Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Мамлакатимиз бўйлаб янги йил байрамига улкан тайёргарлик кўриш бошлаб юборилган. Айниқса, кўчаларга файз бағишлаётган безатилган арчалар, ранг-баранг чироқлар ёшу қарига бирдек хушкайфият бағишламоқда.
Вилоятимиз аҳли ҳам бу азиз байрамни катта ўзгаришлар ва келажакка ишонч билан қарши оляпти, ташкилотлар, корхоналар, таълим муассасаларида турли тадбирлар, консерт дастурлари намойиш этилмоқда.
Маданият бошқармасида ташкил этилган театр жамоаси томонидан саҳналаштирилган «Янги йил саргузаштлари» дея номланган эртак томошаси ана шундай тадбирлардан бири бўлди. Унда Навоий шаҳридаги «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчилари ва бошқарма ходимларининг фарзандлари иштирок этди.
Томоша Қорқизнинг янги йил байрамини биргаликда нишонлаш ҳақидаги таклифи билан бошланди. Аммо унинг бу фикрини тўсатдан эшитиб қолган Ялмоғиз кампир шодиёнани бузишга киришди ва ҳийла билан Қорқизни ўз маконига ўғирлаб кетди.
Томоша воқеалари қизғин руҳда давом этиб, болажонларнинг ҳайратини оширди. Улар байрамни нишонлашни астойдил хоҳлаб, Қорқизнинг яқинлари Хўрозбек ва Қуёнвой билан биргаликда Қорбобони ёрдамга чақиришди.
Эзгулик ҳар доим ёмонлик устидан ғалаба қозониб келгани бу эртакда ҳам яққол акс этган. Қорбобонинг сеҳрли ҳассасидан қўрққан Ялмоғиз кампир ниҳоят, Қорқизни қайтариб беришга мажбур бўлди.
— Томоша жуда қизиқарли экан, — дейди «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиси Ш. Юлиева. — Аввалига Ялмоғиз кампир Қорқизни бир парча музга айлантириб қўйди, деб қўрқдим. Чунки у байрамнинг асосий қаҳрамони эди. Айниқса, эртак сўнгида айёр Тулки ва очкўз Бўрининг ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, Қорбободан кечирим сўрагани жуда ёқди.
— Тадбиримиз болажонларга манзур бўлганидан хурсандмиз, — дейди режиссёр А. Эргашев. — Томошани кунига 4 сеансдан қўйишни, уни рус тилида ҳам саҳналаштиришни режалаштирдик. Шунда барча таълим муассасалари ўқувчиларини тўлиқ қамраб олиш имконимиз бўлади. Тўғрисўзлик, меҳрибонлик, бирдамликни улуғловчи ушбу саргузашт томошасига болажонларни чорлаб қоламиз.
Тадбирда байрамга бағишланган шеър ва қўшиқ ижро этган фаол болажонларга эртак қаҳрамонлари томонидан совғалар берилди.
— Мен байрамда арча ҳақида шеър айтдим, — дейди вилоят марказидаги 15 мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси Н. Аҳтамова. — Қорбобо менга чиройли совға берди. Бундан кейин доим тўғрисўз бўлишга, яхшиликка интилишга ҳаракат қиламан. Ўртоқларимга ҳам бу қизиқарли байрам, бўлган воқеалар ҳақида айтиб бермоқчиман.
Театр томошаси 12 январгача давом этади.

Зебо ҚУТЛИЙЭВА,
«Дўстлик байроғи» мухбири.

Кўрилганлар сони: 4964