Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Эртадан кейин, 1 март куни юртдошларимиз фасллар келинчаги баҳорнинг кириб келиши билан бир пайтда халқимизнинг ҳассос шоираси, ўзбек адабиётининг ёрқин намоёндаси Зулфиянинг бир асрга тенг юбилейини ҳам қизғин нишонлайди.
Шоира олийжаноб инсоний фазилатларни юксак пардаларда тараннум этган етук бадиий асарлари, миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига, халқимиз маънавиятини юксалтиришга қўшган улкан ҳиссаси туфайли доимо халқимиз ардоғида. Шу боис унинг ҳаёти ва ижодини, ижтимоий фаолиятини бугунги авлод вакиллари алоҳида эҳтиром билан ўрганишмоқда.
Оташнафас шоира Зулфияхонимнинг истиқлол йилларидаги ижодий фаолияти халқ тақдири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, барча асарлари халқимизга муҳаббат, севги, садоқат, Ватан тинчлиги, миллат жасоратини бадиий талқин этишдан иборатдир.
У ҳақли равишда аёл қалбининг таржимонига айлана олгани сабаб доно ва зукко, эл олқишига сазовор мустақил Ўзбекистон қизлари Президентимизнинг 1999 йил 10 июндаги “Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ҳар йили Зулфия мукофоти танлови ғолибларига айланмоқдалар. Бу шоирамизнинг абадиятга дахлдорлигининг ёрқин исботидир.
Шунга мувофиқ мамлакатимиздаги барча таълим муассасаларида “Зулфияхоним издошлари” клуби ташкил этилиб, унга ҳар томонлама қобилиятли, хулқи, маънавияти гўзал қизлар жалб этилди. Ўтган давр мобайнида юртимиздаги мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида таълим олаётган, аъло хулқи, олийжаноб инсоний фазилатлари, зукколиги, донолиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари, ёрқин истеъдодини намойиш қилиши билан бирга истиқлол ғояларини амалга ошириш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган кўплаб Зулфияхоним издошлари, унинг номидаги Давлат мукофоти совриндорлари кашф этилди.
2000-2014 йилларда 14 нафар навоийлик қизлар ҳам бу мукофот соҳибасига айланиб, кўксига Зулфия сиймоси туширилган нишонни тақишга мушарраф бўлишди ва шулардан 6 нафари Навоий шаҳри вакилаларидир. Уларнинг аксарияти имтиёзли равишда мамлакатимиз олий ўқув юртлари талабалари сафидан ўрин эгаллашди.
Бетакрор истеъдоди, Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғуси ила халқимиз маънавиятига қўшган улкан ҳиссаси учун Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 31 октябрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорини ҳам юртдошларимиз шоирага бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтиромнинг ёрқин ифодаси сифатида қарши олишди.
Дарҳақиқат, Зулфияхоним ўзбек шеъриятининг энг ёрқин вакиласи сифатида барча қизларимизга намуна бўла оладиган донишманд, ўзбек онаси тимсолини яратди.
Бугун тинчлик, осойишталик ҳукм сураётган мустақил Ўзбекистонимизнинг ҳар бир фуқароси, эгзу ишларга ҳамоҳанг тарзда бунёдкорлик, яратувчанлик илинжи билан яшаяпти. Шоира шеърлари эса халқимизнинг бебаҳо маънавий бойлиги сифатида шу юрт аёли тилаклари бўлиб баралла янграмоқда.

Заркумуш АБДУРАУПОВА.

Кўрилганлар сони: 7540