Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Халқ оғзаки ижодининг кенг тарқалган жанрларидан бири —бахшичиликда ватанпарварлик ва қаҳрамонлик ҳамда адолат ва ҳақиқат каби эзгу фазилатлар тараннум этилади. Мамлакатимизда ана шу бебаҳо санъатни асрлар оша сайқаллаб, кўз қорачиғидек асраб келган бахшиларга юксак эҳтиром ва эъзоз кўрсатилмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрда қабул қилинган «Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қарори достончиликни ривожлантириш, унинг ноёб намуналарини асраб-авайлаш, ёш авлод қалбида унга ҳурмат ва эътибор туйғуларини кучайтириш билан бирга ушбу санъат турини жаҳон миқиёсида кенг тарғиб этишда янги босқични бошлаб берди.
Қарорда Термиз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг ўтказилиши қайд этилган. У бахши, оқин ва жировлар ижодининг Шарқ маданияти ва санъатидаги ўрнини янада оширишга муҳим ҳисса қўшади. Жорий йилнинг апрел ойида бўлиб ўтадиган мазкур байрамга вилоятимизда тайёргарлик кўрилмоқда.
Навоий шаҳридаги «Ширин» маданият саройида фестивалда иштирок этувчиларни саралаш учун вилоят танлови ўтказилди. Кечага шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган бахши, оқин ва жировлар томонидан беназир достонлардан парчалар ижро этилди.
— Ота-боболарим ҳам бахши бўлган, — дейди нуроталик иштирокчи Ш. Эгамов. — Уларга ҳавас қилиб, шу касбни танладим. Бир пайтлар халқ оғзаки ижоди қораланган эди. Давлатимиз мустақилликка эришгани эркин ижод қилишимиз учун кенг йўл очди. Меҳнатимиз қадр топгаётгани бизга илҳом бағишлаяпти. 5 нафар шогирдим бор. Уларга миллий қаҳрамонларимиз улуғланган достон ва термаларни куйлашни ўргатяпман.
Бахшичиликнинг аҳамиятли томони шундаки, бу санъатни сохталаштириб бўлмайди. Дўмбира уйғунлигида уни фақат жонли ижрода куйлаш мумкин. Ўзбек халқ достонларида ёт иллатлар оддий панд-насиҳат тарзида эмас, таъсирли воқеа-ҳодисалар орқали баён қилинади.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган фестивалда иштирок этиш учун Талъат Алтисбаев, Байис ва Байсин Жубановлар, Озода Тошонова, Фурқат Тошмуродов, Санжар Саъдуллаев ва Рўзимурод Орзиевларга йўлланма берилди.
— Юртимизда бахшиларга кўрсатилаётган эътибор ва рағбатдан кўнглимиз тоғдек кўтарилмоқда, — дейди зафарободлик ака-ука Жубановлар. — Бу бизни янада ғайрат ва шижоат билан ишлашга ундайди. Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари жировлар учун илҳом манбаидир.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Хуршида НАРЗИЕВА,
«Дўстлик байроғи» мухбири.

Кўрилганлар сони: 3955