вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш
Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат
Интерактив
давлат
хизматлари
04.06.2018 09:54:39
Мамлакатимизда юз бераётган жадал янгиланишлар жараёнида халқ дардини тинглаш, аҳолининг муаммоларини тизимли ҳал этиш ҳар бир раҳбар фаолиятининг муҳим мезонига айланди. Айниқса, вилоятимизнинг турли ҳудудларида ҳоким, прокурор, ички ишлар ҳамда солиқ органлари раҳбарлари бошчилигидаги секторлар фаолияти бу борада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ўтган ҳафта Қизилтепа, Хатирчи ва Учқудуқ туманларида вилоят прокурори, ички ишлар ва давлат солиқ бошқармаси бошлиқлари томонидан ўтказилган сайёр қабуллар жараёнида ҳам маҳаллалардаги юзлаб масалалар ўзининг ижобий ечимини топди. Жумладан, 2-сектор раҳбари, вилоят прокурори Х. Каримов Қизилтепа туманидаги "Бўстон" маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли билан юзма-юз мулоқот олиб борди. Бу жараёнда 15 та масала жойида ҳал этилган бўлса, қолган 25 та мурожаат ечими юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.
— 10 нафар кам таъминланган оилалар фарзандлари учун ёзги оромгоҳларга, 1 нафар фуқарога эса соғлигини тиклаш мақсадида санаторийга бепул йўлланмалар топширилди, — дейди вилоят прокурорининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта ёрдамчиси А. Жамолов. — Бундан ташқари, қабул давомида аҳоли орасида янги қонунчилик нормалари тарғиботи олиб борилди. Мазкур чора-тадбирлар келгусида ҳам давом эттирилади.
Хатирчи ҳамда Нурота туманлари 3-сектор — вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғига бириктирилган. Аҳолининг турмуш тарзи ва яшаш шароитини яхшилашга кўмаклашиш мақсадида бошқарма бошлиғи Р. Турсунов Нурота туманининг "Темирқовуқ" маҳалласида бўлди. Сайёр қабулда йиллар давомида ҳал этилмаган кўплаб муаммолар шу куннинг ўзида ечим топди.
— Вояга етмаган ногирон фарзандимга қараётганлиги сабабли турмуш ўртоғимнинг иш стажи билан боғлиқ муаммо юзасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим, — дейди фуқаро Ш. Норқулов. — Сектор раҳбарининг кўрсатмаси асосида масалам атрофлича кўриб чиқилди ҳамда шу ернинг ўзида ижобий ҳал қилинди.
Шунингдек, томорқа майдонларини суғоришда юзага келаётган муаммолар, тадбиркорликни бошлаш учун кредит олиш, йўлларни таъмирлаш ҳамда "Тез тиббий ёрдам" хизматининг қониқарсизлиги борасида билдирилган мурожаатлар ҳам атрофлича ўрганилиб, ижрочиларга уларни ижобий ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.
Худди шундай тадбир Хатирчи туманининг Амир Темур номли истироҳат боғида ҳам ўтказилди. Унда, асосан, аҳоли томонидан ижтимоий кўмак ҳамда ишсизлик масаласи хусусида мурожаатлар қилинди. Сайёр қабул доирасида меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, шу асосда 40 нафардан ортиқ фуқаро иш ўрнига эга бўлди. Шу билан бирга, моддий кўмакка муҳтож хаста кишиларга ногиронлик аравачалари ҳамда дори-дармонлар тарқатилди.
Маълумки, Учқудуқ тумани вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи масъуллигидаги 4-сектор ҳудуди саналади. Сектор ташаббуси билан ҳомий ташкилотлар кўмагида жорий йилда "Қулқудуқ" ҳамда "Актов" овулларидаги 214 та хонадон тўлиқ таъмирланиб, электр таъминоти яхшиланди. Мазкур жараён "Қулқудуқ" овулидаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, қишлоқ врачлик пунктида ҳам давом этмоқда.
Бошқарма бошлиғи А. Бозоровнинг вилоят корхона-ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ушбу овул фуқаролар йиғинида ўтказган оммавий сайёр қабулида 200 нафарга яқин фуқаро иштирок этди.
Юзма-юз мулоқотда аҳоли томонидан ишга жойлаштириш, тадбиркорлик, банкдан кредит олиш, уй-жой, ногиронликни белгилаш, пенсия ва нафақа таъминоти билан боғлиқ масалалар ўртага ташланди.
Учрашув жараёнида 3 нафар фуқаро тадбиркор сифатида давлат рўйхатига олинган бўлса, 2 та оила фарзандлари мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилди. Бундан ташқари, иссиқхона фаолияти билан шуғулланиш масаласида мурожаат қилган 3 та тадбиркорга ер майдонлари ажратиш белгиланди.
— Кўп йиллардан буён юрак касаллигидан азият чекиб келаман, — дейди "Алтинтов" овулида яшовчи А. Тилубаева. — Сайёр учрашувда ногиронлигим юзасидан тиббий меҳнат эксперт комиссиясининг хулосасини олишда амалий ёрдам сўрадим. Шундан сўнг тегишли мутахассислар уйимга келиб, соғлигимни текшириб, тиббий хулоса беришди. Муаммонинг ижобий ечим топгани хасталигимга малҳамдек бўлди.
Сайёр қабул доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 32 нафар фуқаро ишга жойлаштирилиб, шу ернинг ўзида меҳнат шартномалари имзоланди.
Бир сўз билан айтганда, секторлар раҳбарларининг сайёр учрашувлари чекка қишлоқларда яшаётган аҳоли муаммоларининг ҳам самарали ечим топишида муҳим аҳамият касб этаётгани билан бирга, халқнинг давлатга бўлган ишончини янада оширмоқда.
Тендер савдолари
Тендерлар ва танловлар
Барча юридик ва жисмоний шахслар, чет эл инвесторлари диккатига!!!
Ижарага бериладиган объектлар
Навоий вилоят Ҳудудий танлов комиссияси танлов эълон қилади!
ҳокимлик билан Боғланиш
Тел.: 8 (436) 229-6206
info@navoi.uz
Ўзбекистон Республикаси,
Навоий вилояти, Навоий ш.,
Халқлар Дўстлиги кўчаси, 77а