Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Жаннатмакон юртимиз бозорларида йилнинг тўрт фаслида ҳам турли мева, сабзавот ва полиз маҳсулотлари сероб бўлади. Айниқса, қиш-баҳор мавсумида уларни аҳоли дастурхонига пешма-пеш етказиб беришда иссиқхоналарнинг ўрни катта. 
Дарҳақиқат, мамлакатимизда тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқа эгалари томонидан ташкил этилаётган иссиқхоналар фаолиятини янада такомиллаштириш, шу орқали ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари мўл-кўллигини, уларнинг янада арзонлигини таъминлаш ҳамда аҳолига полиз ва сабзавот маҳсулотларини узлуксиз етказиб беришга давлатимиз томонидан катта эъти­бор қаратилмоқда. Бундай имкониятдан унумли фойдаланган тадбиркор Васила Эргашева ҳам 2010 йилда На­воий шаҳрида “Таргет-нуравтотранс” хусусий корхонасини ташкил этиб, унинг таркибида иссиқхонани ишга туширди. Помидор, бодринг каби қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириб келинаётган иссиқхонада ўн беш нафар киши иш билан таъминланди. Уларнинг саккиз нафари касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшлардир. 
– Агар инсон бошлаган ишига меҳр билан астойдил киришса, албатта, яхши натижага эришади, – дейди Васила опа. – Мен ўз фаолиятим мисолида бунга амин бўлдим. Дастлаб банкдан 100 миллион сўм миқдорида кредит олиб, иссиқхона фаолиятини йўлга қўйдим. Ўтган йили помидордан 50 тонна, бод­рингдан эса 25 тонна ҳосил олдик. Олган 50 миллион сўм соф даромадимиз ва яна банкдан олинган 25 миллион сўм кредит ҳисобига еримизни кенгайтириб, иссиқхонамизни янада такомиллаштирдик, сув қувурларини янгиладик. Жорий йилда бу кўрсаткичларимиз янада юқори бўлиши кутилмоқда. Айни вақтда маҳсулотларимиз нафақат ички бозорга, балки бошқа вилоятларга ҳам сотилмоқда. Ўғил­ларим Умиджон ва Хуршиджонлар ҳам деҳқончилик ишига чин кўнгилдан меҳр қўйгани боис доим ёнимда бўлиб, менга кўмаклашади. 
Иссиқхонага кирар эканмиз, қаторлар аро бўй чўзиб етилган кўчатларнинг ҳар бирида 40-45 тагача помидор тугиб етилганига кўзимиз тушди. Шубҳасиз экилган уруғдан бундай баракали ҳосилни олиш ва экинлар учун зарур агротехника тадбирларини ўз вақтида ўтказиш кўп жиҳатдан агроном зиммасига юкланадиган масъулиятдир. Шавкат Туклиев ҳам иссиқхонанинг тажрибали, ернинг “тилини тушунган” агрономларидан.
– Сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларни етиштириш учун аввало, ернинг унумдорлигини ошириш, илғор технологиялардан унумли фойдаланиш ва ҳар бир экинга меҳр билан қараб, парваришлаш лозим, – дейди агроном. – Бир гектарли иссиқхонамизда ўсимликлар учун зарур бўлган микроиқлимни яратиб, уларни ўз вақтида маҳаллий ўғит ва бошқа керакли озуқалар билан таъминлашга асосий эътиборни қаратганмиз. Помидор ва бодрингнинг энг серсув, тезпишар ва серҳосил навларини олиб келиб экдик. Натижа ёмон бўл­мади. Шу йил бодрингдан 35 тонна ҳосил олдик. Ҳозирги кунда помидорларни парвариш қилаяпмиз. Насиб этса, ундан 60 тоннага яқин ҳосил олиб, халқимиз дастурхонига етказиб беришни кўзлаяпмиз. 
Васила Эргашева ҳозирги вақтда ўзи бошқараётган иссиқхонани янада замонавийлаштириб, фаолият кўламини кенгайтиришни режалаштираётир. У келгусида томчилатиб суғориш ускуналари, қопламалар, илғор технологияли автоматлаштирилган суғориш жиҳозларини сотиб олишни мўлжалламоқда. Бу эса янада рақобатбардош, арзон ва бозорбоп маҳсулотларни етиштириш, ишни осонлаштириб, сарф-харажатларни камайтириш, қишин-ёзин бозорларимиз тўкин-сочинлигини таъминлаш баробарида қўшимча иш ўринлари яратилади демакдир. 
Раъно РАБИМОВА

Кўрилганлар сони: 6963