Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Кармана туманидаги «Пахтаобод» маҳалласида давлат хусусий-шерикчилик асосида «Навоийнинг мўъжизакор болалари» мактабгача таълим муассасаси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Янги боғчанинг очилиш маросимида туман ҳокими Ф. Умаров мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига катта эътибор қаратилаётганини алоҳида тилга олди. Хусусан, боланинг келажаги мактабгача таълим даргоҳида ўрганганларига боғлиқлигини таъкидлади.
Муассасанинг иш бошлаши пахтаободлик ота-оналар учун қувончли хабар бўлди. Лойиҳа қиймати 2 миллиард 750 миллион сўмга тенг боғча икки қаватли бинода жойлашган. Бу ерда болажонларнинг билим олиши, ўқиб-ўрганиши, спорт билан шуғулланиши учун барча шароит яратилган. Бино 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда бешта гуруҳда ўғил-қизлар тарбияланади.
— Муассасамизда болакайларнинг инглиз тилини пухта ва тез ўрганишига катта эътибор қаратишни режалаштирганмиз, — дейди боғча мудираси У. Шодиева. — Шунга кўра, тажрибали, билимдон мутахассисларни ишга жалб этдик. Бундан ташқари, болаларнинг рақс, мусиқа, спорт билан ошно бўлиши учун ҳам алоҳида хоналар мавжуд. Мақсадимиз — келажагимиз бўлган ёш авлоднинг ҳар тарафлама етук, комил инсон бўлишига ҳисса қўшиш.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий йил давомида туманда яна ўнта янги боғча қурилиб, фойдаланишга топширилади. Уларда 1945 нафар боланинг қамраб олиниши режалаштирилган. Умид қиламизки, моддий-техник базаси тўлиқлиги билан бирга машғулотлардаги сифатда ҳам илғор бўладиган бундай муассасаларда тарбияланган фарзандларимиз кун келиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук кадрлар бўлиб улғайишади.

Дўстлик байроғи муҳбири.

Кўрилганлар сони: 4888