Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюмнинг Навоий вилоятига ташрифи “Навоий” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишишдан бошланди.

 Дарҳақиқат, бугунги кунда “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида 70 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Мазкур ишлаб чиқариш тармоқлари томонидан уяли алоқа телефонлар, рақамли телеқурилмалар, автомобилсозлик учун бутловчи буюмлар, электр кабеллари, полиэтилен қувурлар, гигиеник воситалар таёрланмоқда.

 Элчи жаноблари Навоий вилоят ҳокими Қ.Турсунов билан ҳам учрашди. Ўзаро мулоқот давомида вилоят ҳокими Навоий вилоятининг иқтисодий салоҳияти, бой тарихи хусусида тўхталди. Хусусан, бугунги кунда вилоятда 200 дан ортиқ қўшма корхоналар муваффақиятли иш юритаётгани, шунингдек хорижий ҳамкорларнинг ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигига тобора қизиқиши ортиб бораётгани тўғрисида маълумотлар берди.

 Айниқса, жорий йилда Навоий вилояти 2 та йирик халқаро бизнес форумга мезбонлик қилгани, тақдимотлар жараёнида қатор қўшма келишувларга эришилгани таъкидланди. Жумладан, мазкур бизнес анжуманлар самарасида вилоятнинг Зарафшон шаҳри ҳамда АҚшнинг Миссисипи штати Клинтон шаҳри ўртасида биродарлик ришталари боғланиб, икки салоҳиятли шаҳар ўзаро биродарлашган шаҳар мақомини олди. Вилоят ҳокими 2017 йил билан жорий йилги кўрсаткичларни таҳлил қилар экан, ўтган давр мобайнида вилоятда инвестициялар ҳажми 13 баробарга ошганини эътироф этди.

 Қ.Турсунов муҳтарам элчига Ўзбекистондаги муҳим сиёсий жараён сайловлар ва унга “Янги сайловлар – янги Ўзбекистон” шиори остида пухта тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида маълумот берди.

 Вилоят ҳокими учрашув давомида икки давлат ҳамкорлигини мустаҳкамлашда элчиларнинг хизмати жуда муҳим эканини таъкидлади. Ўз навбатида АҚШ элчиси Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилаётганига эътибор қаратди.

 Жаноб Дэниел Розенблюм ташриф давомида Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қ.Санақулов билан ҳам учрашди. Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида жойлашган комбинат тарихи музейида ташкил этилган учрашувда йирик саноат корхонасининг тарихи ва салоҳияти, истиқболдаги режалари, йирик лойиҳалари хусусида батафсил маълумот берилди. Музейга сайёҳат уюштирилди.

 АҚШнинг мамлакатимиздаги элчиси Марказий сайлов комиссиясининг Навоий вилоят бўлими ва Халқаро матбуот маркази Навоий вилояти бўлими фаолияти билан ҳам танишди.

 – Мен Ўзбекистоннинг турли вилоятларига ташриф буюраман. Бу сафар ўзига хос, юқори иқтисодий салоҳиятга эга Навоий вилоятига ташрифим давомида ҳудуддаги ўзгаришларни кўришни мақсад қилган эдим, ва буни кўрдим, – дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм. – Вилоят ҳокими, Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, “Навоий” эркин иқтисодий зонаси раҳбарияти билан учрашиб Навоий вилоятининг иқтисодий жиҳатдан мамлакатнинг етакчи ҳудуди эканига амин бўлдим. Мулоқотлар давомида АҚШ компанияларини бу ерга жалб қилиш хусусида фикр юритдик. Албатта, мен элчи сифатида икки давлат ўртасидаги ўзаро иқтисодий ҳамкорликни мусткамлаш тарафдориман

 Ташриф давомида муҳтарам элчи Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида жойлашган қадимий “Сармишсой” дараси ва мазкур ҳудуддаги қоя тошлардаги петроглифларни кўздан кечирди.

 Нуриддин РАҲИМОВ,

ЎзА мухбири

 

Кўрилганлар сони: 3798