Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Айни кунларда кўринмас офат дея таъриф этилаётган – коронавирус пандемияси дунё афкор оммасини ларзага солмоқда.

Covid-19 пандемияси дунёнинг қарийб барча давлатлари аҳолиси турмуш тарзига у ёки бу даражада таъсир этиб, бунинг натижасида айрим соҳалар жиддий инқироз ёқасига келиб қолди.

 Натижада вазият иқтисодий прогнозларнинг пасайиши, ишлаб чиқариш фаоллигининг тушиб кетиши, хизматлар соҳасининг қисқариши, нефть нархининг қулаши, молиявий бозорлардаги хаос, ишсизлик даражасининг ошиб кетиши, туризм кўрсаткичларининг кескин пасайиши ҳамда халқаро савдонинг деярли тўхташига олиб келди. Олимларнинг фикрича, дунё иқтисодиёти тарихий ишсизлик даражаси билан юзма-юз келмоқда.

Бу жараёнда, иқтисодиётга пандемия эмас, балки уни чеклаш билан боғлиқ кўрилаётган чоралар салбий таъсир этаётганлигини кўришимиз мумкин. Зеро, карантин сабаб ўз иши ва фаолиятидан вақтинча айрилаётган фуқаролар ўз-ўзидан иқтисодий жиҳатдан азият чекмоқда.

Аммо, амалиёт ҳамда ҳаётнинг ўзи шуни кўрсатдики, қатъий чоралар кўрилмаслиги оқибатида ўнлаб мамлакатларда салбий оқибатлар кузатилиб қурбонлар сони ортиб бормоқда. Пандемия даврида масъулият ҳам ўта муҳим ўрин тутади. Зеро, масъулият бўлмаган жойда ривожланиш ҳам, интизом ҳам бўлмайди.

Пандемия натижасида юзага келган инқорозли вазиятда ҳар бир мамлакат барқарор ривожланиш стратегиясининг асосий мақсади – бу давлат, жамият, бизнес ва атроф-муҳит ўртасида манфаатлар мувозанатини таъминлашдан иборатдир. Буни амалга оширда давлат секторининг ўрни муҳимдир. Тобора кўлами кенгайиб бораётган инқироз натижасида дунё мамлакатлари катта босим остида қолмоқда. Бугунги кунда давлат хизматчилари ва раҳбарлар илгари кузатилмаган муаммолар билан ишлашга, шунингдек,  ўзгарувчанлик, ноаниқлик ва мураккаб шароитда тезкор қарорлар қабул қилишга мажбур бўлмоқда.

Албатта, буларнинг барчаси давлат хизматчиларига нисбатан қўйиладиган талабларни кучайтириб, давлат бошқарувининг аҳамиятини янада оширади.

Айни кунларда коронавирус пандемияси давом этаётган, Карантин чекловлари амалда бўлган ва касаллик юқиши хатари юқори саналган шароитда самарали бошқарувни амалга ошириш, бошқарув кадрлари томонидан мураккаб вазиятда тезкор қарорлар қабул қилиш, шунингдек, давлат хизматчилари фаолиятини карантин талабларига мувофиқ ташкил этишни тақозо этмоқда. Пандемия оқибатларини енгиш, мамлакатнинг олдингидек барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлашда, бошқарув кадрлари бир қатор муҳим компетенцияларга эга бўлиши алоҳида  аҳамият касб этади.

Хусусан, ресурсларни самарали бошқариш, мослашувчанлик, етакчилик, стратегик фикрлаш, қадриятлар ҳамда фаол мулоқотчанлик  (коммуникабилллик) кўникмалари бу жараёнда асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мавжуд ресурс (инсон, молиявий-иқтисодий, ахборий ва табиий ресурслар) ҳамда имкониятлардан самарали фойдаланиш ва уларни бошқариш тажрибаси бугунги кунда раҳбарлар учун жуда зарур.

Сабаби коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият нафақат биз кўникиб қолган  одатий муносабатларни ўзгартиришга, балки, кейинги ҳаёт тарзимизни янгича англашга ва режалаштиришга мажбур қилмоқда. Бундан ташқари, келгусида бошқача ишлаш, янги механизм, янги касб, янги ғоя, янгича кўникмалар ва қоидаларни шакллантириб, керак бўлса, жамиятдаги қадриятлар тизимини ҳам қайта кўриб чиқишга ундамоқда.

Фикримизча, бошқарув ходимлари учун барча даврларда муҳим бўлиб келган “базавий” ёки асосий компетенциялар ўз муҳимлигини пандемия шароитида ҳам сақлаб қолади.  Шунга қарамасдан, уларнинг айримлари бўйича жиддий тузатишлар киритилиши керак бўлганлари ҳам мавжуд масалан:

-       Информацион технологиялардан фойдаланиш кўникмалари;

-       Рискларни бошқариш ва қарорлар қабул қилиш.

“Ер шари устига  “quarantine” дегансаралавҳа ёзиб қўйилди” – деган эди машҳур Европалик теле-шоу бошловчиси.

Карантин ва масофавий иш (таълим олиш) услубига ўтилиши давлат хизматчиларини ҳам четлаб ўтмади. Ўрганиш бўлиб туюладиган қаттиққўл, вазмин, хонасидан чиқмай топшириқ беришга ўрганиб қолган ўрта ва юқори бўғин раҳбарлари замонавий информацион технологиялардан ўзлари, шахсан фойдаланишга мажбур бўлишмоқда.

Уйда (масофдан) ишлаётган ходимларда иш самарали ва баракали бўлишни бошлади. Бунга бир нечта омилларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

Масалан:                                

-  Транспортга маблағ ва вақт сарф қисқаргани;

-  Оила аъзолари билан бирга вақт ўтказиш имконияти;

-  Ходимни иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш ёки иш ҳажми кўплигидан ва/ёки раҳбар ҳали кетмагани сабабли офисда қолиб кетиш (МДҲ ва Шарқий Осиё мамалакатларига хос);

-  Хайрихоҳ (симпатия) бўлмаган хамкасблар билан бевосита мулоқот қилмаслиги.

Ушбу вазиятнинг ижобий жиҳатларидан бири, замонавий технологиялардан хабардор бўлган, шартли равишда, «неораҳбарлар» синфи пайдо бўла бошлади. Нафақат раҳбар кадрларда балки, келажак кадрлари  бўлган ўқувчиларда, талабаларда ва умуман, аҳолида электрон маданият шакллана бошланди.

Яна бир алоҳида жиҳат, риск менежмент ва турли шароитларда қарорлар қабул қилиш борасида ҳам тўхталиб ўтмасдан иложимиз йўқ. Исталган раҳбар ижтимоий-иқтисодий ҳаётга ўз таъсирини ўтказаётган пандемия шароитида инсон ресурсинини унинг соғлиғи ва шаклланган идоравий (соҳавий) кадриятларини сақлаб қолган ҳолда маҳорат билан  бошқаришига тўғри келмоқда. Ушбу жиҳат ишлаш усулига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

 

Масалан:

-       янада самарали иш усулларини ўрганиш;

-       ходимларга берилган вазифаларни қайти тақсимлаш (делегирование);

-       харажатлар таркибини қайта кўриб чиқиш;

-       Ташкилотнинг яқин ва узоқ муддатли стратегик мақсадларини янгилаш.

 

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, касалланганлар ва ўлим ҳолатлари   сони ортиши, давлатлар бюджети тобора бўшаб бориши, аҳолининг даромад манбаларидан айрилиши каби салбий оқибатларни инкор этмаган ҳолда,  Дунё иқтисодиёт тармоқлари ва шаклланган қадриятлар тизими каби ходимларни ишга қабул қилиш, касбий ўстириш, малакасини ошириш умуман, бошқариш соҳасида янгиланган кичик тизим пайдо бўлиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, қуйи, ўрта ва юқори бўғин бошқарув ходимларининг дунёқарашига ва компетенцияларининг янгича шаклланишига ундайди.

Айтиш мумкинки, пандемия яна бир бор “ишонч” ва “ўзаро ҳурмат” тушунчалари нафақат ижтимоий қадрият, балки давлат бошқарувининг муҳим капитали эканлигини кўрсатиб, бошқарув кадрларидан янги билим ва кўникмаларга эга бўлиш заруратини туғдирмоқда.

Энг муҳими, пандемия шароитида ҳар бир фуқародан, у қайси вазифада ишламасин ақл билан иш тутиш, ўрнатилган тартибларга қатъий амал қилиб фаолият юритиш тизимини жорий этишни талаб этмоқда.

 

 Аброр Латипов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

 Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

Навоий вилояти филиали бош инспектори

Кўрилганлар сони: 2560