Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Учқудуқ туманида, аниқроғи, Марказий Қизилқумда — Мингбулоқ қишлоғидан30 километр узоқликда жойлашган Жарақудуқ дараси очиқ осмон остидаги ноёб палеонтологик музей ҳисобланади. Илмий фаразларга кўра, бу ерда тахминан 95 миллион йил аввал "Тошўрмон" юзага келган.

Дунёнинг айрим мамлакатлари­да ҳам худди шундай тарихий жой­лар мавжуд. Хусусан, Болга­риянинг Варна шаҳридан София шаҳригача 20 километр масо­фада жойлашган "Тошўрмон" ҳанузгача олимлар ва геологлар­нинг тадқиқот марказига айлан­ган. Тахминларга кўра, 50 мил­лион йил олдин денгиз бўлган жойларда сув тугаб, кварцли қумлар бирлашиб, мустаҳкам тош устунларни ҳосил қилган экан. АҚШнинг Аризона чўлларида ҳам бу каби мўъжизани учратиш мумкин.  

Мамлакатимизнинг 30 миллион гектар майдонини эгаллаб тур­ган Қизилқум саҳросидаги "Тош­ўрмон"да Ўзбекистон Респуб­ликаси Геология ва Минерология илмий тадқиқот институти мута­хассислари ва хорижий олимлар ҳамкорлигида экспедициялар уюштирилиб, чуқур текширув иш­лари олиб борилди. Жумла­дан, калифорниялик палеонтолог олим, профессор Жеймс Дэвид Арчибальд бошчилигидаги Ўзбе­кистон, Россия, Буюк Британия, Америка ва Канада давлатла­рининг халқаро экспедицияси бу ҳудудда тадқиқот ўтказди. 

Ўрганишлар натижасида Қизил­қум саҳроси ўрнида бундан юз миллион йил аввал Тетиз ден­гизи мавжуд бўлгани аниқланди. Шунингдек, бу ерга хос бўлган сувости олами, табиий бойлик­лари, ўрмон ва тўқайзорлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси тўғ­рисида кўплаб илмий асосларга эга манбалар топилди. Булар дина­заврлар, тимсоҳлар, балиқ­лар ва бошқа денгиз жониворла­ри, сувости маржонқоялари, со­ҳил­даги нина баргли ва мевали дарахтзорлар, саксовулзор ва тўқайзорларнинг тошга айланиб, бугунги кунгача сақланиб қолган ноёб намуналаридан иборат.

 Ушбу қимматли топилмалар бу ҳудуд табиати ҳақида тасаввурга эга бўлиш имконини беради. Энг муҳими, юртимизнинг юз мил­лион йил муқаддам мавжуд бўл­ган иқлими тарихи тўғрисида тўлиқ билимга эга бўлиш мумкин.

Табиат бойликларининг тошга айланиб қолиш сабабларини дунё олимлари турлича изоҳлаш­ган. Айрим манбаларда бу ҳолат Тетиз денгизи тубидан отилиб чиққан вулқон натижасида юз берган дейилса, яна бир гуруҳ тадқиқотчилар коинотдан ўзга жисм — метеорит денгизга келиб тушганлиги оқибатида содир бўлган портлаш ҳудуддаги та­биат­нинг бир қисмини тошга ай­лантириб қўйган, дея таъкид­лашади.

Жарақудуқ ҳудудидаги бу ноёб топилмалар тарихини ўрганиш, улар асосида илмий текшириш ўтказиш ҳамда тарғибот қилиш мақсадида "Тошўрмон"нинг ай­рим намуналари вилоят музейига келтирилиб, алоҳида экспози­цияга жойлаштирилган.

 

Кўрилганлар сони: 4910