Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Оқинлар, шоирлар, жировлар ижодини чуқур ўрганиш келажак авлоднинг бу йўналишга қизиқишини ошириб, маънавияти юксалишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис заминимизда яшаб ижод қилган бахшичилик санъатининг юксак намояндалари эл орасида ҳар доим улуғланиб, улар қолдирган нодир асарлар ҳозиргача ардоқлаб келинади.
Зарафшон воҳасининг вакили Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан — соз ва сўз сирларининг тенгсиз намояндаси, ўзбек халқи поэзияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган, ҳайратомуз қувваи ҳофиза ҳамда хотира қудратига эга бўлган достончи саналади. У 1874 йили Хатирчи туманида деҳқон оиласида туғилган. 9 ёшида ота-онасидан етим қолган Муҳаммадқул маҳаллий бойлар эшигида хизмат қилиб юрган. Ўша пайтларда нуроталик Жассоқ бахши билан танишади. Бахши ёш Муҳаммадқулни ўзи билан Нуротага олиб кетади. Йигит ундан куйлаш сирларини пухта ўрганиб, эринмай ёдлайди. 25 ёшида эса бахши сифатида мустақил куйлай бошлайди.
Пўлкан ўзидан адабий мерос қолдирди. У куйлаб келган достонлар, термалар мавзу ва жанр жиҳатидан бой бўлиб, ўзбек халқининг ўтмишдаги кураши, тарихи, ҳаёти, урф-одатлари, интилишлари, орзу-умидларини ифодалайди. Шунингдек, бахши 70 га яқин халқ достонларини ёддан билган. «Алпомиш», «Ёдгор», «Шайбони», «Қиронхон», «Eрназархон», «Кунтуғмиш», «Гўрўғлининг туғилиши ва болалиги», «Зайдиной», «Авазнинг уйланиши», «Темурхон подшо», «Eр ўғли» кабилар шулар жумласидандир.
Маълумки, барча ўзбек бахшилари «Алпомиш», «Рустамхон» туркум достонларини билади. Пўлканнинг талқинича, Алпомиш азиз авлиёларга ота-онанинг сиғиниши ҳамда оқ мияни эмиб, катта бўлганлиги туфайли сувда чўкмас, ўқ етмас, қилич чопмас баҳодир бўлиб етишади. «Гўрўғли» туркум достонларида эса мислсиз баҳодир, беқиёс қудратли, бағрикенг инсон, адолатли султон, меҳрибон ота, садоқатли ёр, метиндек иродали киши талқинини куйлайди. Ижодкор халқнинг буюк санъаткорлик истеъдодини намойиш этиб, маданий меросни кейинги авлодга етказишда самарали ижод қилган.
Пўлкан достонларида қишлоқда синфий кураш, ер-сув ислоҳоти, хотин-қизлар озодлиги каби даврнинг муҳим масалаларини бир-бирига боғлаб ифодалайди. Энг муҳими, бахши ўз ҳаётидаги бу вокеаларнинг жонли гувоҳи ва фаол иштирокчиси бўлган. Шунингдек, санъаткорнинг мардикорликка қарши норозиликларни тасвирловчи достонларида ҳам унинг ўз бошидан ўтказганлари ифодаланган.
Ижодкордан ўттизга яқин достон, ўнлаб шеър ва термалар ёзиб олинган. Унинг айтган достонлари ҳажм жиҳатдан тахминан икки юз муаллиф варағидан ортиқ. Ана шу анъанавий достон ва термалар, ўзи ижод этган асарлари шоирга абадий умрбоқийлик бахш этди.
1941 йил апрел ойида вафот этган бахши шоир авлодлари Умарқул Пўлкан, Амирқул Пўлкан, Саодат Пўлканова ва Мақсад Пўлкан каби инсонларнинг ижод маҳсуллари бугун халқимиз ардоғидадир.

Н. ҚЎЧҚОРОВА,
вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи ходими.

Кўрилганлар сони: 4125