Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 19 март куни мамлакатимиз раҳбари бошчилигида ўтган видеоселекторда юртимиз ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун кўмаклашиш мақсадида бешта муҳим аҳамиятга эга ташаббусни илгари сурилган эди.
Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам мазкур ташаббусларни тарғиб қилиш ишларига катта эътибор қаратилиб, ушбу ҳаётий тажриба жамиятимизда кенг татбиқ этилмоқда.
Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади. Айни пайтда вилоят миқёсида санъат ва маданият соҳасига қизиқувчи ёшларнинг сони 39 минг нафардан ошади. Уларнинг аксарияти таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва уюшмаган ёшлардир.
Бугунги кунда вилоятимизда 32 та маданият маркази ҳамда 13 та мусиқа ва санъат мактаби фаолият юритаётган бўлиб, уларда ўтказилаётган машғулотларга 2 мингдан ортиқ ўғил-қизлар мунтазам иштирок этади. Афсуски, бу жуда паст кўрсаткич ҳисобланади. Ташаббус илгари сурилгач, бу йўналишдаги амалий ишларнинг олиб борилиши доимий назоратга олинди.
Хусусан, жорий йилда Нурота ва Қизилтепа туманларида янги маданият марказларининг қурилиш ишлари бошланиши мазкур ҳудудлар ёшларининг қобилиятини ўстиришга қулай муҳит ва аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун зарур шароитни яратади.
Бу борада тезкорлик билан бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар, айрим тўсиқ ва муаммолар ҳам йўқ эмас. Биринчи навбатда зарур жиҳозлар ва малакали кадрлар масаласини ҳал қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, биринчи ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят маданият ва халқ таълими бошқармаларининг қўшма қарори қабул қилинди. Унга кўра, янги ўқув йилидан мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда маданият марказлари ижодий жамоалари ҳар ойда тўрт маротаба умумтаълим мактабларида бўлиб, ўқувчилар орасида ўз фаолиятини тарғиб этади.
Ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган иккинчи ташаббус бўйича ҳудудимиздаги ёшлар орасида махсус сўровнома ўтказилди. Натижага кўра, 68631 нафар ёш ўз хоҳишидан келиб чиқиб, маълум спорт турлари билан шуғулланиш истакларини билдиришган.
Бугунги кунда мазкур йўналишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан вилоят ҳамда туман ва шаҳарларнинг йўл хариталари ишлаб чиқилди. Унга кўра, Хатирчи ва Нурота туманлари ҳамда Навоий шаҳри намунавий лойиҳа асосида танлаб олинди. Махсус ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганиш жараёнида шаҳар ҳудудидаги спорт мажмуаларининг 48 таси бугунги кунда капитал таъмирга мухтожлиги аниқланди Бундан ташқари, Хатирчи туманидаги «Ёшлик» ва 17 умумтаълим мактаби тасарруфидаги «Тасмачи» футбол ўйингоҳлари ҳамда болалар-ўсмирлар спорт мактаби тасарруфидаги очиқ сузиш сув ҳавзаси ҳозирги вақтда таъмирталаб. Ташаббусдан келиб чиқиб, Нуротада спорт заллари мавжуд бўлмаган ўқув муассасаларида тадбиркорлар билан ҳамкорликда енгил конструкцияли сендвич-панелли давлат хусусий шерикчилик асосида қурилиш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Учинчи ташаббус ижроси сифатида вилоятимизда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ҳудудий бошқармаси томонидан ёшлар орасида информацион технологиялари саводхонлигини ошириш масаласига қаратилди. Шу мақсадда барча таълим муассасаларида махсус ўқув курсларини ташкил этиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Жумладан, Навоий давлат кончилик ва педагогика институтида талабалар учун ўқув курслари фаолияти такомиллаштирилиб, турли дастурлар яратиш усули ўргатилмоқда. Вилоят марказида Рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилди.
Тўртинчи ташаббус бўйича бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам кенг тарғибот ишлари олиб борилди. «Ёш китобхон» республика танловининг ҳудудий босқичлари, «Маърифат карвони», «Бир болага уч китоб», «Китоб билан келажакни қурамиз», «Мактабимга китоб совға қиламан», вилоятда корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари орасида ўтказилаётган «Ҳафтада битта китоб мутолаа қиламиз» каби оммавий тадбирларда мутолаа маданиятини ошириш, ёш авлодни бадиий адабиётга қизиқтириш ва аҳоли орасида китобхонлик даражасини ошириш тарғиб қилинмоқда.
Айни пайтгача ташаббус доирасида вилоятимиз умумтаълим мактабларининг кутубхона фондига 91 минг 697 та бадиий китоб йиғилди. Мазкур жараёнда вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарларининг бевосита ҳомийлигида тақдим этилган бадиий адабиётлар сони 44 мингдан ошди. Шунингдек, марафонларда жамғарилган китоблар миқдори 47 минг 604 тани ташкил этгани қувонарли ҳол.
Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларига бағишланган бўлиб, бу борада ҳам вилоятимизда бир нечта лойиҳалар ишлаб чиқилди, муайян ишлар бажарилмоқда. Жумладан, Конимех, Нурота, Навбаҳор ва Хатирчи туманларида тикув-трикотаж сехларининг ишга туширилиши кўзда тутилган бўлиб, ҳозирда қурилиш ишлари бошланиш арафасида. Мазкур объектлар фойдаланишга топширилса, 400 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлади.
Ташаббус илгари сурилганидан сўнг, вилоятимиз миқёсида аёлларнинг 331 нафари ҳунармандчилик, 379 нафари тадбиркорлик, 170 нафари оилавий мактабгача таълим муассасалари, 199 нафари чорвачилик, 682 нафари паррандачилик, 239 нафари иссиқхона ва 2 минг 428 нафари ипак қурти боқиш ишларига жалб этилди. Шунингдек, 3 минг 989 нафар хотин-қизга имтиёзли кредит асосида тукув машиналари олиб берилди. Натижада, 260 та янги сех иш бошлади.
Бир сўз билан айтганда, ташаббуслар доирасида яратилаётган имкониятлар, кенг кўламли оммавий тарғиботлар ва амалга оширилаётган лойиҳалар эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани, юртдошларимиз, хусусан, ёшлар ҳаётида муҳим ўрин тутаётгани билан эътирофга лойиқ.

Нигора РЎЗИЕВА,
«Дўстлик байроғи» мухбири.

Кўрилганлар сони: 3914