Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

2016 йил. Бундан уч йил аввал ҳар бир спортвевар, қўйингки, спортга катта даражада қизиқиши бўлмаган юртдошларимиз учун ҳам унутилмас воқеага бой йил. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ХХХИ ёзги Олимпиада ва ХВ Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчиларнинг тарихда мисли кўрилмаган ғалабаларга эришгани кексаю ёшга бирдек қувонч, фахр бағишлаганди.
Ўшанда ёзги Олимпиада ўйинларида спортчиларимиз академик эшкак эшиш, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WТФ), теннис, трамполин, ўқ отиш, эркин ва юнон-рум кураши каби спорт турлари бўйича мусобақаларда қатнашганди. Бутун дунё катта ҳаяжон ва завқ билан кузатиб борган ўйинларда вакилларимиз айниқса, боксда тенгсизлигини намоён этиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллагани, дунёнинг манаман деган давлатлари, Канада, АҚШни ҳам ортда қолдиргани қалбимизни чексиз фахр туйғусига тўлдирган. Бу ўзбекнинг ҳеч кимдан ҳеч қачон кам эмаслигининг исботи бўлганди. Ёзги Олимпиада ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар 4та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумий ҳисобда 206 та мамлакат ўртасида 21 ўринни қайд этишганди. Булар осонликча қўлга киритилмаган, албатта. Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, чекка ҳудудларда ҳам спорт мажмуалари қурилгани, малакали мураббийлар, улар маҳоратини ошириш бўйича олиб борилган ўқув-амалий машғулотлар… Бир сўз билан айтганда, заҳматли меҳнатнинг фахрланса арзигулик самараси эди бу.
Қувонарлиси, Рио Олимпиадасининг сўнгги куни вилоятдошимиз спортнинг эркин кураш тури бўйича халқаро турнирлар ва жаҳон чемпионати совриндори 65 килограмм вазн тоифасида Ихтиёр Наврўзов ҳам иштирок этганди. Унинг бронза медали учун мўғилистонлик рақиби Махдангаран Манзоригни мағлубиятга учратгани кўпчиликнинг ёдида. Чунки баллар ҳисобига олдинда бўлиб турган мўғулистонлик спортчи охирги дақиқаларда курашишни деярли тўхтатганди. И. Наврўзовнинг сўнгги онгача бўлса ҳам ғалаба умидида ортга чекинмагани унга Риодан бронза медал билан қайтиш бахтини ҳадя этганди.
ХВ ёзги Паралимпия ўйинлари спортчиларимиз учун янада муваффақиятли бўлганди. Унда 32 нафар спортчи 30 та медални қўлга киритиб, юртимиз номи дунё аренасида мағрур янграшига ҳисса қўшишди. Нуфузли мусобақада яна бир вакилимиз енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоа аъзоси Ҳусниддин Норбеков диск улоқтириш баҳсларида жаҳон рекорди эвазига олтин медал соҳиби бўлди. У дискни 59 метру 75 сантиметр масофага улоқтириб, жаҳон рекордини янгилади. Шу билан бирга ядро улоқтиришда учинчи ўринни забт этди.
— Олимпия ўйинларида иштирок этиб, ғолиб бўлиш ҳар бир спортчининг олий орзуси саналади, — дейди халқаро тоифадаги спорт устаси Ҳ. Норбеков. — «Кимёгар» ўйингоҳида мураббийим Игор Шишков билан мунтазам машғулот олиб борарканмиз, Бразилияда байроғимизни баланд кўтарсам деб ният қилардим. 2015 йил Қатарнинг Доха шаҳрида енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати бўлди. Унда диск улоқтиришда биринчи, ядро ирғитишда учинчи ўринни эгалладим. Бу менга Паралимпия ўйинларига бориш литсензиясини берганди. Кейин мусобақага кучли тайёргарлик кўрдик. Ўша пайтдаги ҳаяжон, ғалаба сурури кечагидек ёдимда турибди. Ватаним ишончини қозонганим — энг катта бахтим.
Ҳ. Норбеков доим янги орзулар билан яшайди. У Паралимпия ўйинлари ғолиблиги билан чекланиб қолмади. 2017 йилда Лондон шаҳрида диск улоқтириш бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллаган бўлса, 2018 йилнинг 8 16 октябр кунлари Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилган Паросиё ўйинларида олтин медал соҳиби бўлди. Ядро улоқтириш бўйича жаҳон рекордсмени айни кунларда «Кимёгар» ўйингоҳида тажрибали ва истеъдодли мураббийи Игор Шишков билан кейинги мусобақаларга ҳозирлик кўрмоқда.
— Ҳозир ҳам олдимизда катта мақсадлар турибди, — дейди Паралимпия ўйинлари ғолиби. — Жорий йил Дубайда ноябр ойида жаҳон чемпионати ўтказилади. Ғолиб бўлиш учун ҳар кун икки маҳал машғулотлар олиб боряпмиз. Мақсадим 2020 йил Японияда бўлиб ўтадиган навбатдаги Паралимпия ўйинларида қатнашиб, зафар қозониш. Бу йўлда бор куч-ғайратимни аямайман.
Юртимиз шарафини ҳимоя қилишни юксак мақсадига айлантирган спортчиларимизга омад, матонат ёр бўлсин, деймиз!

Зулфия БОБОЙЭВА,
«Дўстлик байроғи»
мухбири.

Кўрилганлар сони: 460