Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2014 йил 11 сентябрдаги 614-сонли қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар ўтказилиши эълон қилинди. 

Мазкур сайловларда номзодлар асосан, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган тўртта сиёсий партия томонидан кўрсатилади. Табиийки, бу жараёнда ҳар бир сиёсий партия бошқа партияларга нисбатан кўпроқ депутатлик ўринларига эга бўлиш учун жиддий кураш олиб боради. Айниқса, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси талабларидан келиб чиқиб, 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар, жумладан “Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади” деган норманинг киритилиши жорий йилдаги сайловларда сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни том маънода кучайтирди. Сайловолди кампаниясининг энг муҳим босқичи — бу сайловолди ташвиқоти ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мазкур жараёнда сиёсий партиялар томонидан амалга ошириладиган сайловолди ташвиқотида қонун устуворлигини ҳамда ҳалол рақобатни таъминлаш зарурияти янада ортди. Таъкидлаш керакки, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ, сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади. 2012 йил 19 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни сайлов кампаниясида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Айнан ушбу қонуннинг 27-моддаси янги таҳририда сайловолди ташвиқоти тушунчасига аниқ таъриф берилган бўлиб, “Сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни депутатликка номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир”. 
Янги меъёрга кўра, сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди. Бу эса сайловчиларга ўз қарашларини, сиёсий хайрихоҳларини аниқлаб олиш, уларнинг кимга ва қандай сиёсий дастур учун овоз бериш масаласида онгли равишда аниқ бир қарорга келиши учун қўшимча вақт берилишига имкон яратади.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонун ва Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов бўйича сайлов кампанияси даврида сайловолди ташвиқотини амалга оширишда депутатликка номзодлар, сиёсий партияларнинг оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, сиёсий партияларга, депутатликка номзодларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имкониятлар яратилади. Сиёсий партияларга, депутатликка номзодларга сайловолди ташвиқоти даврида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг шарт-шароитлар яратиш, сиёсий партияларнинг ўзининг келгуси фаолият дастури билан чиқиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида уларнинг барча оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари алифбо тартибида амалга оширилиши белгилаб қўйилган. 
Сайловолди ташвиқотида қуйидагиларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Яъни, сиёсий партиянинг дастури ва сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш, шунингдек, депутатликка номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатишга рухсат этилади. Сайловолди ташвиқоти омма олдида мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, интервьюлар, сўзга чиқишлар, сайловчиларнинг йиғилишлари, депутатликка номзод, сиёсий партия тўғрисидаги роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.
Сайловолди ташвиқоти оммавий ахборот воситалари, шунингдек, интернет, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади. Шунингдек, сайловолди ташвиқотини сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), бундан ташқари, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади. Сиёсий партиялар ҳамда депутатликка номзодлар томонидан сайловолди кампанияси давомида қуйидаги “қора ташвиқот” ишларидан сақланиш тавсия этилади:
- Рақиб номзод тарафдорлари ҳисобланган сайловчиларни сайловда иштирок этишига йўл қўймаслик;
- Сайловчиларни чалғитувчи ёлғон маълумотлар тарқатиш;
- Рақиб номзод тўғрисида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш орқали унинг обрўсини тушириш;
- Сайловчиларни ноқонуний йўллар билан оғдириб олиш. 
Хулоса қилиб айтганда, сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар қонунларда белгиланган талабларга қатъи риоя этган ҳолда бошқа сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар билан ҳалол рақобатга киришиши муҳим аҳамиятга эга. Ҳаққоний кураш сиёсий партияларнинг халқ, жамият ўртасидаги обрўсини янада оширишга, тарафдорлари сонининг кўпайишига хизмат қилади.

Акбар Жайнаров,
ФЖШМҚМИ Навоий ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси.

Кўрилганлар сони: 7432