Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча эзгу ишлар инсон манфаатларига хизмат қилади. Бу юртимиз бўйлаб давом этаётган улкан бунёдкорлик лойиҳаларида яққол намоён бўлаётир. Навоий шаҳридаги Амир Темур номли ва «Ғалаба» кўчалари кесишмасида, марказий деҳқон бозори рўпарасида пиёдалар учун осма кўприк қурилишига тамал тоши қўйилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими Қобул Турсунов, шаҳар ҳокими Муҳиддин Бозоров, шунингдек, вилоятдаги корхона ва ташкилотлар мутасаддилари, нуронийлар Навоий шаҳрининг кундан-кунга чирой очиб бораётгани, қурилаётган янги бино ва кўркам кўчалар нафақат навоийликлар, балки вилоятимизга ташриф буюрувчи меҳмонларга ҳам кўтаринкилик улашаётганини эътироф этишди. Вилоят ҳокими нутқида кўприкнинг қурилиши аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, уларга қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилаётган бўлиб, бу Ўзбекистондаги ягона лойиҳа ҳисобланишини алоҳида таъкидлади.
— Маълумки, айни шу чорраҳада марказий деҳқон бозорининг жойлашганлиги боис пиёдалар оқими кўп бўлади, — дейди вилоят автомобил йўллари ҳудудий бош бошқармаси бош муҳандиси В. Ўринов. — Улар учун ўтиш жойининг барпо этилиши лойиҳасининг қиймати 12 миллиард сўм бўлиб, кўприк узунлиги 325, баландлиги 5,5 метрни ташкил этади. Пиёдалар ўтиш жойида тўртта зина ва имконияти чекланганлар учун нишаб йўлка бўлади. Пиёдалар йўлаги эни 3 метр, велойўлак 1,5 метрдан иборат. Кўприк бир дақиқада 400 нафар пиёдага хизмат кўрсатади.
Иншоот қурилишини «Навоий кўприклардан фойдаланиш» давлат унитар корхонаси қурувчилари олиб боради. Кўприк тўртта устунга эга бўлиб, миллийлик ва замонавийликни уйғунлаштирган ҳолда дўппи шаклида қурилади. Бу вилоятимизга келадиган сайёҳларни жалб қилишда ҳам аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоиз, кўприк қурилиши бошлангани бутун навоийликлар учун қувончли хабар бўлди. Чунки, ҳайдовчилар ҳамда йўловчиларга қулайлик яратилади. Қолаверса, ёш болалар, кекса отахону онахонларнинг чорраҳадан ўтиши энди хавотир туғдирмайди.
— Кўприк қурилиши бошланганини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим, — дейди Ислом Каримов номли шоҳкўчада яшовчи пенционер Р. Давлатова. — Бозорга бориб келишда машиналарнинг серқатновлиги бироз ноқулайлик туғдирарди. Энди аҳоли учун шундай яхши қулайлик яратилмоқда. Бундан ҳаммамиз қувончдамиз.
Тадбирда қурилиш ишларининг хайрли бошланиши ва якун топишини тилаб, Қуръон тиловат қилинди.
Пиёдалар кўприги жорий йил Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилади. Бу эса улуғ байрамга муносиб туҳфа бўлади.

Зулфия БОБОЕВА,
«Дўстлик байроғи» мухбири.

Кўрилганлар сони: 3820