Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Нурота каштачиликда ўз мактабига эга ҳудуд. Халқ амалий-безак санъати бўлмиш миллий қадриятларимизга эътибор, рағбат оширилган замонамизда у янада равнақ топмоқда.

 

         Мазкур санъат бугун улкан маънавий захирамиз сифатида  бойитилиб, авлоддан авлодга ўтиб келаётган минг-минглаб номоддий бойликларимиз қаторида қадим гўшанинг ўтмиши ва бугунги орзу истакларини  ифода этади.  

 

         - Нурота каштачилик мактаби, хом-ашёга дастлабки ишлов беришдан тортиб, якунида  тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнларни қамраб олиши билан ажралиб туради, - дейди Навоий вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи директори Мусаллам Ибрагимова. - Бунда ҳар бир намуна алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, маълум бир йўналишлар, яъни  турли нақшлар, новда, барг, гуллар сингари унсурлар бу ерда халқнинг орзу-ҳавас, турмуш тутумини ифода этган. Масалан, келин сепида қўлда тикилган кашта намуналарининг, албатта бўлиши анъанаси давом этмоқда. Шу билан келин ўз уйига чинакам “Боғи эрам” гўзаллигини олиб боради.

 

         Нурота каштачилигининг яна бир жиҳати ушбу санъат мазкур туманда қадим-қадимдан аёлларнинг бандлигини таъминлашдек ижтимоий аҳамият ҳам касб этиб, унинг сиру синоати бувидан набира, қайнонадан келинга ўтиб келган. Шунингдек каштачилик шунчаки уқув ва маҳоратгина эмас,  санъатгагина хос нафосат,  сабру қаноат мактаб ҳамдир. Мисол учун каштадўз ушбу гўзалликни  яратиш учун бир квадрат сантиметрдаги юзага 50дан 100 маротабагача игна санчади. Қадим санъат намуналарининг бебаҳолигининг сабабларидан бири ҳам шу.

 

         - Нурота каштачилиги ҳудуднинг сайёҳлик жозибадорлигини таъминловчи омиллардан бири, - дейди М. Ибрагимова. – АҚШ, Хитой, Франция, Япония ва яна бошқа ўнлаб мамлакатлардан келган сайёҳлар нуроталик чеварлар томонидан тайёрланган санъат асарлар қошида узоқ туриб, ўз ҳайрат ва таҳсинларини  изҳор этишади. Мисол учун, франциялик сайёҳ Доминико Биго Ўзбекистон ниҳоятда бой тарихга эга, маданий мерос қадрланган мамлакат экан. Биргина халқ амалий санъатининг ўзи минг-минг йиллик тараққиётни кўз ўнгингизда гавдалантиради, деб музейимиз ташриф китобига ёзиб кетди.

 

Чиндан ҳам санъат сайёҳликнинг оҳанрабоси. Шу боис яқинда Навоий вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи ташаббуси билан вилоят Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси ҳамда,   “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида “Нурота каштачилиги дунё нигоҳида” мавзусида кўргазма ва маданий тадбир ўтказилди.

 

         Мазкур кўргазмада вилоят музейи фондида сақланаётган музей экспонатлари билан бир қаторда уста каштадўзлар томонидан санъат асари даражасида тайёрланган  300 дан ортиқ кашта намуналари,  дилбар қизлар томонидан Нурота каштачилиги асосида зеб берилган миллий кийимлар намойиш этилди.

 

         Шунингдек, тадбирда нуроталик  уста-ҳунармандларнинг тоштарошлик йўналишидаги маҳсулотлари, фольклор санъатининг  қадим наволари намойиш этилди.  

 

         Кўргазмада ижодкорлар ва  ҳунармандлар ишларига юқори баҳо берилиб, Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Темур ЭШБОЕВ,

(“Халқ сўзи”).

Кўрилганлар сони: 2113