Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Дунёга келган инсон борки, бахтли ҳаёт ке­чиришни, фаро­вон турмуш қуришни ис­тайди. Бу орзуга эришишнинг омил­лари кўп албатта, лекин биринчи галда тинч­­лик-осо­йишталик керак.

Дарҳақиқат, осудалик ҳукм­рон жой­да­гина ривожланиш, та­раққиёт, бунёдкорлик ва ободлик бўлади, улуғвор мақ­садлар, эзгу ниятлар рўёбга чиқади. Шукрки, биз ана шун­дай яшаш имконига эгамиз, юр­ти­миз тинч, осмонимиз мусаффо.

Қишлоғимизда Иккинчи жа­ҳон уруши иш­тирокчиси Ал­лоф бобо Турсунов яшар­ди.Бир­да у киши билан жанг хо­тиралари ҳа­қида суҳбатла­шиб, мақола ёзгандим. Ўшан­­да отахон йиғламсираган ҳол­да "бу кунларга ет­ганлар бор, ет­ма­ганлар бор, не-не оғай­ни­ларим, биро­дарларим жанг­гоҳ оловларида ёниб, бомбалар порт­лашларида қолиб кетма­ди, ҳаётга тўй­маган, яқинлари дийдорига интиқ кўзлари очиқ кетган аскарларнинг суврати ҳамон хаёлимда",  дея таъкид­ла­ганди.

Ҳа, суронли йилларда минг­лаб ўзбек йи­гитларидан қо­ра­хат келди, бедарак, ном-ни­шонсиз кетганлар бўлди. Муш­типар оналар умрининг сўнг­ги дақиқасигача кўзи эшик­да, фарзандини кутиб яшади, чи­милдиқда тул қолган келинлар момо бўлганда ҳам жуфтининг қайтишидан умид узмасдан садоқат рамзига ай­ланди, ай­тилмаган дил изҳор­лари тимсоли — каш­тали рў­мол­­чалар эгасига туҳфа этил­май, армонлар гувоҳи бўлиб, сан­диқларда қолди.

Яқинда Ўзбекистон халқ шои­ри Иқбол Мирзонинг бир мақоласини ўқидим. Унинг ёзишича, бир журналист дўс­ти 15 йил аввал Германияга бор­ганида "бедарак кетган" ўзбекларнинг ҳалок бўлган ман­зили ва санасини топиб­ди. Одамни лар­зага соладиган жойи шундаки, юзлаб аскар­ларнинг ҳалок бўлган кунлари уруш тугагандан кейинги июнь-июль ойларига тўғри ке­ларкан. Демак, тақдир тақо­зо­си билан асирга тушган ва фа­шистлар қи­личидан омон қол­ган йигитларни шўро ас­кар­ла­ри концлагерларда омма­вий қирғин қилишган.

Бу ростдан ҳам улкан армон эди, бу чин­дан ҳам залворли алам эди. Бутун бир элнинг юра­гига кўмилган армон, бор­лиғини кемирган алам. Шукрки, Яратган бу элга ана шу армонларга дош беришга қодир улкан сабр-қаноатни, тинчлик, деб аталмиш бебаҳо неъмат қадрига етиш ва уни асраб-авайлаш қудратини ҳам­да фа­ровон турмуш барпо этиш мақсади йў­лидаги ғай­рат-шижоатни ато этди. Бу­гун­ги авлодга уруш йиллари хо­тиралари эр­так бўлиб тую­лади.

Кармана тумани, Ҳазора қишлоғида яшовчи Холбой ота ва Ўғилой аянинг тўрт қизи, икки ўғли бор эди. Кўпга келган тўй, билагида кучи, юра­гида ўти бор ёш-яланг­ни домига тор­таётган уруш ана шу икки ўғилни ҳам чет­лаб ўтмади. Ҳали йигир­ма­га ҳам тўлмаган ака-укалар бир кунда фронтга кетишди. Уларнинг каттаси Холиқ ўзи кўнгил қўйган қизга унаш­ти­рилган, укаси Ёрқул эса ҳали севиб-се­ви­лишга ул­гурмаган, навқирон эди. Аввалига поч­тачининг йўлини пой­лайдиган онаизор­нинг кўнгли окопларда ёзилган нома­лар­дан тасалли-таскин топ­ди, лекин кейинроқ ҳар иккала ўғилдан хат-хабар келмай қўй­ди. Уруш тугади, унда омон қолганлар яримжон бўлса-да, уйга қайтди, бироқ Ўғилой аянинг дилбандлари ном-ни­шон­сиз эди.

— Онам бечора кўз юмгунча акаларимни кутди, уми­дини асло сўндирмади, — дей­ди бедарак кетган Холиқ ва Ёрқул Но­ровларнинг синглиси, айни пайтда Навоий шаҳрида яшовчи Қурбоной ая. — Узоқдан биров кўринса, акамлардан бирими, деб умид қилардик. Жон-жигарингнинг ҳаёт ёки ҳаёт эмаслигини билмаслик ёмон экан, ҳалок бўлганини кўрсанг, ер бағри со­­вуқ, сен ҳам совийсан, аммо бедарак бўл­­са, кутаверар экансан, ҳали-ҳамон ака­ларим ҳақида бирор хабар чиқиб қолар, деб ўйлайвераман. 

— Тошкентдаги Хотира майдонида Холиқ тоғам ва Ёрқул тоғамнинг ҳам исм-ша­рифлари битилган, — дея суҳбатимизга қў­шилади уларнинг жияни Розия опа Дав­латова. — Булар шунчаки ёзув эмас, тинч­лик учун тикилган жонлар, тўкилган қон­­ларнинг ёрқин далили. Фарзанд­ла­римга, невараларимга тоғаларим ҳақида айтиб бераман, токи улар осуда ҳаёт қад­рини, ўз яқинларининг, жамики инсонлар­нинг қим­матини англаб етишсин.

Айни пайтда Холбой отадан қолган ҳов­лида унинг не­вараси, тўнғич қизининг ўғли Содиқ Давлатов ўз оиласи билан истиқомат қилмоқда. Эски иморатлар ўрнида янги уй-жойлар қад ростлаган. Аммо ака-укалар тишлаб кетган нон солинган халта ҳамон уй тўрида. Демак, йўлга интизор яқинлар кўнглида ҳануз "улар тирик, ризқ-насиба тортиб, ал­батта қайтишади", деган умид яшаяпти. Ар­монларин юрагига кўмган элнинг уми­ди­дир бу…

Холбиби САФАРОВА.

Кўрилганлар сони: 7448