қаторида, аҳолининг тиббий хизматдан рози бўлишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан 2018 йилда тиббиёт олийгоҳларини бакалавриат, клиник ординатура ҳамда магистратута босқичларини муддатидан олдин тамомлаб келаётган битирувчиларнинг ўз ҳудудида тантанали кутиб олинаётганлиги соҳа мутахассисларига бўлган эътибор ва эъзознинг яна бир амалий ифодасидир.

 Жорий йилда Навоий вилоятидан Республикамиздаги нуфузли тиббиёт олийгоҳларини муваффақиятли битирган 75 нафар бакалавр ҳамда 19 нафар клиник ординаторлар давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда кенг жамоачилик томонидан тантанали кутиб олинди.

 — Битирувчиларимизнинг 19 нафари Бухоро, 29 нафари Самарқанд давлат тиббиёт институтини, 28 нафари Тошкент тиббиёт академияси ҳамда 18 нафари эса Тошкент давлат педиатрия институтида тажрибали устозлардан малакали билим олишди. Энг эътиборлиси, улар мутахассис кадрларга эхтиёж бўлган тиббиёт муассасаларига ишга жойлаштирилди. Бу албатта, ҳудудларда кадрлар билан боғлиқ муаммоларни ижобий ҳал этишда ҳамда аҳолининг малакали тиббий хизматдан тўлиқ бахраманд бўлишини муҳим ўрин тутмоқда, — дейди вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Ғаффоров.

Навоий шаҳрида истиқомат қилаётган Дилором Қурбонованинг ўғли Бахтиёр Қурбонов ва келини Наргиза Қурбоновалар ҳам Самарқанд тиббиёт инстититутини муддатидан олдин битириб қайтишди. Уларнинг ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминлангани эса Дилором опанинг кўнглини тоғдек  кўтариб юборди.

— Шифокор деганда, ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда қалб меҳри ва касб масъулияти билан дардларга дармон бўлаётган, соғлом авлод дунёга келишига ҳиссасини қўшиб, фидойилик намуналарини кўрсатаётган саломатлигимиз посбонлари намоён бўлади. Бугун ўғлим ва келинимнинг шундай шарафли касбни танлагани, элимиз саломатлигига ҳисса қўшишга бел боғлагани қалбимга чексиз ғурур бағишламоқда, — дейди Дилором Қурбонова. — Мен оналик меҳрим билан шундай имкониятларни яратиб бераётган Президентимизга миннатдорлик билдираман. Фарзандларим келажакда эгнидаги оқ халатига муносиб бўлиб, менинг, устозларининг, Ватанининг юксак ишончини албатта оқлайди.

Тошкент педиатрия институтини битириб келган Хуршида Турдиева ҳамда Фаррух Равшанов шу куни Кармана туманидаги 1-қишлоқ оилавий поликлиникасида умумий амалиёт шифокори сифатида дастлабки фаолиятини бошлади. Шу кунга қадар мазкур поликлиникада мутахассис кадрларга нисбатан эхтиёж бор эди. Бу масала ечимини топгани ҳудуд аҳлини ҳам хурсанд қилиб юборди. Малакали устозлардан замонавий билим олиб, ишга киришган ёш кадрлар эл саломатлиги йўлида қайғуришга киришди.

— Мен танлаган касбимдан фахрланаман. Одамларнинг дардига дармон бўлиш, уларнинг саломатлигини тиклашга кўмаклашиш биз шифокорларнинг энг муҳим вазифамиздир. Бир вақтнинг ўзида аниқ иш жойи билан таъминланиш эса ҳар битирувчи учун энг катта бахт. Биз бундай имкониятларга жавобан амалда саломатлик посбони эканлигимизни исботлашимиз керак. Чунки, ҳар бир бемор шифокор ҳузурига катта умид билан келади. Ишга киришар эканман, олий таълим муассасасида олган назарий билимларимни амалиётда қўллашга ҳаракат қиламан, — дейди Кармана туманидаги 1-қишлоқ оилавий поликлиникаси умумий амалиёт шифокори Фаррух Равшанов.

Давлатимиз раҳбарининг таъбирлари билан айтганда: “Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида гапирганда, бир ҳақиқатни эсимиздан чиқармаслигимиз лозим: тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак”.

Зеро, бугун бу даъват янги куч, янги нафас билан иш бошлаётган ёш шифокорларнинг ҳаётий шиорига айланиб, уларга куч ва шижоат бағишламоқда.

 

Отабек АСЛОНОВ.

Кўрилганлар сони: 5954